Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№42 дан: 04.10.2012

ҲИКОЯ

СОВЧИ

Латофат меҳмонларни пастгача кузатиб тушди. Сутдай оппоқ машинанинг эшигидан ичкарига бошини суқиб, қайта-қайта хайр-хушлашди-да, машина ортидан карахт қараб қолди. Тубсиз ботқоқлик уни ўз қаърига тортиб кетаётгандай оёқлари оғирлашиб, оҳиста иккинчи қаватга кўтарилди. Уйига кирасолиб, ҳозиргина "қовун туширган" ўғилчасини кўриб, жаҳли ўт олди. "Оёғимнинг тагида ўралашаверма", деб Рустамжонга ўшқирди. Меҳмонларга чой-пой ташиб қарашиб турган Лолани ўдағайлади.

- Минг марта айтаман сенга, "укангга ҳушёр бўл, меҳмонларнинг олдига киритма", деб, мана, боплади!

Қизалоғи ҳам, ўғилчаси ҳам ҳалигина гул-гул очилиб, сўзидан бол томиб турган аяларининг бирдан ўзгариб кетган авзойига қараб ҳанг-манг бўлиб қолишди.

Меҳмоннинг бояги сўзи Латофатнинг бошига ҳамон болғадай уриларди. У сўз зарбидан гандираклаганича ичкари хонага кириб, ўриндиққа ўзини ташлади.

- Ҳар қалай яхши бўлмади, - шивирлади у ўз-ўзига.

Совчи... Ўн етти йил ўз бағрида ардоқлаб ўстираётган дилпорасига биринчи совчи келди. Бу кунни у оналарга хос ички бир энтикиш билан, илинж, ҳавас, ташвиш билан кутарди. Қиз болага совчи келиши ўша ҳовлининг, ўша оиланинг шаъни! "Қиз бола кўприк, ундан шоҳ ҳам ўтади, гадо ҳам", дерди Латофатнинг онаси, у бўйи етган чоғларда. У қўлига диплом олиб, иш бошлаган йили куёвга чиқди. Элёрбек яхши йигит. Тотув яшаяпти.

Мана, бугун онасининг куни ўзига тушиб турибди. Бундай орзу-ҳаваснинг ўзига хос ташвиши ҳам бўларкан. Унинг қулоғи остида бояги сўз жаранглаб, сесканиб тушди: "Саксон қути шоколадни қурт босиб ётибди".

Бу сўз кесатиғми, ёки Латофатнинг "қурумсоққа" чиқарилганими? Бўлар иш бўлди.

...Бундан ўн йил илгари Маҳмуд ака деса Элёрнинг оғзидан бол томарди. Мард одам, асл одам. Шу мард одам Элёрнинг қўли остида ишларди. Элёр ҳар икки гапнинг бирида Маҳмуд ака олдида ўзини қарздор ҳисобларди. Бу қанақа қарз, унинг асллиги, мардлиги нимада эканлигини улар қиз узатганда анча-мунча билгандай бўлди. Қизининг тўйида аёл-у эркак енг шимариб хизматда: Маҳмуд акажон... Нозима опажон...

Буни кўриб, Латофат Маҳмуд аканинг эл таниганига, шинавандалигига йўйди. Нозима опанинг ўктамлигини айтинг. Шундан кейин Элёр бошқа ишга ўтиб, борди-келдилари узилди. Латофатнинг хаёлида шундай гўзал таассурот қолдирган оила бугун унинг қизини орзулабди. Бироқ, Латофатнинг ҳали қиз узатиш ўйи йўқ. Лекин булар...

- Ая, битта хола, битта ака келдилар...

Латофат қай кўз билан кўрсинки, Нозима опа!

- Келинглар, келинглар, қандай шамол учирди?..

Катта ўғли Солижон билан бошлашиб келган Нозима опани қувона-қувона уй ичига бошларкан, Латофат меҳмоннинг қўлидаги катта дастурхонга безовталаниб қаради. Ҳижолат чекиб:

- Мунча катта дастурхон кўтариб юрибсизлар. Дийдор кўришганимизга нима етсин, опа, - дея дастурхонни қизчасига узатди.

Нозима опа аллақандай кулимсираб қўйди. Латофат елиб-югуриб, дастурхон ёзди. "Катта" одамларга дастурхон ёзиш ҳам осонмаслигини эслаб, борини тўкди. Мева-чева, юмшоқ оби нон, асал, писта, бодом дегандай... Болаларидан яшириб қўйган бир қутича шоколад ҳам ёдига тушди. Ҳар қалай бу "нозик" меҳмонларга насиб бўлганидан ичида қувониб, Нозима опанинг олдига келтириб қўйди.

Нозима опа у ёқ-бу ёққа разм солиб, кўнгли тўлгандай ўтирди.

Шу ўтиришда Нозима опа катта келинларидан кўнгли тўлмаслигини гапирди:

- Бир яхшига бир ёмон деб, шунга айтади-да, - деб юзини буриштирди. - Етим қиз эгилган бўлар, деб олсам, осмонда! Катта келиндан куйганимиз етмай, буниси ҳам нобоп чиқди. Синамаганнинг сиртидан ўтманг экан...

Латофат эса унинг муддаосидан бехабар ҳамдард-лик билдириб ўтирди.

Бир пайт беш ёшли ўғилчаси меҳмонлар ташрифидан қувониб, уларга осила бошлади. Латофатнинг "ҳай-ҳай"лашига қарамай, ундан-бундан тотинаркан:

- Ая, шоколадимиз қирқталигича турибди. Ҳеч ким тегмабди, - деса бўладими?

Меҳмонлар кулиб юборишди. Латофат изза тортди.

- Қани, чиқинг-чи, бунақа гапларни гапирмайди... - деб унинг қўлига шоколаддан бирини тутқазди-да, етаклаб чиқиб кетди.

Ниҳоят, меҳмонлар кетишга рухсат сўрашди. Латофат уларни кузатаётиб бир нима ёдига тушгандай ичкарига кириб чиқаркан, қўлида қутичали шоколадни олиб чиқди:

- Ҳеч йўқ буни олинг, невараларга... - деганини билади, она-бола меҳмонлар бир-бирига илжайиб қарашди, сўнг Нозима опа силтаб ташлади:

- Э, қўйинг! Бунақа шоколаддан уйимизда саксонтасини қурт босиб ётибди. Москвадан олиб келинган.

Латофат қутичани серрайганича қизига узатди. Меҳмонларни қандай кузатди билмадиям.

Кечроқ эри келди.

Латофат:

- Меҳмонлар - совчилар келишди, - деди хомуш мўлтираб. Кейин бўлган воқеани сўзлаб берди.

- Хоним, гап шоколаддамас, гап бошқа ёқда, - деди Элёр. - Менинг "кандидатурам" ўтмаганини ҳалиги бошлашиб келган ҳайдовчи йигитдан эшитишган. Аввал "янги ишга ўтармиш" деган "миш-миш" шамолига учиб келишган экан улар. Яхши ҳам бўпти, у бойваччаларга тенглашиб бўлармиди?

- Маҳмуд ака сизнинг қўл остингизда ишлар эди-ку.

- Ҳа, у "катта" бўлиб кетган, - деди Элёр кулимсираб.

"Демак, саксон қути шоколад рост эканда", ўйлади Латофат. Унинг устидан роса кулишибди-да, у бўлса, амалдорнинг хотини бўла туриб, бир қути шоколади борлигига қувониб юрибди...

Малика МИРЗО.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди