Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№40 дан: 21.09.2012

ҲИКОЯ

ҚИММАТГА ТУШГАН ЁЛҒОН

- Шундай қилиб, жаноблар, хонимлар! Бизнинг ҳиссадорлик корхонамиз ўз олдига қўйган режаларини бажара олмаяпти. Хўш, бунга ким айбдор? Таъминотчи хизмат сафаридан кўпинча қуруқ қайтади, хом ашё бўлмагандан кейин ишчилар нима қила оларди? Хом ашё топилса, қарзимизни тўлай олмаганимиз учун электр қувватини узиб қўйишади. Шундай қилиб, азизлар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг ҳам, даромаднинг ҳам тайини бўлмаяпти. Хўш, бунга ким айбдор?

...Бошлиқнинг маърузаси ҳали-бери тугамайдиган кўринади. Солижон диққинафас мажлисхонада пешона терларини артиб ўтиравериб, тоқатлари тоқ бўлди. Тердан кўйлаклари шалаббо бўлиб, баданига ёпишиб қолди. Бундан қутулиш йўлини қидирди. Ён дафтарчасидан бир варақ йиртиб, нималарнидир ёзди-да, тўрт буклаб президиумга қўлма-қўл қилиб бериб юборди. Қоғозни олиб унга кўз югуртирган бошлиқ "кетаверинг, рухсат", деган ишорани қилди. Солижон хонадан гўё қушдай учиб чиқиб, енгил нафас олиб, бошлиқни лақиллатганига мийиғида кулиб қўйди.

Эртасига бошлиқнинг ҳайдовчиси уч литрлик банкани Солижонга тутқазиб, "Пластмасса қопқоқни ўзингиз топиб қўяр экансиз, ичида букланган хат бор, ўқиб қўярсиз", деди. У шоша-пиша хатни ўқиди.

"Янги туққан сигирнинг седона солиб пиширилган ўғиз сути сервитамин бўлади, дейишади. Болаларга шундан бериб юборинг".

Солижоннинг товонидан ток ургандай зинғиллов миясига тепди. Ўғиз сутини қаердан топади энди? Бунинг устига седона солиб пиширилганини. Седона солмаган бўлса, тешиб чиқмас.

Солижон кечаги қилмишидан минг-минг пушаймон еса ҳам, ёлғончи бўлиб қолмаслик учун ўғиз сути қидиришга тушди. Маҳаллада сигири янги туққанларнинг уйига бир-бир бош суқиб чиқди. Ниҳоят, аммаваччасиникидан топди: седона солиб пиширилган ва музлаткичга қўйиб қўйилган экан. Дунё топгандай қувонди, қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.

Эртасига бошлиқ уни кўрганда: "Солижон" отангизга раҳмат, болалар бир мазза қилиб ичиб, еб олишди", деди.

Орадан икки кун ўтмай ўша шиша банка яна Солижоннинг қўлига тушди. "Янгамиз ҳамир қормоқчи экан, бир банка ёғли сут бериб юборар экансиз", деди хўжа-йиннинг ҳайдовчиси.

Солижонни ўй босди: "Ёғи олинмаган сутни ҳозир қаердан топаман?" Қўни-қўшниларда соғин сигир бор, лекин эрталаб кун чиқмасдан соғиб, сепаратордан ўтказиб бўлишди...

Солижон эски аравачали "Иж" мотоциклини тириллатиб, сут заводига борди. Завод мудири билан бир тўйда ёнма-ён ўтириб қолиб, мириқиб гаплашган эди. Мудир билан учрашиб, салом-аликдан сўнг муддаосини айтганди, мудир:

- Йў-ўқ, бу ердан бир грамм ҳам сут бериш мумкин эмас, - деди.

Солижон ерга қараб турди. Сўнг, ноумид бўлиб кетмоққа шай бўлиб турганди, мудир гапида давом этди: - Лекин бир ишингиз тушиб келибсиз, қуруқ қайтармаймиз. Ҳов, Мансурбой, акангизнинг банкасига ёғи олинмаганидан тўлдириб беринг...

Солижон оёғи олтита бўлиб, хўжайинникига югурди. Сут тўла банкани хўжайиннинг хотинига топшириб, ширингина "раҳмат" олди.

Иккинчи кун ўтгач, бошлиқнинг машинаси унинг ёнига келиб тўхтади. Яна ҳайдовчининг қўлида шиша банка ялтираб кўринди.

- Солижон ака, хўжайиннинг ўртанча қизи ангина бўлиб қолибди, томоғини сут буғига...

Солижон ичида қаттиқ сўкинди. "Ҳа, ўша ангина бўлган...". Лекин банкани олиб қолмасдан иложи йўқ эди... Шу-шу Солижон хўжайинга кўриниш бермай юрадиган бўлиб қолганди.

Бир куни ишхонага келиши билан рўпарасидан бошлиқ чиқиб қолди-да!

- Қобил! - деди ҳайдовчисига боқиб. - Банкани ола кел!

- Ҳой Қобил, овора бўлиб олиб келиб юрма банкани, - деди баланд овоз билан Солижон.

- Ие, нималар деяпсан, Солибой? - ажабланиб сўради бошлиқ.

- Ака, сигирни кечаги бозор сотиб юбордим. Боқиш қийин бўлиб қолди... - деди-да, бошидан дўпписини олиб, чангини қоққандай кафтига тапиллатиб урди.

- Сигир боқишдан қутулдик...

Бошлиқ афсуслангандай бўлди:

- Аттанг, чакки қилибсан, Солибой, ёғликкина сути бор эди-я!

...Кошки Солижоннинг сигири бўлса? Ўша кунги хатда: "Хотин отасиникига кетган. Уйда ҳеч ким қолмаган, сигиримиз бугун туғадиганди. Рухсат этсангиз...", деб ёзгани шунчалар қимматга тушишини билганида, ўша мажлисда терлаб-пишиб бўлса-да, ўтирмасмиди?..

Муқаддас АҲМЕДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди