ҚАТРА
ЎША ҚИЗГА
Ёшлик даври ажойиб давр. Унутилмас давр, беғубор давр...
Мурғак кўнглим билан яшардим. Севгига ишонардим. Соддалигим қурсин, Сизга кўнгил берибман. Сизни суюбман. Сиз-чи? Осмонларда учиб юрардингиз. Порлоқ юлдуз эдингиз, кўкдаги ой эдингиз мен учун. Сиз ҳақиқатда гўзал эдингиз, малика эдингиз. Етолмасдим, тутолмасдим. Сиздан бир оғиз сўз, оддий бир қараш кифоя эди менга...
Лекин Сиз мен томон ҳеч боқмадингиз. Ҳатто, назар солмадингиз, кўнглимни ҳеч-ҳеч сўрамадингиз. Тўғри... Сизга қуллуқ қилгувчилар, салом берувчилар қора сочларингиз толаларидан ҳам кўпроқ эди.
Дарвоқе, Сиз бадавлат хонадондан эдингиз ва бой хонадонга келин бўлдингиз. Балки, шунинг учун ҳам севгим тилло остонангизда мустар қолгандир?..
Кўчангиз бўйлаб тентираб юргандим ўшанда. Мен сағир қолган муҳаббатимга йиғлаганман ўшанда. Ўзим бир қишлоқнинг оддий боласи бўла туриб ҳам, Сизни кўп бор айблаганман ва кўп бор оқлаганман. Сўнгра... тақдирга тан берганман. Пешонамга ёзилгани шу экан, деб ўйлаганман.
Бу эса ўзга ёр билан, тақдир га тан бериб яшамоқдаман. Буни қаранг-ки, мен у билан бахтлиман, чинакамига бахтиёрман!
Айтмоқчи, тоғ-тоғ билан учрашмайди, лекин одам-одам билан учрашади, деганлари рост экан. Сизни учратиб қолдим, кўриб қолдим. Сиз ҳам... Бироқ Сиз мени кўрмаганга олиб ўтдингиз. Кўзларингизни олиб қочиб бўлса ҳам пинҳона боқдингиз. Шунда кўнглим бироз бўлса-да, таскин топди...
Ҳа, вақт ҳар нарсага даво дейишади. Эҳтимол, тўғридир, аммо менга - кўнглимга ҳали-ҳануз даво бўлолмади. Сизни суйиб етолмасам ҳам, Сизга куйиб етдим. Қизалоғимга Сизнинг исмингизни қўйиб олдим. Сиздан ёдгора қилиб олдим...
Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.
|