Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№46 дан: 01.11.2012

2012 ЙИЛ - "МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ"

ҚЎШҚАНОТ БЎЛИБ ЯШАМОҚ БАХТИ

Қанот жуфт бўлади, дейдилар. Оила қўрғонининг икки қаноти - эр ва хотин, яна икки ёрти - бир бутун, деган гаплар ҳам бор.

Мен Мухтор акадек дилкаш, самимий, меҳрибон ва ширинсўз инсон билан ҳаётимни боғлаганим, шунча йил қўшқанот бўлиб яшаётганим учун Яратганга беадад шукурлар айтаман. Турмуш аталмиш сўқмоқнинг баланд-пастида, умр аталмиш узун йўлнинг роҳату машаққатларида ёнимда меҳрибон, ҳар қандай вазиятда ҳам менга суянч бўладиган одамнинг борлигидан фахрланаман.

Андижонга Хоразмдан келин бўлиб тушган пайтларимни кўп эслайман. Бир оиланинг эркаси, ота-ю онасининг дилбанди бўлган мендай бир қизни тақдирнинг палахмон тоши минглаб чақирим олисдаги юртга отди-қўйди. Андижоннинг урф-одатлари Хоразмникидан бошқача экан. Менинг бу юртга кўникишим, билмаганларимни ўрганишим ва қайта ўтқазилган ниҳолдек янгидан томир отишимда турмуш ўртоғимнинг меҳнатлари катта бўлди.

Ҳа, янги турмуш қурган пайтларимиздаги қийинчиликлар ортда қолди. Ҳозир ҳамма ҳавас қиладиган оила эгаси бўлдик, ҳаёт ташвишларини бирга тотдик. Ўтган кунларимни эсласам, Мухторжон акамни кўп қийнаб қўйган эканман.

Аммо бирор марта ҳам "Бу ишингни йиғиштир" демади. Аксинча, ҳамиша мени қўллаб-қувватлар эди. Тун ярмигача чўзилган мажлисдан минг бир ўйда чиққанимда у киши машина рулига бошини қўйганича мудраб ўтирган бўларди.

Менинг эл-юртга танилишимда, шунингдек, шоира бўлиб қатор-қатор шеърий тўпламларимнинг чоп этилишида менга илҳом берган, дардларим ва ташвишларимга шерик бўлган, керак пайтда суяган ҳам Мухторжон ака бўладилар. Энг асосийси, она юртим - Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубролар ватани - Хоразм соғинчига чидаб яшашга ўргатди. Менинг Бобуру Нодираларни дунёга келтирган мана шу заминнинг севимли фарзанди бўла олишимга шароит яратди.

Андижон давлат тиббиёт институтини битириб, йўлланма билан Хоразмга борганида Мухторжон ака ёш йигит эди. Ёш бўлса-да, у ерда минглаб беморлар дардига дармон бўлди. Кўплаб дўстлар орттирди. Қисқа фурсатда Хоразмнинг ҳам севимли фарзандига айланди. Ҳозир ҳам хоразмликлар у кишини кун санаб, сабрсизлик билан кутадилар.

Мана, 47 йилдирки, бир-биримизга суяниб, кўнглимизни кўтариб, ҳар бир ишда маслаҳатлашиб яшаяпмиз. Тинимсиз изланаётган, беморларни даволашда янгиликлар ўйлаб топаётган, тиббиётга оид тахлам-тахлам китобларни варақлаётган турмуш ўртоғимга ҳавасим келаверади.

Айни кунда фарзандларимиз ва набираларимиз даврасида шодон ва бахтли эканимиздан фахрланаман. Ахир беш фарзандни тарбиялаб, элга қўшмоқ осонми? Катта ўғлимиз Улуғбек, қизимиз Иродахон ўқитувчи бўлди. Отабек, Умидахон, Наргизахонлар эса отасининг йўлидан бориб, шифокорлик касбини танладилар. Мана, ҳозир олти набиранинг бувижониси ва бобожониси бўлиб ўтирибмиз.

Мухторжон ака 75 ёшга тўляпти. Ишонгим келмайди. Менинг назаримда у киши ҳали анча навқирондай. Агар ҳаётимни қайтадан бошлаш имконияти туғилса эди, мен ҳеч иккиланмай умримни яна шу одам билан боғлаган бўлардим.

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

Булоқбоши тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди