Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 13.12.2012

ҲАЁТ ҲИКМАТЛАРИ

ҚИЛМИШ - ҚИДИРМИШ

Турсуной СОДИҚОВА

Сен бировни севиб қолдинг. Шунда танангга бир ўйлашинг керак эди: шу одамнинг фазилатлари ҳаққи унинг нуқсонларини ҳам тан олиш кўлингдан келадими?

Унинг феъли атворидаги кам-кўстларни тўлдиришга ироданг етадими? Муҳаббатнинг қолипи йўқ, таърифи йўқ. Аммо шуниси аниқки, у энг лазиз ва энг мушкул фаолиятдир. Ҳа, фаолият! Фаолият бўлганда ҳам у поклик, журъат, ихлос ва сабру қаноатдан иборат фаолиятдир! Сен бориб яримни бутун қилгин. Ўша - муҳаббат! Сен боргач, узуқлар улансин, чўккан кўнгиллар бодроқдай гуллаб кетсин - ўша муҳаббат! Лев Толстойнинг "Уруш ва тинчлик" китобида шундай гап бор: "Биз бировларни бизга қилган яхшилигига қараб эмас, ўзимизнинг уларга кетган яхшиликларимизга қараб яхши кўрамиз".

Шундай, азизим. Рўзғор - бу истироҳат боғи эмас. Унда фақат гул кўтариб, рози дил айтиб, қўлтиқлашиб юрмайдилар. Халқ ҳақни айтади: рўзғор - бу ғор! Ўзингни йўл-йўлакай худди шам мисол ёқиб борсанггина, атрофинг ёришиб шаклга кириб боради. Рўзғор эркакка ҳам, аёлга ҳам бир-бирига муносиб бўлиш учун бир умр ўзини-ўзи қайта тарбиялайдиган майдон!

ЖУФТИНГ - УМРИНГ УСТУНИ

Оила қуриш остонасида турган сингилжонларим, шуни ҳаргиз унутмангки, рўзғор - бу эр билан хотиннинг давомли иттифоқидир. Уларнинг бир-бирига нафи тегмаса, руҳан тийраклиги, кераклиги бўлмаса, турмушнинг чироғи ёнармиди? Яхшиликни, мурувватни, аввало, бир умр бирга яшайдиган кишингга қиласан. Гар шундай экан, эр-хотиннинг бир-бирига "фалон вақт сенга у қилганман, писмадон пайтда сенга буни олиб берганман" дейиши, ҳар гал жами яхшиликларни санаб кўрсатиши ўз юзига қаро тортиш билан тенгдир. Бу - оиладаги энг нозик торларнинг узилишидир. Энди булар эр-хотин эмас, душманлардир. Чунки улар бир-бирига миннат қилди. Миннат - заҳар. Заҳарни эса фақат душманларгина бир-бирига раво кўради! Биз она бўлишдек буюклик, фидойиликнинг уддасидан ўтган аёллармиз. Гоҳ эркакларимиз адашиб, шу қусурга йўл қўйган тақдирда ҳам, биз миннатга тил урмайлик. Қилган яхшиликларимиз жуфтимизга татисин.

Рўзғор - икки кишининг йўли, икки кишининг ақли билан тўқиладиган умр занжиридир. Бир масала юзасидан икки хил фикр бўлгандан сўнг, турган гапки, баҳс, мунозара бўлади. Бундай пайтларда кимнинг кимдан устун келиши эмас, рўзғордаги ишнинг тезроқ битиши аҳамиятлидир. Ишнинг битганини тан олиб туриб, нега бу иш менинг фикрим билан эмас, сенинг фикринг билан битаркан деб, ҳафталаб, ойлаб тўнини тескари кийиб юрадиганлар бор. Эру хотинлик икки ёрти - бир бутунлик-ку! Биримиз калаванинг учини тополмаётган пайтда жуфтимиз жонга оро кирса, бунинг нимаси орият? Қайтага, шукрона айтиш керак-ку!

Инсон умри бир тутам асли! Бориб-бориб фарзандлар ҳам ўз йўлларига тарқайдилар. Жигарбандларнинг қайнайдиган ўз қозони бор. Оталар ғанимат, оналар ғанимат. Шундай экан, юрагимиздаги жами меҳримизни умримизнинг ғаниматлигида жуфтимизга изҳор қилиб улгурайлик. Токи, "Сендан олдин мен кетай" деб, жуфтидан айрилишдан кўра дунёдан олдинроқ кетишни афзал кўрган чол-кампирларнинг ширин тортишувлари ўзимиздан ортиб, болаларимизга ҳам насиб этсин.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди