Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№46 дан: 01.11.2012

ДУНЁГА МАШҲУР АЁЛЛАР

САХОВАТПЕША ХОНИМ

"Мен бойликни ёмон кўраман", деган одам ҳаётда топилмаса керак. Чунки инсонлар дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқманд қилиб яратилган. Дунёда бадавлат одамлар бисёр, улар орасида ўзгалар кўмагига муҳтожлар учун неъмат дастурхонини ёзган, сахийлик қўлини очган саховатпешалар ҳам талайгина. "Майкрософт" компаниясининг асосчиси Билл Гейтснинг рафиқаси Мелинда Гейтс ана шундай бадавлат хонимлардан. У оилада сариштали бека бўлиш билан бир қаторда жамият ҳаётида умр йўлдошига ҳамфикр, ҳаммаслак аёллардан бири.

Мелинданинг туғилиб ўсган жойи - Техас штатининг Даллас шаҳри. У муҳандис Рэймонд Жозеф Френч ҳамда уй бекаси Элейн Агнес Эмерландлар оиласида камол топган тўрт фарзанд-нинг иккинчиси. Мелинданинг болалиги опаси ва иккита ўғил укалари билан меҳрибон ота-онаси бағрида ўтган. Оиладаги соғлом муҳит унинг мактабда яхши ўқиши, қолаверса, ўзига ишонч ва ҳаётга теран нигоҳ ила боқишига муҳим омил бўлди. Ўрта таълимни аъло баҳоларга тугатган тиришқоқ Мелинда Далласдаги Урсула академиясига ўқишга кирди. Бу масканда ҳам у фаол талаба сифатида ўзини намоён эта олди. Шу боис, 1982 йили битирув кечасида талабалар номидан хайрлашув сўзини Мелиндага ишониб топширишди. Мелинда ўқиш, ўрганишдан тўхтамади. Одатда, қиз бола учун тиббиёт, таълим, кийимлар дизайни, бичиш-тикиш каби нафис ва аёлларга хос соҳалар муносиб. Лекин Мелинда учун техника, компьютер, электроника қалбига яқин. Дьюк университетининг компьютер ва иқтисодиёт фани бўйича олий таълим олишига ҳам шу иштиёқи туртки бўлган. У 1987 йили компьютер ва иқтисодиёт мутахассислиги бўйича бакалавр дипломи соҳибаси бўлди, орадан бир йил ўтгач эса Дьюк университети қошидаги Фукуа бизнес мактабида магистрлик даражасига етди. 1988 йили эса "Майкрософт" компаниясига ишга кириб, интермедия ва интернет маҳсулотлари бўйича фаолият юрита бошлади.

БИР КЎРИШДА МУҲАББАТ

"Ҳар қандай омадли эркакнинг ортида ақлли аёл туради", дейишади европаликлар. Биз ўзбекларда эса "Эрни эр қилган ҳам, қаро ер қилган ҳам хотин", деган нақл бор. Бу ибора қайсидир маънода компьютер магнати Билл Гейтснинг рафиқаси Мелинда хонимга ҳам тааллуқли. Улар илк бор "Майкрософт" компаниясининг матбуот анжуманида танишишган. Кейинчалик Гейтснинг айтишича, тадбирда Билл бу қизни дарров илғаган, кўнглидагидек аёл эканини тушунган. Шу куни Мелинда одмигина, аммо дид билан кийиниши, шунингдек, пошнаси паст туфлида эканлиги билан унинг эътиборини тортган. Билл аёл кишининг пойафзали қанчалик баланд бўлиши унинг интеллектуал салоҳияти паст бўлади, дегувчи руҳшуносларнинг фикрига таянади. Бу тушунчаси билан Билл адашмади, Мелинда ҳақиқатда дунёқараши кенг, ниҳоятда ақлли аёл эди. Биллнинг дўстлари унинг оила қуриши, ола хуржунни елкасига олиши мумкинлигига шубҳа билан қарашарди. Барчани лол қолдиргани - жуфтлик, оила каби тушунчаларга совуққон Биллнинг қалбига йўл топа олган, юрагининг бир четини жизиллатган аёл айнан Мелинда бўлди.

АЁЛЛИК, ОНАЛИК,

БЕКАЛИК…

"Бахт билан фарзанднинг эрта-кечи йўқ", деганлар ҳақ. Улар турмуш қурганларида Мелинда 29 ёшда эди. Мана, 18 йилдирки, улар тинч-тотув яшаб келмоқдалар. Келин-куёвларнинг бахт тўйи Гавайи оролларида бўлди. Оила аталмиш муқаддас салтанатга қадам қўйган Мелинда хоним аёллик, бекалик мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида "Майкрософт"дан бўшаб кетади. Аёл, аввало, оилада бахтли бўлсин экан, шундагина у ўзини ҳар томонлама тўкис ҳис қилади. Бу борада Мелинда хонимга омад кулиб боққан. Аёл бир мўъжиза, шундай эмасми? У меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, ғамхўр фарзанд. Бир қарашда оддий туюлган бу сўзлар замирида жуда катта жасорат, фидойилик, меҳр каби хислатлар мужассам. Аёл ҳамдард, ҳамсуҳбат, ҳаммаслак. У ҳаётини фарзандига, турмуш ўртоғига бахшида қилиб, ўз аёллик бахтини айнан шундан топади. Эркакнинг мангулик ўлчови мингта. Давлат, шуҳрат, унвон, мансаб… Аёлнинг ўлчови эса битта, у ҳам бўлса фарзандларидир. Фарзандни дунёга келтиргунча аёл жон билан талашиб, не бир азият билан уни бағрига босади. Гейтс хоним севимли ёр, бахтли аёл ҳамда икки қиз ва бир ўғилнинг севимли онаси. Каттаси Женифер Кетрин Гейтс ҳозир айни балоғат остонасида. Ўртанчаси Рори Жон Гейтс 13, кенжатой Фиби Адель Гейтс эса эндигина 10 ёшда. Бола тарбиясида онанинг ўрни муҳимлигини Мелинда яхши билади. Шунинг учун ҳам уларнинг ўқиши ва юриш-туришига жиддий эътибор беради. Керагида қаттиққўл, меҳри эса бепоён, болалар шўхлик қилишса тергаб ҳам туради баъзида. Қўшниларининг айтишларига қараганда, Миленда барча аёллар каби оддий уй бекаси. Ҳамма қатори эрталаб болаларни мактабга кузатиб, ўзи ишга отланади, ишдан қайтишида эса йўл-йўлакай савдо дўконларидан рўзғор учун керакли нарсаларни харид қилишни ҳам унутмайди. Юриш-туришидан дунёнинг энг бадавлат аёли демайсиз. Жуда камтарин ва ўзини бошқалар олдида кўз-кўз қилишни унчалик хуш кўрмайдиган Мелинда оддийлик ва камсуқумликни ўзига фазилат деб билган. Шундан бўлса керак, Американинг машҳур "Ньюсик" журнали муҳаррири Жеффри Коулига бадавлат хонимдан интервью олиш осон кечмади. Ундан нима учун Гейтс-лар оиласи дунёнинг турли минтақаларидаги одамлар соғлигини муҳофаза қилиш ишларига алоҳида эътибор беришлари ҳақида сўралганида, "1993 йилнинг кузи, -дея жавоб берди Мелинда, - мен кичик бир гуруҳ таркибида Африкада сафарда бўлдим. Ўша саёҳатдан мен буткул бошқа инсон бўлиб қайтдим. Асосан, африкалик аёллар ҳаёти мени ажаблантирди. Улар тирикчилик ташвишида ўнлаб километр масофани ялангоёқ босиб ўтишга мажбур ёки қизиб турган қуёш остида кунбўйи сабзавот сотиш билан овора. Умрим давомида биринчи бор бу каби қашшоқликнинг гувоҳи бўлдим ўшанда. Кейин эса орадан бир неча йиллар ўтгач, "Нью-Йорк таймс" газетасининг якшанба сонида ҳар йили ер юзида қанчадан-қанча норасида гўдаклар турли хасталиклар оқибатида нобуд бўлаётгани ҳақидаги жадвални кўриб таъсирлангандим. Ўша рақамлар мени даҳшатга солгани рост. Негаки, кўп мамлакатларда айрим касалликлар аллақачон йўқолиб кетганди-да. Ўшанда турмуш ўртоғим билан илк бор дардман болалар ҳақида жиддий ўйлай бошладик."

САХОВАТ ЮРИШЛАРИ

Ҳа, Мелинда умр йўлдошининг шон-шуҳрати кўланкасида қолиб кетадиган аёл эмас. У оила юмушлари, бола тарбиясидан ошиниб, хайрия ишларини йўлга қўйган. 30 миллиард доллар капитал жамғармадан иборат Мелинда ва Билл Фонди айнан унинг ташаббуси маҳсули. Тўғри, мазкур хайрия ташкилот ғояси Биллники бўлса-да, бошқарув Мелинданинг зиммасида. Саховат ва мурувват ишлари Мелинда учун ёқимли. Фонд эса унинг учун фарзандидай азиз ва қадрли. Фонд фаолияти кенг қамровли бўлиб, дунё миқёсида таълим, соғлиқни сақлаш, жамоат ташкилотларини компьютерлаштиришни моддий қўллаб-қувватлаш ишларидан иборат. Айниқса, Африка қитъасидаги қашшоқларга кўмак бериш, ОИТС-ОИВ инфекцияси, сил ва бошқа юқумли касалликларга қарши кураш ишларида пешқадам.

Ҳиндистон ва Таиланд сафарлари давомида гувоҳи бўлган манзаралари унинг ёдидан чиқмайди. Пашша босиб ётган гўдакларнинг жонсиз таналари, очликдан суяги устухонига ёпишган қашшоқ одамлар... Айниқса, Нью-Деҳли аҳолисининг аҳволи, бир тишлам нон илинжида иш излаб кетган аёллар, шундоқ кўчаларга ташлаб кетилган болалар... Одамлар кир ва ифлосланган сувда ҳам чўмилади, ҳам ўша лойқа сувни ичишади.

Мелинданинг айтишича, Гейтслар оиласи дунё бўйлаб кўплаб тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларга қарийб 24 миллиард доллар миқдорида ҳомийлик ёрдами кўрсатдилар. Бадавлат бўлиш яхши, саховатли бой бўлиш ундан-да, яхшироқ. Уларнинг кўмаги боис, сайёрамизнинг турли бурчакларида қашшоқликдан силласи қуриган, хасталикдан нобуд бўлаётган болалар, норасида гўдакларнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлса не ажаб...

2005 йили "Тайм" журнали уларни "Йил кишилари" деб эълон қилди. 2006 йили халқаро хайрия фаолиятидаги ҳамкорлиги учун Мелинда ва Билл Гейтслар шахзода Астурийский мукофоти соҳиби бўлишди. Шу йили соғлиқни сақлаш ва таълим бўйича амалга оширган халқаро миқёсдаги хайрия ишлари, хусусан, Мексикада қилган меҳр-мурувватлари учун "Ацтек бургути" ордени билан тақдирландилар. 2006 йилдан шу кунга қадар "Форбс" журналининг рейтингги бўйича дунёнинг энг машҳур хонимлари юзталиги рўйхатининг олдинги қаторида Мелинданинг номи мунтазам эътироф этилади.

Айни пайтда бу бахтли оила соҳиблари Вашингтон кўли бўйида умумий ҳажми салкам тўрт минг метр квадрат майдонли муҳташам уйда истиқомат қилмоқдалар. Бу каби қасрмонанд уй қанақа экан, деб ўйлаётгандирсиз. Унда бассейн, кинотеатр ҳамда 30 тагача автомобиль сиққудай машина сақлаш жойи бор. Миллиардерлар қаричи билан ўлчаганда, бу уй оддийси. Ҳа, пул, мол-давлат ўз йўлига, муҳими ўша маблағни тўғри ва керакли жойга сарфлаш. Меҳр-мурувватга муҳтож инсонларга саховат кўрсата билиш. Мелинда хоним бу ишларда ҳамиша бардавом.

Аёлнинг оиласида ҳаловати бўлса, садоқат, муҳаббатга йўғрилган ширин турмуши бўлса, ўша инсон бахтиёрдир. Чунки оиласида ўз ўрнини топган инсоннинг жамиятда, севган касбида ҳам ўрни бўлади. Ҳаётидан мамнун, кўнгли тўқ инсонгина хизматга астойдил ёндашади. Оиланинг сеҳрли қудрати ҳам шунда.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА

тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди