Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№46 дан: 01.11.2012

МАЪНАВИЯТ САРЧАШМАСИ

ОЛТИН ОЛМА ДУО ОЛ

Азалдан халқимиз ёшлар тарбиясига катта эътибор берган, уларни ўзларининг дуо-ю олқишлари орқали меҳр-оқибатли бўлишга ундаган. Бежиз "Олтин олма, дуо ол - дуо олтин эмасми", "Бошинг тош, остонанг олтин бўлсин", "Бизни ҳурмат қилган бўлсанг, Худо сени ёрлақасин", "Бошинг тўйдан чиқмасин", "Ой бориб, омон қайт" дейилмаган. Мана шундай ўгиту дуолар инсонларни бир-бирига меҳрли-оқибатли бўлишларига замин яратиб берган. Таниқли руҳшунос Алекс Каррел дуонинг инсон жисмига таъсирини шундай тушунтиради: "Дуо фавқулодда инқилобий таъсирга эга. Унинг воситасида рак касаллиги, буйрак яллиғланиши, ошқозон яраси, тери касалликлари, жигар церрози каби оғир хасталиклардан халос бўлиш ҳоллари тажрибамизда кузатилган".

Шу ўринда боболардан қолган бир ҳикматни айтиш жоиз. "Дуо олган-омондир, қарғиш олган-ёмондир". Дарҳақиқат, дуо билан қарғиш бир-бирига зид тушунчалар. Одамларга эзгу ишлар қилган инсон, албатта дуо олади. Дуо уни барча ёмонликлардан омон сақлайди. Қарғишнинг охири яхшиликка олиб келмаслиги кўпчиликка маълум. Адабиётимиз тарихида дуонинг қудрати хақида ривоят, афсоналар жуда кўп.

Қадим-қадим замонларда бир-биридан қаҳри қаттиқ кўплаб шоҳ ва султонлар, хон ва амирлар ўтган. Бир подшо ўзигача ўтган шоҳлар йўлидан бормабди, у гуноҳкорнинг кўзини ўймабди, тилини суғуртирмабди, баданини тилдирмабди, дорга осмабди, кўксига қизиган темир босмабди, отга ҳам судратмабди. У жазонинг антиқа йўлини топибди. У айбдорни кеча - кундуз ҳақорат қиларкан. Кейин подшоҳ худди шундай ҳақорат сўзларни унинг онаси шаънига кўчирар экан. Ноқобил фарзандни дунёга келтирган она ҳам тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилинар, тахқирланар экан. Бу сўзлар зарбидан, кўпинча, оналар ҳушсиз йиқилса, фарзанднинг сочи оқариб кетаркан, фақат шундагина подшоҳ уларга жавоб берар ва беш йилгача кўчага чиқишни тақиқлаб қўяркан. Кунларнинг бирида ноҳақ ҳақоратланган оналардан бири ҳушидан кетиш олдидан подшоҳга қарата шивирлабди: "Бу сўзларинг оқ сутимгача бориб етди. Улар ўлсам суягимдан, тирик бўлсам юрагимдан кетмайди. Қизинг бўлса бир кун она бўлар, э золим!"... Онанинг бу сўзлари шивирлаб айтилган бўлса-да, подшоҳ аркида акс-садо берибди, хоналарни ларзага келтирибди. Негаки, подшоҳнинг ҳам қизи бор. Онанинг ноласи ичкари уйда ширин уйқуда ётган ўн олти ёшли маликанинг қулоғига етибди, етибди-ю, шу заҳоти қиз тилдан, оёқдан қолибди.

Маликани даволаш учун етти иқлимдан табиблару ҳакимлар айттиришибди. Уларнинг ҳар бири маликани ўзича муолажа қилар, унга турли хил дори - дармонлар, маслаҳатлар бераркан. Лекин натижа бўлмабди. Бундан шоҳ баттар ғазабланар, жаҳл отига минар экан. Дори-дармонлар, ҳакимлар маслаҳати ҳам наф бермагач, шоҳ ўз қизини сўзлатиш учун хазинадаги бор бойлигини сарфлашга тайёр эканини айтибди. Қизни гапиртириш учун жуда кўп табибу мунажжимларни чақирибди, улар қиз ётган хонага якка-якка киришибди. Шунда ҳам Малика ҳеч нарса гапирмабди. Бу ҳолдан ғазабланган шоҳ нима қилишини билмай қолибди. Шунда вазирлардан бири беш йилгача кўчага чиқмаслик ҳақида фармон олган мазлум йигит ва унинг хақоратланган онаси ҳақида эслаб қолибди. Маликанинг онаси у гўдаклигида оламдан ўтган, у она меҳрини билмас, она алласини, сўзини эшитмаган, ҳаётбахш сутига тўймаган экан.

Аёл гарчи шоҳ ҳақоратлари "суягидан кетмаган" бўлса ҳам, қизнинг аҳволини кўриб, оналик меҳри жўшибди, ўзи сезмаган ҳолда маликага яқинлашиб бошини силабди, жамики ширин гапларни айтиб, эркалабди. Қиздан ҳамон садо чиқмасмиш. Охири аёл қизнинг пешонасидан ўпиб, "Бошинг тошдан бўлсин, онанг берган кўкрак сути ҳалол бўлсин", деб дуо қилганида маликанинг кўзи "ярқ" этиб очилибди. Шоҳ дуонинг қудрати олдида лол қолибди.

Тўғри, бу бир афсона, лекин унинг замирида ҳикмат бор. Инсон фақат яхши ишлар қилиши лозим. Дуо бизни ўлимдан, ёмонликлардан асрайди, аммо қарғиш инсонни хонавайрон қиладиган иллатдир. Ёшлар, ота- оналар, устозлар, кексаларнинг дуо - ю насиҳатларини олиб, уларга амал қилиб яшасалар ҳеч қачон кам бўлмайдилар.

Хуршида РЕЖАББОЕВА,

Андижон педагогика коллежи

ўқитувчиси.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди