Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№45 дан: 25.10.2012

ҲАЁТ - ИБРАТ МАКТАБИ

ЯХШИЛИК ҚИЛИШ-УЛУҒ ФАЗИЛАТ

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. Баҳордаги ёмғир кўп одамни ортиқча қийнади. Айниқса, томи шифер қилинмаган уйлардан ўтган чакка кўпларни анча ташвишга солди. Ана шундай аҳволга тушганлардан бири маҳалладошимиз - Қутбия опа эди. У олтита майда боласи билан яшарди. Ўшанда опа: "Ўлмай ёзга чиқиб олсам, емай, ичмай, томни шифер қилдираман!", деб ният қилиб қўйганди.

Мана, ёз ҳам келди. Ипак қурти боққан эди, пиллани режадан ортиқ бажарди. Бир куни болалари ўқишга, эри далага кетди. Ўзига ўзи: "Раиснинг олдига бораман. Мақсадимни айтаман, ёрдам берар. Эрим ҳам, ўзим ҳам шу хўжаликда ишлаймиз. Ўтган йил ҳисобидан анча ҳақимиз қолган", деб хаёлидан ўтказди.

Хўжалик идорасига бориб, раиснинг ҳузурига кирди. Раис Каримжон Ҳакимов ўзи ёлғиз газета ўқиб ўтирган экан.

Қутбия опа салом-аликдан сўнг ийманиб ёрилди:

- Каримжон тоға, мен бешинчи участкадаги Қодиралининг хотиниман. Эрим - сувчи, биласиз. Ўзим ҳам ишлайман. Хабарингиз бор, бу йил баҳорда ёмғир кўп ёғди. Болаларим билан жуда қийналдим. Уйимиз шифер эмасди. Роса чакка ўтди. Томимизни шифер қилдириб берсангиз. Колхозда анча ҳақимиз бор. Аввалги куни юз кило пилла топширдим. Яна ишлаймиз. Эрим баҳордан бери сув тутяпти - сувчи, - деди.

Раис ўқиётган газетасини столнинг нариги четига суриб қўйди-да, Қутбия опага кўзойнак устидан тикилди:

- Ҳа, сен, ҳалиги Қодир алкашнинг хотинимисан? Эринг ўларча ичувчи-а? Қачон борсам ё ариқ бўйида, ё чойхонанинг айвонида маст-аласт ётади. Сал, уни мундай тартибга чақирсанг бўлмайдими? "Хотин - эрнинг вазири", деган гап бор-ку, ахир! - деб қаттиқ гапириб, насиҳат қилган бўлди.

Раис уни "Қодир алкаш" дегандаёқ Қутбия опани қалтироқ босган эди. У ўзини тутиб тура олмади. Жаҳли тез хотин эмасми, ўрнидан турганини ҳам ўзи билмади. Катта одам олдида сир ҳам босмади. Раисга жаҳл билан гапира бошлади:

- Қодир алкашми, алкашмасми, сизнинг нима ишингиз бор?! Нима, у бирор марта сиздан ароққа пул сўрадими?! Мен сизнинг олдингизга "эрим қанақа одам?", деб сўрагани келганим йўқ! Иш ҳақим устидан ёрдам сўраб келдим. Алкаш бўлсаям, ўша Қодир менинг олти боламнинг отаси! Садқаи одам кетинг-е!.. Сизни ким айтади, халқига меҳрибон раҳбар деб?! - Қутбия опа шундай деди-ю, зарда билан эшикни ёпиб чиқиб кетди.

Раис ҳангу манг! Кўзларини катта очиб, ёпилган эшикка қараб қолди. Бироздан сўнг кўзини юмган эди, алкаш Қодир, унинг олти нафар боласи, зардаси тез хотин кўз олдидан бир-бир ўта бошлади... Қанча вақт ўй суриб ўтирганини ўзиям билмайди. Олдидаги телефоннинг жиринглагани унинг кўзини очди.

...Қутбия опанинг боши лўқиллаб оғриди. Шаҳарга автобус келгунча, бекатда дам олиб ўтирди. Асаканинг бозорига кирди. Рўзғорига майда-чуйда олиб уйига келди. Не кўз билан кўрсин: дарвозасининг олдида юк машинаси турибди. Икки йигит тепада, икки йигит пастда шифер туширишяпти. Болалар томоша қиляпти. Опа ҳайрон бўлди. Қодир ака йўқ.

- Келинглар, йигитлар! Тинчликми? - деди опа уларга қараб.

- Э, опа раис бизни сизларникига юборди: "Ҳар қандай ишинг бўлса, ташлаб, Қодирнинг томини шифер қилиб келишасан", деб. Ариза берганмидингиз? - деди йигитлар бири.

- Ҳа, ариза бериб қўйган эдим, энди навбат келипти-да, - деди сирни бой бермай.

Кейин дарров усталарга чой-нон, дастурхон тайёрлади. Эртасига кечки пайт шифер қоқилиб бўлди. Усталар бироз дам олди. Опа уларни яхшилаб меҳмон қилди. Усталардан кейин Қодир ака хотинига ёрилди:

- Хотин, раисга инсоф кирипти. Ким айтдийкин бизнинг қийналганимизни?..

- Участкага келганда ҳосилот, бригадир ва маҳалла оқсоқоли айтибди. Шунда раис: "Қодир доим маст юради. Агар ичмай қўйса, ҳозир томини шифер қилдириб бераман", дебди. Улар: "Ичмай қўйган, ҳозир яхши бўлиб қолди, раис! Сиз шифер қилдириб бераверинг, биз кафил!", - дейишипти. Энди ичманг, дадаси! Ҳосилот, бригадир-у маҳалла оқсоқолининг юзини ерга қаратиб қўйманг! Улар ёлғончи бўлиб қолишмасин! Қолаверса, ўғил-қизимиз катта бўлиб қолди. Ҳадемай совчи келади, келин излаймиз. "Отаси ким?" деса, одамларга нима деймиз?.. - деди хотини.

- Хотин, гапларинг тўғри! Бугундан эътиборан ичмайман! - деди Қодир дўпписини қўлига олиб, қоқаркан. Кейин эса катта кетмонни елкасига ташлаб далага жўнади...

... Қутбия опа бўлиб ўтган воқеани сарҳисоб қилар экан, эзгулик, ўзгаларга яхшилик қилиш, инсонни ҳамиша тўғри йўлга бошлашини чин қалбдан ҳис этди.

Олимжон РАҲИМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди