Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№41 дан: 27.09.2012

БИР ЖИНОЯТ ТАРИХИ

ҚАБОҲАТ ИСКАНЖАСИ

Нодира ҳалигача уйга қайтмаган дадасининг келишини бетоқат кутиб, деразадан тез-тез ташқарига қараркан, юрагидаги қўрқув баданини титратарди. Аксига олиб онаси ҳам синглисини олиб, қариндошиникига тўйга кетган. Онаси уни дадасига ишониб уйга ташлаб кетган, лекин дадаси уни кимга ишонди экан-а. "Тавба, шу катталарга ҳам ҳайронсан, бунчалар ҳам бепарво бўлишмаса-я", шундай ўксик хаёллар билан укаси Аҳмаджонни бағрига босганича кўзига уйқу илинганини сезмади. Эрталаб қараса отасининг ўрни бўш. Дадаси ўша куни ҳам, эртасига ҳам, ундан кейин ҳам келмади... Бедарак кетди... Дадасини сўраб-суриштирмаган, изламаган жойлари қолмади. Охири ички ишлар ходимларига мурожаат қилишди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг тезкор қидируви натижасида отанинг дараги чиқди, бироқ бу фарзандлар, оила аъзолари учун кўнгилга таскин берадиган, ёруғ юз билан учрашадиган дийдор бўлмади.

***

Ўша куни қишнинг изғирини бўлишига қарамай тонг саҳарлаб ҳайвон бозорига борган Баҳодирнинг савдоси анча юришди. Шу боис эртароқ уйга боришни кўзлаб қўйди. Ҳа, тезроқ қайтиши керак. Бир тарафдан опаси Фариданикида тўй. Тўёнани аллақачон бериб қўйган, лекин хотини Сожида тўйга тайёргарлик кўраётганди. Иккинчи тарафдан эса... яна мўлжаллаган ишлари бор.

Бозордан қайтгач, хотини ва кичик қизи Сайёрани тўйга кузатиб, ўзи ўғли Аҳмаджон билан уйда қолди. Тўнғичи Нодира эса мактабда. Ҳали-замон келиши керак. Уни кутишга эса вақти йўқ. "Мўлжаллаган иши" га тезроқ бормаса бўлмайди.

-Аҳмаджон, менинг зарур ишларим бор,- деди Баҳодир чўнтагига бир даста пулни солар экан.- Кеч қолсам опанг билан бобонгникига ўтиб туринглар.

Оппоқ қорлар узра шахдам қадам босар экан, қалбини шу кунгача ҳеч илғамаган, тушуниб бўлмас туйғу қамраб олди.

- Яхши етиб келдингизми, эрталабдан бери йўлингизга интизорман, - эшикни очибоқ ноз- ишвани бошлаган Моҳира "меҳ- мон"ни уй ичига бошлади.

Аёлнинг ширин сўзларидан Баҳодирнинг баданига илиқлик югурди. У чўнтагидан янги минг сўмликдан беш пачкани чиқариб Моҳирага узатди.

-Мана, кеча сўраган пулингиз, - бу пуллар Моҳирага нима учун керак эканлиги уни қизиқтирмади.

Хушторининг қўлидан пулларни олиб, Моҳира ёнидаги тикув машинкасининг бир четига қўйди-ю дастурхон безашга уннаб кетди. "Меҳмон"ни кутиб олиш учун анчагина тайёргарлик кўргани стол усти ноз-неъматга тўлиб кетганидан маълум. "Меҳмон" ҳам қуруқ қўл билан келмаганди. Қўйнидан бир шиша коньякни чиқариб, дастурхонга қўйди. Коньякнинг ярмидан кўпини ичиб бўлгунига қадар буғи чиқиб турган иссиққина мастава ҳам келтирилди.

Моҳира ухлаётган қизидан хабар олиш учун нариги хонага чиқиб кетди. Қайтиб кирганида эса Баҳодир ўтирган тўшагига шундоқ ёнбошлаганча пишиллаб ухлаб ётарди.

Моҳира хушторининг ёнига чўккалаб ўтириб, юзига тикилиб қолди. Ўтган кунларини хотирлай кетди...

***

... 2006 йил, эри Россияга ишлаш учун кетган Моҳира болалари билан тинчгина ухлаб ётганди. Қишлоқчилик эмасми, ҳовлиси девор билан ўралмаган. Шунга ҳушёрликка ўрганган. Бирдан ётоғида аллақандай шарпа сезилгандай бўлди. Ўша куни... унинг номуси топталди. Ўша куни...дунёнинг сочларига оқ тушди. Ўша куни... еру осмон ларзага келди. Ўша куни бокира ҳисларга хиёнат ўрмалади... Ўша куни Баҳодир унга севги изҳор қилди. Моҳирага агар бировга "миқ" этса шармандасини чиқаришини айтиб, таҳдид қилди. Моҳира аросатда қолганди. Шу-шу Моҳира унинг домига илинди. Кечалари уйига бостириб кираверишидан безор бўлган аёл дардини на эрига, на яқинларига айтолмади. Эри Россиядан қайтиб келса Баҳодирнинг қораси ўчади. Кетиши билан яна қўшнисиникида кунда-шунда.

Моҳира шу орада 2008-2010 йиллари эри билан Россияга ҳам бориб келди. Зора, Баҳодирга инсоф кирса. Афсуски, у ўйлагандек бўлмади. Турмуш ўртоғи билиб қолса ёмон бўлишини айтиб Баҳодирга неча бор зорланди, йўқ бари бефойда. Баҳодир ҳеч нарсадан тап тортмасди. Пинхона урашувлар тез-тез такрорланавергач, кўчиб кетиб қутулиш ҳаракатига тушди. Қайнонасининг ҳайҳотдек ҳовлисида турмуш ўртоғи ва болалари билан тинчгина яшаб келаётган Моҳиранинг кўнгли алоҳида уй тусаб қолади. Шу мақсадда эрини минг бир баҳоналар билан онасининг Бўзда бўш турган квартирсига кўчиб кетишга аранг кўндирди. 2011 йилнинг декабридан бошлаб фар-зандлари билан янги уйда яшай бошлади, эри эса ўзларининг уйини таъмирлаб қолди. Кунда-кунора ё эри унинг ёнига ёки Моҳира эрининг ёнига бориб, хабарлашиб турадиган бўлишди. Шўрлик аёл бу каби аросат ҳаётдан ўксинар, пешонасидаги тавқи лаънатдан ичи ёнар, тунлари изтироблардан юрак бағри ўртанарди. Аслида тинчгина ҳаётини остин-устин қилган шу - Баҳодир. Унга нисбатан қалбида уйғонган нафрат оловини фақат қасос ўчириши мумкин эди, назарида...

Ана шу фурсат етиб келганди. Вақтни, имкониятни бой бермаслиги зарур эди. Ҳаммасини кечаси билан ўйлаб, пишитиб чиқди. Эрталаб уч боласини отасининг олдига жўнатди, ўзи кичиги билан қолди. Агар бари у ўйлагандек бўлса.. Ўзи эса... майли, буёғи тақдир.

***

Баҳодир овқатнинг таъмидан сезиб қолишига сал-сал қолди, лекин ширакайфлиги боис унчалик эътибор бермагандир. Нариги хонадан қайтиб чиққанида маставага ҳамда шарбатга қўшиб ичирилган уйқу дори таъсирида аллақачон донг қотиб ухлаб ётарди. Ундан олдин қизи Роҳилани ҳам ухлатиб қўйиш учун ўша уйқу доридан берганди.

Аёл киши қасд олишга астойдил чоғланса, ҳеч бир куч уни тўхтатолмайди. Аёл бу билан жиноят қилаётгани, ахийри сир фош бўлиши ва жавобгарликка тортилишидан кўра тезроқ ўз мақсадига етиш ҳақида ўйлади. Шу боис юракдаги ваҳимани сал аритган аёл хушторини тўшак устига юзтубан ётқизиб, юрак соҳасига уриш учун унинг орқа томонидан чап курагига олдиндан тайёрлаб қўйган ўткир пичоқни санчди. Қаҳр билан санчилган тиғнинг бутун темир қисми Баҳодирнинг баданига кириб кетди. Шу пайт уйқу аралаш жон талашиб, ётган жойида иккала қўли тенг кўтарилиб ҳаракатга келганида Моҳира тиззалари билан уни маҳкам босиб қимирлашига имкон бермади. Б. Содиқов бир-икки хириллади-ю, жон таслим қилди. Кейин М.Муродова жасадни ва жиноят изларини йўқ қилди.

Лекин қабоҳатнинг умри қисқа. Бугун бўлмаса эртага фош бўлиши муқаррар. Моҳира ҳам қонундан қочиб қутулолмади. Тергов ва суд унинг разилликларини етарлича далил-ашёлар билан исботлаб берди.

***

Умр инсонга бир марта бериладиган буюк ва бебаҳо неъмат. Унда қандай яшаб ўтиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Кўпчилик эзгу амаллари билан ортидан ёрқин из, яхши ном қолдиради. Баъзи бировлар эса ҳаётининг мазмунини ҳавойи нафс йўлида саробга айлантиради. Баҳодир ҳам ўзининг рисоладагидай аёли туриб, бошқа боғнинг гулига чанг солди, нафс балосидан ўзини тиймади. Оқибати юқорида баён этилгандек, умри бевақт хазон бўлди. Ҳа, муқаддас динимизда зино катта гуноҳ саналади. Устига устак қўшнининг аёли билан зино қилган эркакнинг икки дунёси куяжаги айтилган. Баҳодирнинг бу дунёги аянчли қисмати бунга далил. Эндигина ўттиз икки ёшга қадам қўйган навжувон Моҳира Муродова эса бугун умрининг энг гуллаган даврларини қамоқда ўтказишга маҳкум.

Мақола қаҳрамонларининг исм-фамилиясини бежиз ўзгартирмадик. Зеро, ҳеч бир фарзанд онаси ёки отаси туфайли боши эгик, кўнгли ўксик бўлмасин. Наслу насаби тоза, ориятли деган таъриф билан эътироф этилиш инсон учун катта бахт.

Умидахон ИМОМОВА,

Жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судьяси.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА, "Иқбол" мухбири.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди