Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№49 дан: 22.11.2012

2012 ЙИЛ - МУСТАҲКАМ ОИЛА ЙИЛИ

МАҚСАДИМИЗ - ХОТИН-ҚИЗЛАР ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ ЮКСАЛТИРИШ

Манзурахон ЮНУСОВА, вилоят ҳокимининг ўринбосари,

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Манзурахон ЮНУСОВА - Олтинкўл туманида таваллуд топган. Маълумоти - олий. У 1995 йилда Андижон давлат университетининг тарих факультетини тамомлаб, тарихчи, жамиятшунос-ҳуқуқшунос ихтисосликларига эга бўлган. 1995-2008 йилларда Андижон давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, 2008 йилдан кафедра мудири вазифаларида фаолият кўрсатган. Сиёсий фанлар номзоди илмий даражасига эга. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Айни кунда вилоятимиз аҳолисининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Аёлларимиз вилоят ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида ўз ўрни ва мавқеига эга. Қолаверса, улар жамиятимиздаги барча жараёнларда, олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этаётганликларини алоҳида эътироф этиш лозим. Бугун қайси бир соҳага қарамайлик, хотин-қизларимизнинг фидойилик билан меҳнат қилаётганлигини кузатишимиз мумкин. Айниқса, таълим, тиббиёт тизимида фаолият олиб борётганларнинг 70-75 фоизини муҳтарама опа-сингилларимиз ташкил этишининг ўзиёқ уларнинг соҳада қанчалик муҳим ўрин эгаллашларини кўрсатади.

Бундан ташқари, бугун вилоятимизда 5 минг нафарга яқин раҳбар аёллар, 316 нафар фермер, 20 минг нафарга яқин тадбиркор ва 15 минг нафардан зиёд ҳунарманд хотин-қизлар фаолият олиб борётганлиги аёлларимизнинг нечоғлик фаол эканлигининг ёрқин намунасидир. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки мамлакатимиз аёлларга юксак эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатаётган дунёдаги саноқли давлатлардан биридир. Қолаверса, юртимизда оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масалалари мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис ҳам опа-сингилларимиз учун кенг имкониятлар, бир қатор имтиёзлар яратиб берилган.

Муҳтарам юртбошимизнинг 2004 йил 25 майдаги "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони хотин-қизлар қўмиталари, шу жумладан, барча опа-сингилларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, самарали фаолият олиб боришлари учун кенг йўл очиб бермоқда.

Сир эмаски, истиқлол йилларида юртимизда асрларга татигулик улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, юртимиз ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан юксалиш сари дадил одимлаб бормоқда. Бу юксалиш жамиятимизда ҳуқуқий-демократик тамойилларнинг шаклланиб боришида, халқимизнинг тўкин ва фаровон, тинч ва осойишта ҳаётида ўз инъикосини топмоқда. Давлатимиз сиёсати энг аввало, эл-юрт фаровонлигини таъминлашга, инсон манфаатларини улуғлашга, фуқароларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилмоқда.

Айниқса, Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган "Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури мамлакатни модернизация қилиш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришдек аниқ мақсадларга йўналтирилганлиги билан муҳим тарихий ва сиёсий аҳамият касб этади.

"Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури доирасида оилаларда барқарор муҳитни шакллантириш, уларни мустаҳкамлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш оилалаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, етук ва баркамол авлодни тарбиялаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган.

Халқимизнинг орзу ниятлари ва интилишларини ўзида ифода этадиган, юрт тарққиётига хизмат қиладиган ушбу дастур ҳар биримизни бор имконият ва салоҳиятимизни ишга солишга, шижоат ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундайди.

Вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари томонидан жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида "Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар бажарилди. Хусусан, тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тадбиркорлик борасидаги билим ва малакаларини ошириш мақсадида кўплаб давра суҳбатлари, ўқув семинарлари ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида мазкур йўналишдаги қатор муаммолар ўзининг ижобий ечимини топди.

Йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги банклар томонидан хотин-қизларимизнинг тадбиркорлик фаолиятларини, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 5 млрд. 395 млн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилганлиги натижасида кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Хотин-қизлар учун яратилган 32645 та янги иш ўринларининг аксарияти кичик ва оилавий бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, уй меҳнатини ташкил этиш ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.

Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятларини ривожлантириш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Мазкур йўналишга турли манбалар ҳисобидан 2 млрд. 224 млн. сўм маблағ ажратилганлиги натижасида кўплаб ёш оилалар ўз бизнесини йўлга қўйдилар.

Вилоятда "Соғлом оила - соғлом бола" ҳаракати доирасида қатор тадбирлар, "Саломатлик кунлари" ўтказилди. Аёллар ва болалар тиббий муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йилда вилоятдаги 743276 нафар фертиль ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши режалаштирилган. Айни кунга қадар уларнинг 97,3 фоизи тўла тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик давомида экстрагенитал касалликлар аниқланган аёллар соғломлаштиришга жалб этилди.

Ҳар қандай мамлакат тараққиёти ўша юртнинг оилалари мустаҳкамлиги, барқарорлиги ва манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлади. Қолаверса, ҳар бир инсон учун оила бу умрнинг бошланиши, барча эзгуликларнинг муқаддимасидир. Зеро, инсонлар ўз бахти ва саодатини энг аввало, оиласи билан боғлайди.

Юртбошимиз И. А. Каримов таъкидлаганидек, азал-азалдан ҳалқимиз учун муқаддас бўлмиш оилани ҳаётимиз таянчи ва суянчи, жамиятимизнинг ҳал қилувчи асосий бўғини деб қабул қилишимиз замирида, ҳеч шубҳасиз, жуда катта маъно-моҳият мужассам эканлигини, мамлакатимизда оилага кўрсатилаётган кўмак, эътибор ва ғамхўрликни ҳар бир юртдошимиз қалбдан ҳис этиб яшаса, шубҳасиз, жамият ривожи, Ватан тараққиёти янада юксалади.

Муқаддас даргоҳ бўлган оиланинг нечоғлик барқарор ва мустаҳкам бўлиши кўп жиҳатдан муҳтарама аёлларимизга боғлиқ. Айниқса, фарзанд тарбиясида аёл кишининг роли беқиёсдир. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қайси оиланинг юкини ҳеч нолимасдан, ҳаётга шукрона қилиб, ўз елкасида кўтариб келаётган, оила қўрғонининг ҳам чиройи, ҳам чароғбони бўлган аёл зотининг, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Биз кўпроқ оилалар билан иш олиб боришимиз зарур. Маҳаллаларда ҳар бир хонадонга киришимиз, оиладаги муҳитни, ана шу оилада қандай муаммолар борлигини ўрганиб, зарур даражада кўмак беришимиз, ибратли хонадонларимизнинг оила барқарорлигини таъминлаш борасидаги тажрибаларини оммалаштиришимиз керак. Айниқса, қайнона-келин муносабатлари, қизларни турмушга тайёрлаб бориш, ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, оила олдида унинг барча аъзолари ўзининг масъулияти, бурч ва мажбуриятларини англаши масалалари доимий эътиборимизда бўлиши лозим.

Бугун аксарият аёлларимиз турли жабҳаларда фаолият кўрсатмоқда, ижтимоий меҳнат билан банд. Қолаверса, улар бекалик юмушларини ҳам бекаму кўст адо этмоқдалар. Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдимки, опа-сингилларимиз оилани, унинг мустаҳкам ва барқарорлигини таъминлаш, фарзандлари тарбиясига жиддий эътибор қаратишлари жуда муҳимдир. Ўзбек аёлининг тарихан шаклланган оила тутуми, миллий қадриятларимизга, халқимизнинг ўзига хос одоб-ахлоқ меъёрларига асосланган фарзанд тарбиясини ўзларига қурол қилиб олишлари лозим. Чунки фарзандларимиз келажагимиз. Улар ҳар жиҳатдан етук, билимли ва фидойи бўлиб камол топса, юртимиз келажаги янада порлоқ бўлишига асло шубҳа йўқ. Бу жараёнда аёлнинг, оила бекасининг ўрни ва ролини ҳеч нима билан тенглаштириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ишларимизни пухта ва мукаммал дея олмаймиз. Хато ва камчиликлар бор, ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам етарли. Бу борадаги ижобий натижаларга эришиш, самарадорликни ошириш учун аҳолининг турли қатламлари ўртасида тизимли иш юритишни шакллантиришимиз, тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришимиз керак. Тарғибот жараёнида таъсирчан усуллар, яъни хотин-қизларимизнинг кўнгилларига яқин, уларни бефарқ қолдирмайдиган жиҳатларни топишимиз ва ўринли фойдаланишимиз лозим.

Халқимиз ижтимоий ҳаётида қадимий анъана, урф-одат ва миллий қадриятларнинг ўрни ва роли ниҳоятда беқиёс. Шу боис ҳам оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда ана шу қадриятлар асосида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур.

Хотин-қизлар жиноятчилиги, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳ, она ва бола ногиронлиги ҳамда бошқа шу каби салбий ҳолатлар асосан аёлларимизнинг ҳуқуқий, тиббий билимлари етарли эмаслиги натижасида келиб чиқмоқда. Шу боис, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш масалаларига, айниқса, ҳар бир оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Шу билан бирга, ҳар бир аёлни, уй бекасини ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишига йўл қўймаслигимиз, ҳаётдаги жараёнларга жалб этишимиз, уларнинг фаоллигини оширишимиз керак.

Бу борада хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, мутасадди ташкилотлар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам фаолиятимизда ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Албатта, бу ишлар ўз-ўзидан, осонликча бўлмайди. Бунинг учун ҳар биримиз, айниқса фаолларимиз янада кўпроқ шижоат, куч-ғайрат билан ишлашлари керак бўлади. Вилоят, туман ва шаҳар хотин-қизлар қўмиталари бу борада албатта, энг аввало, ана шу фаол аёлларимизга, кўпни кўрган онахонларимиз, уларнинг тажриба ва маслаҳатларига суянади, улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради. Шу билан бирга, қўмитамиз қошида фаолият кўрсатаётган "Раҳбар аёл", "Сиёсатчи аёл", "Қайноналар мактаби", "Маслаҳатчи мактаби", "Тадбиркор аёл", "Олима" уюшмалари ишини янада такомиллаштиришимиз, уларнинг фаоллигини оширишимиз зарур.

Умуман, фаолиятимизнинг бош мақсади оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш, оила муносабатларини тартибга солиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий, тиббий билимларини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш, ҳунармандчилик, касаначиликни ривожлантириш орқали оилаларнинг барқарор даромад манбааларини шакллантириш, улар ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш билан ҳаётимиз гултожи бўлган опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга эришишдир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди