Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№45 дан: 25.10.2012

САНЪАТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ

Гули АСАЛХЎЖАЕВА:

"САНЪАТКОРДА ИЖОД ДАРДИ БЎЛСИН"

Истеъдодли ва хушовоз хонанда Гули АСАЛХЎЖАЕВАни юртимизда танимаган инсон топилмаса керак. Кундан кунга турли мавзуларда яратаётган ўзига хос ва гўзал қўшиқлари ила халқимиз кўнглидан тобора чуқурроқ жой ола бораётган санъаткор билан суҳбатлашиб, хонанданинг аёл, она, бека ва санъаткор сифатидаги ҳаётий қарашлари, фикрлари билан ўртоқлашдик. Суҳбатни Сизнинг эътиборингизга тақдим этамиз.

- Аёл кишининг оиладаги, жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?

- Мен аёлларнинг оилада ва жамиятда, умуман ҳаётдаги ўрнини юқори баҳолайман. Чунки аёллар ҳар доим ва ҳар ерда ўз ўрнига эга. Агар дунёда аёл зоти бўлмаса, ҳаётнинг қизиғи ҳам, мазмуни ҳам бўлмайди. Ҳаётимизга разм солайлик, болаларимиз кўчадан кирибоқ биринчи бўлиб онасини сўрайди. Эркакларимиз ҳам, дарвозадан аёлини сўраб ёки чақириб киради. Демак, улар нафақат оилада, балки ҳаётда ҳам беқиёс ўрнига, қадрига эга зот саналади. "Оилада эр подшо, аёл вазир", деган гап жуда ҳам тўғри топиб айтилган. Дарҳақиқат, агар аёл тадбиркор ва оқила бўлса, унинг оиласи тинч ва осуда бўлади. Уларнинг суянчи эркаклар ҳам аёлнинг ақлу камолотидан руҳланади ва шунга кўра оилада сиёсат олиб боради. Демак, оилани эркак қандай бошқариши ҳам бевосита аёлга боғлиқдир.

Фарзанд тарбияси дунёдаги энг масъулиятли, шарафли ва машаққатли иш ҳисобланади. Ана шундай юмуш айнан аёллар зиммасига ишонч билан юклатилган, шу боис ҳам тарбиячи сифатида аёллар ҳар томонлама билимдон ва оқила бўлмоғи керак. Бугун аёлларимиз ҳар бир соҳада ўзларини намоён этмоқдалар. Спорт, санъат, фан, адабиёт, таълим, тиббиёт… санайверсак, саноғи тугамайди. Дунёга юртимиз номини танитаётган, миллатимизнинг миллий анъаналарини тарғиб этаётган, халқимизнинг ўзига хос урф-одатларини оламга кенг намоён этаётган фаол ва фидойи аёлларимиз ҳозирда жуда кўп. Қувонарлиси шундаки, улар оилада бекалик, фарзанд тарбияси сингари юмушларни бекаму кўст адо этиб, жамиятимиз ижтимоий ҳаётида ҳам улкан муваффақиятларга эришмоқдалар. Яратган аёлларга ҳаё, ибо, назокат билан бирга куч-қудрат, садоқат, сабру қаноат, мақсади йўлида улкан матонат хислатларини инъом этган. Шу боис, опа-сингилларимиз аёл, она шаънини юксакларга кўтарган ҳолда ватанимиз шуҳратини дунёга танитувчи буюк ишларга қодирдир.

- Аёлнинг оиладаги маъсулияти ҳақида гапирдингиз, ўзингиз аёл масъулиятини қай даражада уддалаяпсиз?

- Мен оилада зиммамдаги масъулиятларни иложи борича уддалашга ҳаракат қиламан. Назаримда, мен учун оила кўчадагидан ҳам кўра кўпроқ масъулият ва куч талаб этади. Тўғри, санъаткор бўлганим учун доим ҳам уй ишларига улгуришим қийин кечади. Шундай пайтларда яқинларимнинг кўмагидан фойдаланаман. Аммо бўш вақтимни албатта, оилам ва фарзандларим билан ўтказишга ҳаракат қиламан. Мен санъатни севаман. Лекин унга бўлган муҳаббатим, оиламга бўлган севгимдан асло устун эмас. Шунинг учун ҳам оиламдаги кир ювиш, уй тозалаш, овқат тайёрлаш сингари бекалик ишларини кўпроқ ўзим бажаришга ҳаракат қиламан ва бундан ҳузурланаман.

- Сиз санъаткорлар оиласида улғайгансиз. Шундай бўлса-да, санъаткор бўлиб яшаш осон бўлмаса керак?

- Санъткор бўлиб яшаш, санъатнинг нонини ейиш осон эмас. Мен бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Масалан, отам ва опам санъаткор бўлганлар. Ёшлигимдан санъатнинг машаққатлари ҳақида кўп эшитганман, аммо унча ҳис қилавермасдим. Бироқ ёшим улғайиб, ўзим санъатга кириб келгач, унинг қанчалар мушкул эканлигини англаб етдим. Илк бор келажакда санъаткор бўлиш орзуимдан хабар топган отам менга қаршилик қилганлар. Ўша пайтларда хафа бўлгандим. Бироқ ҳозир отамнинг қаршиликларининг сабабларини тушуниб етмоқдаман. Ҳақиқатан ҳам, аёл киши учун санъаткор бўлиб яшаш анча қийин экан. Тўғри, ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Шу жумладан, санъатнинг ҳам. Санъат бу шунчаки қизиқиш, элга танилиш ёки орзу-ҳавас эмас. Санъаткор бўлиш, халқнинг кўнглидан жой олиш учун тинимсиз меҳнат, интилиш, сабр-тоқат ва катта куч керак. Ҳар хил гап сўзлар, ҳар хил кўнгилсизликлар бўлади. Уларга чидаш керак. Битта қўшиқ яратишнинг ўзи машаққат бўлса, у билан бирга халқ кўнглидан жой олиш яна ҳам қийиндир.

- Санъаткорни санъат оламида азоб чекиб, куйиб-ёниб яшашига нима мажбур қилади?

- Кўнгил, санъатга бўлган муҳаббат, иштиёқ мажбур этади. Кўнгил майли, юрак дарди бу. Агар ижодкор ижод қилмаса, унинг юрган-тургани татимайди. Худди бир нимасини йўқотиб қўйгандай бўлади. У хоҳ раққоса бўлсин, хоҳ қўшиқчи, хоҳ бошқа ижод тури билан шуғулланувчи инсон. У фақатгина шу ижоди билан тирик. Усиз ҳаётнинг маъноси йўқ. Ижодсиз умри фақат оқ-қора ранглардан иборатдек бўлиб қолади. Ижоднинг машаққатлари, уйқусиз тунлар, тинимсиз меҳнатлар, ҳар томондан отилган тошлар, турли-туман рост-ёлғонлари бўлади. Бу қийноқларнинг барчаси ижодкорга ёқади. Ижодкор мана шу қийноқлар, мана шу азоблар билан ҳаётидан маъно, ҳузур топади. Чунки ижодкор ижод вақтида ҳамма-ҳамма нарсаларни унутади. Фақат ўзи ва руҳи билан яшайди. Сўз билан ифодалаб бўлмайди. Буни тушунтириб бера олмайман. Ажиб, мўъжизакор, гўзал бир диёрда яшайди. Руҳий, хаёлий тўлғоқлар билан каттами кичикми асарини дунёга келтиради. Бу роҳат - азоб. Мен мана шу санъатим, ижодим бор экан тирикман ва тириклигимни ҳис этаман. Агар, Худо кўрсатмасин, мендан шу бойлигимни тортиб олиб қўйсалар, қолган умримнинг қандай ўтишини тасаввур ҳам қила олмайман. Ижоди санъатдан узилган санъаткор сувсиз, қуриб қолган гулга ўхшайди. "Санъат қурбонлик талаб этади", деганлари ҳақ гап. Чунки санъат бу хобби ёки қизиқиш эмас. Санъат бу фидойиликдир. Санъат бу муҳаббатдир. Санъат бу кўнгилларга қувонч улашувчи дарддир. Нафақат санъат, балки барча соҳаларда ҳам муҳаббат бўлиши керак. Агар инсон ўз соҳасини, ўз касбини севмаса, у ўз ишининг устаси бўла олмайди. Ишонасизми, даврада мени олқишлаётган, ўз меҳрини, муҳаббатини изҳор этаётган, менга термулиб турган минглаб мухлисларни кўраман-у жонимни азоблаётган оғриқларни ҳам унутаман.

- Шундай элга манзур асарлар борки, уларнинг муваффақиятлари асосини ё дард, ё қувонч ва ёки муҳаббат ташкил этади. Сизнинг муваффақиятли чиққан қўшиқларингизнинг асосида нима ётади?

- Санъаткорда, аввало, дард бўлиши керак. Бу дард ўз дарди эмас. Балки мингларнинг, миллионлаб инсонларнинг дарди бўлмоғи лозим. Баъзан менга қайсидир қўшиғимни мисол қилиб, "Шу ўз ҳаётингиздан олинганми", деб сўраб қолишади. Аслида, бу менинг эмас, халқнинг ёки шу жамиятда яшаётган қайсидир инсоннинг дарди. Чунки қўшиқ таъсирчан ва ишонарли чиқсагина элга манзур. Мен ҳар бир қўшиқни юракдан ҳис қилиб ижро этишга ҳаракат қиламан.

- Қўшиқ танлашда асосан нималарга эътибор қаратасиз?

- Энг аввало, шеърга. Ҳар доим шеърнинг маъноси ва таъсирчанлигига алоҳида эътибор қаратаман. Агар у менга ёқса, кейингина маъноси ва мазмунига мос оҳанглар топишга ҳаракат қиламиз.

- Ўзингиз ҳам шеърлар ёзиб турасизми?

- Йўқ. Шеър ёзмайман. Аммо менга тавсия этилаётган шеърларнинг бирор жумласи ёки қаторини ўзгартириш керак бўлса, керакли фикрларни билдираман. Баъзан ўзим ҳам унча-мунча тузатишлар киритаман, янги фикрлар билан бойитаман.

- Мухлисларга тилакларингиз.

- Бизнинг бахтимизга мухлисларимиз соғ ва омон бўлсинлар. Агар улар бўлмаса, қўшиқларимизни ким тинглайди? Биз ким учун ижод қиламиз?

Ватанимиз гуллаб-яшнасин. Ҳар доим юртимизда байрамлар бўлсин! Биз санъаткорларга халқимизнинг яхши кунларида хизмат қилиш насиб этсин.

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ қизи


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди