Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№42 дан: 04.10.2012

САНЪАТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ

ҲАЁТДА ЖИДДИЙ БЎЛИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛАМАН

Бугунги кунда шиддат билан ижод қилаётган санъаткорларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилмоқда. Шулардан бири "Акфа медиа" продюссерлик марказининг ёш, истеъдодли хонандаларидан бири Феруза Маҳмудова, яъни Руҳшонадир. Тинимсиз изланишлари ва сермаҳсул ижоди орқали томошабинлар кўнглидан жой топиб улгурган ёш хонанда билан суҳбатлашиш асносида, сизу бизни қизиқтирган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

- Нима учун тахаллус билан ижод қиласиз? Исмингиз ўзингизга ёқмайдими?

- Нега ёқмас экан, ёқади. Тўғрисини айтсам, Руҳшона бу тахаллус эмас, у ҳам менинг исмим. Менинг иккита исмим бор. Биринчиси Руҳшона, иккинчиси эса Феруза. Мени яқинларим ҳар доим Рушана деб чақиришарди. Ўзим ҳам шу исмга ўрганиб кетганман. Айнан Руҳшона бўлиб ижод фаолиятимни бошладим ва халққа танилдим. Бу исм ҳаётимда кўп нарсани ўзгартириб юборди.

- Сиз кимгадир тақлид қиласизми, умуман, тақлид ҳақида фикрингиз?

- Тақлид қилишга қизиқмайман, лекин ҳақиқий инсонга, санъаткорга ҳавас қиламан. Шахсан мен Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг ижодини ҳурмат қиламан. Насиба опа жуда ҳам самимий, камтар инсон. Уни мен нафақат устоз санъаткор, шу билан бирга, инсон сифатида ҳам жуда қадрлайман. Ҳар доим унга ўхшагим келган ва ўзим ҳам шунга ҳаракат қилганман. Самимий, кўнгли очиқ, меҳрибон, оқилалик хислатлари менга ёқади. Бу менимча, тақлид бўлмаса керак. Тақлид ва ҳавас умуман, бошқа-бошқа нарса деб ҳисоблайман. Мен тақлид қилишга қизиқмайман.

- Сизни бир қарасак - бошловчи, бир қарасак - қўшиқчи, яна бир қарасак - актриса қиёфасида кўрамиз. Сизнингча, уларининг қайси бири қийинроқ?

- Ҳар бир ишнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Кинода роль ўйнаш ҳам, бошловчилик қилиш ҳам, қўшиқ куйлаш ҳам ғоят мураккаб. Буларнинг барчаси "санъат" деган соҳанинг маълум йўналишлари. Менинг назаримда бугунги кун санъаткорлари серқирра бўлишлари шарт. Бу замон талаби. Санъаткорнинг ижодий салоҳияти ва ижодий имкониятлари қанчалар кўп бўлса, унда машаққатлар озроқ бўлади. Булар ширин ташвиш, ширин мушаққатлар.

- Телевидение экранидаги Руҳшона билан ҳаётдаги Руҳшона орасида қандай фарқ бор?

- Ҳаётда анча жиддийман. Баъзида қувноқ кўринсам-да, лекин жиддий қизман. Кадрдаги Руҳшона эса унинг тамоман акси. Асосан қувноқ, баъзан жиддий. Мен кўпроқ жиддий бўлишга ҳаракат қиламан. Чунки аёл киши, қизлар кўпроқ кулиб қўйишса ҳам дарҳол бошқача тушунадиган инсонлар талайгина. Оилада ҳам менга худди шундай тарбия беришган. Отам ҳам жуда қаттиққўл бўлганлар. Шунинг учун ҳаётда жиддий бўлишга интиламан. Буни эса кўпчилик бошқача тушунишади. Баъзан мен билан суҳбатлашган кишилар мулоқотдан кейин "ҳаётда бошқача экансиз", деб қолишади.

- Ўн йилдан кейин ўзингизни қандай тасаввур қиласиз?

- Ўн йилдан кейин ўзимни оилали, рисоладагидек бека ва меҳрибон она сифатида тасаввур қиламан. Шундай бўлишини чин дилимдан хоҳлайман ҳам.

- Ошхонада қандай овқатларни тайёрлай оласиз?

- Ошхонадами? Ошхонада овқатларни зўр пишираман, деб айта олмайман. Миллий таомларга қараганда Европа таомларини пиширишга қизиқаман ва уларни яхши тайёрлашга уринаман. Ҳатто, овқат пишираётганимда илҳомим келиб, фантазиям билан уларни ўзгартириб, янгиликлар яратиб ташлайман.

- Бир ҳафтада неча марта овқат тайёрлаш учун ошхонага кирасиз?

- Энди бу бир оз қийинроқ масала. Кўпинча якшанба кунлари, дам олган пайтларимда онам иккимиз овқат тайёрлаймиз. Шунингдек, уйимизга меҳмонлар келса ҳам онам билан биргаликда таомлар пиширамиз.

- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

- Одатда, бўш вақтимни ота-онам билан ўтказишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, рус тилида шеърлар ёзаман. Ҳозир ҳам шу тилда ҳикоялар ёзяпман. Рақсга тушаман, расмлар чизиб тураман.

- Демак, яқин йиллар ичида Руҳшонанинг китоблари ҳам чоп этилиши мумкин эканда-а?

- Худо хоҳласа, шундай бўлиши ҳам мумкин. Мен ҳам буни жуда-жуда истайман.

- Ҳали ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотмаган, ёш қизсиз. Шу ёшда қиз бола учун санъаткор бўлиш қийин эмасми?

- Албатта, қийин. Санъаткор бўлиш қиз бола учун мушкулроқ. Чунки, тундан кўп нарса талаб этилади. Шулардан энг оддийси, кийиниш, пардоз-андоз ва юриш-туриш маданиятига доимий эътибор. Булар энг оддийлари. Санъаткор қизларнинг олдида бундан-да мураккаб вазифалар жуда кўп.

- Санъатнинг ташвишларига чидашга, тинимсиз ижод қилишга қаердан куч оласиз?

- Менга онам болалигимдан "Олдингга бирор мақсад қўйдинг-ми, уни охиригача етказ. Унга эришмагунингча ҳаракат қилиш ва курашишдан тўхтама", деб ўргатган. Шунинг учун ҳам мен бошлаган ишимни охирига етказмагунимча, тинчимайман. Бир дақиқа ҳам тиним билмайман. Ҳаловатимни, тинчимни йўқотаман. Бу жиҳат менинг энг катта ютуғим, деб биламан. Бундан ташқари, онам менга суянч ва маслаҳатгўйдир: Баъзан бирор нимадан кўнглим синиб, руҳим чўкиб, қўлимни силтаб қўймоқчи бўлсам, улар: "Нега энди ташлаб қўйишинг керак? Ахир сен ҳаммасини уддалай оласан-ку. Бўшашма, сен, албатта, мақсадингга етасан", деб юпатиб, йўл-йўриқлар кўрсатади. Шунингдек, мен билан бирга ишлаётган ҳамкорларим ҳам доимий равишда менга руҳан мадад бериб туришади.

Феруза ИҚБОЛ қизи

суҳбатлашди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди