Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№31 дан: 19.07.2012

САНЪАТКОР БИЛАН СУҲБАТ

"ШАРҚОНА ОДОБНИ САҚЛАБ ҚОЛИШИМИЗ КЕРАК"

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сайёра ҚОЗИЕВА миллий, фольклор ва замонавий эстрада йўналишида яратган бир-биридан гўзал қўшиқлари билан халқимиз юрагини забт эта олган санъаткорлардан бири. Аммо кейинги пайтда бир оз камнамо бўлиб қолган хонанданинг бугунги кунда нималар билан банд эканлиги бизни қизиқтириб қўйди. Қалбимиздаги бир қатор саволларимизга жавоб олиш мақсадида санъаткорнинг хонадонига ташриф буюрдик. Қўшиқчимиз билан қатор саволлар доирасида суҳбатлашдик.

- Ҳозир кўплаб қўшиқчиларнинг кинода роль ўйнаши урф бўлиб кетди. Сизни эса негадир фильмларда кўрмаймиз.

- Тўғриси, мени ҳам кинога таклиф қилишган. Бундан хурсанд бўлганман. Аммо бунинг учун катта миқдорда пул сўрашган. Лекин рози бўлмаганман. Мен ўзим пул тўлаб кинода роль ўйнашни хоҳламайман.

- Сир бўлмаса, қайси фильм ва қайси режиссёр эди?

- Келинг, шу маълумот сир бўлиб қолсин.

- Қандай пайтларда ўзингизни унутиб қўшиқ куйлайсиз?

- Мен кўпроқ ёлғиз қолишни хоҳлайман. Ёлғиз қолганимда ва сукунат пайтларида чуқур хаёлга чўмиб кетаман. Шундай пайтларда ўзимни унутиб ижод қиламан. Хаёлимга ажойиб ғоялар келади. Бундай пайтларда мени ҳеч ким безовта қилмаса, баракали ижод қиламан. Тўғри, ҳозир аввалгидек шижоат билан ижод қилмаяпман. Буни тан олишим керак. Балки, бунга ёшимнинг улғайиб бораётгани сабабдир? Балким, ўзимга ишончим камайгандир. Лекин ҳали ниятларим кўп.

- Кейинги пайтларда анча камнамо бўлиб кетдингиз. Балки, мухлисларингиз сизни кутган ва соғинганлигини унутгандирсиз?

- Йўқ, унутмадим. Бунинг сабаби иқтисодга бориб тақалади. Чунки менга ҳеч қачон, ҳеч ким ҳомийлик қилмаган. Ўзим тўйлар ва концертларга бориб топган пулимга қўшиқлар ёзганман. Ҳозир ҳам янги, замонавий қўшиқ устида ишлаяпман. Бугун илк бор сизларга бу сирни очмоқдаман. Албатта, фольклор қўшиқлар ҳам ўз йўлида. Бу сафар мухлисларимни замонавий эстрада йўналишида куйланган қўшиғим билан хушнуд этмоқчиман. Халқимиз ўз баҳосини беради. Бу сафар ҳам янги қиёфада томошабинларга кўриниш бермоқчиман. Лекин бу гал ҳам "Сайёра Қозиева пластик операция қилдирибди" деб ўйламасинлар. Чунки аввалги клипимдан кейин шунақа гаплар тарқалиб кетди. Аслида, бу гаплар нотўғри. Ҳозир шу қўшиққа клип олишга киришганмиз. Худо хоҳласа, уни сентябрь ойларида томошабинлар ҳукмига ҳавола этамиз.

- Ўшанда узоқ муддатли танаффусдан сўнг, умуман бошқа жуда ҳам ёш ва аввалгидан ҳам гўзал қиёфада намоён бўлдингиз. Миш-мишлар бежизга тарқалмагандир.

- Бирданига ўзгаришим кўпчиликда шундай фикрлар уйғотгани табиий. Аслида эса озиш учун парҳез сақлаганман. Ўшанда алоҳида стилистлар келиб мени ҳар томонлама ўзгартиришга ҳаракат қилишган. Анча озганим ва бошқача кўринишда намоён бўлганим, миш-мишларга сабаб бўлди. Бу гаплардан хафа бўлмадим. Аксинча, жуда хурсанд бўлдим. Чунки бу ҳам мен учун бир ютуқ.

- Санъаткорлар, айниқса, қўшиқчилар ҳақида халқ орасида ҳар хил гаплар юради. Балки, кейинги пайтларда бўлаётган воқеалар ҳам шу гапларнинг асосли эканлигини кўрсатиб бераётгандир? Сиз санъаткор сифатида буни қандай изоҳлайсиз?

- Биласизми, агар бирор санъаткор ҳақида хунук гап эшитиб қолсам, руҳиятимга ёмон таъсир қилади. Чунки мен ҳам санъаткорман. Тўғри, туҳмат балоси деган нарсалар ҳам бор. Аммо шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди-ку. Шунинг учун ҳам санъаткорлар, айниқса, аёл санъаткорлар қаерга боришларидан қатъи назар, юриш-туришлари, айтаётган гаплари, кийинишларига катта эътибор беришлари шарт. Чунки, биз халқимизнинг урф-одатларини сақлаб қолишимиз керак. Ўзбек аёлларининг бошқа миллат аёлларидан фарқи оиласига, эрига, фарзандларига қилаётган тамоман ўзгача муносабати ва ҳурматидир. Инсон шуҳрати ёки гўзаллигига ишониб ўзидан кетиб қолмаслиги керак. Буларнинг барчаси ўткинчи. Аёл санъаткорларга илтимосим - ҳеч қачон ўзлигингизни йўқотманг! Шуҳратдан сармаст бўлиб, нафс балосига, ҳиссиётларга берилиб кетманг. Булар эртага фарзандларимизнинг юзига доғ бўлиб тушиши, келажагига раҳна солиши муқаррар.

- Ўзбек эстрадасида кимни ўзингизга рақиб деб ҳисоблайсиз?

- Ҳамма рақиб. Рақобат бўлмаса, ўсиш ҳам бўлмайди. Шунинг учун ишлаш, интилиш ва ижод қилиш керак.

- Агар сизга ёшлигингиз қайтариб берилганида қандай яшардингиз?

- Бу саволни мен ўзимга жуда кўп бераман. Агар ҳозир ёшлигим қайтариб берилганида эди, бошқача ҳаёт кечирардим. Оила қилмасдан ўзимни фақат санъатга бағишлардим ёки гўзаллигимни анча йилларга сақлаб қолардим. Балки, умуман бошқа касбни танлармидим. Армонлар кўп. Уларни ўйлаб баъзан афсусланади одам. Мен ўтган ҳаётимдан афсусланмайман.

- Наҳотки, сизда ҳам армонлар бўлса?

- Бор. Ҳаётда армонсиз яшашнинг қизиғи йўқ. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг армони, афсуси бўлади. Ва бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Бу ҳаёт қонуни.

- Мухлисларингизга концерт бериш режаларингиз ҳам борми?

- Ҳа, албатта. 2008 йилда охирги концерт дастуримизни томошабинлар ҳукмига ҳавола этдик. Менимча, халқимиз яхши кутиб олишди. Тўғриси, ўзим ҳам концерт беришни жуда жуда хоҳлайман. Ниятим бор. Агар концерт берсам ҳам бу бошқача концерт бўлади. Чунки бугун концерт бериш ва томошабинлар эътиборини ўзига жалб этиш жуда қийин. Биз ҳам замон талабига жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

- Мухлисларингизга тилакларингиз?

- Мухлисларни бир умр менинг мухлисим бўлиб қолади, деб ўйлашнинг ўзи хато. Унинг диди юксак. Улар доимо яхши қўшиқлар эшитишни ҳоҳлайди. Ҳар бир санъаткор шунга тайёр туриши керак. Аввало, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлсин. Мухлислар бизни тинглашдан чарчамасинлар. Оилавий хотиржамлик, мустаҳкам соғлик ва қувонч уларни ҳеч қачон тарк этмасин. Дилимдаги барча эзгу ниятларимни бошқаларга ҳам тилаб қоламан.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди