Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 13.12.2012

УМИД - ЭЪТИҚОДНИНГ АСОСИДИР

Ҳикматларда: эътиқоднинг асоси умиддир, дейилади. Шунингдек, уламолар: "Илм, амал ва ихлос бирлашгандагина шариат мукаммал бўлиб, инсон ўзининг комиллик даражасига эришади", дейдилар.

Илм ва амалнинг самараси ниятга, яъни ихлосга боғлиқ бўлишини барча ҳам англаб етмайди.

Инсоннинг хоҳишлари, ҳавойи нафси ўз ҳолига қўйилса, туғёнга айланади, ҳаддидан ошади ва ўз эгасини ҳалокатга олиб келади. Ислом таълимотлари эса мазкур хоҳишларни жиловлаб, режага солиб туради. Инсонлар билиб-билмай гуноҳ ишларга қўл урадилар. Агар у комил инсон бўлса, дарҳол тавба қилиб, гуноҳдан қайтади. Аксинча, баъзи бир инсонлар гуноҳ қилишда бардавом бўладилар. Натижада катта-катта гуноҳлар содир этадилар ва умидсизликка тушадилар. Уларнинг умидсизликлари қилган гуноҳларимни Аллоҳ кечирармикин, деган ўйда бўлишдан иборат. Мана шу ҳолатда умидвор ҳолда Аллоҳдан мағфират сўраб, қайта гуноҳ қилмасликка азму-қарор қилмоқликлари жоиз.

Ривоят қилишларича, қадим замонда Қурбон исмли бир йигит бўлиб, у ўғирликда ва қароқчиликда тенгги йўқ, ҳамма ундан безор экан. Уни "Қирон ўғри" деб атай бошлашибди. Ҳатто "Қирон ўғри" деса, бешикдаги бола ҳам йиғидан тўхтаб, ҳушёр тортар экан.

Тақдир тақозоси билан, Қирон ўғри бирдан ўзгариб, ўғирлик ва барча ёмонликдан қайтибди ва яхшилик отини минибди. Қаерда яхшилик қилиш ёки яхши иш бўлса, ўша жойда ҳозир бўлар экан ва ўз яқинларини ҳам яхшиликка бошларкан.

Қирон ўғри эса ҳеч кимга парво қилмай, ибодатини қилиб, яхшиликлар қилишни давом эттираверибди. Подшоҳ ҳам ҳайрон қолгач, бунинг сабабини сўрамоқчи бўлиб, уни ўз ҳузурига чорлабди. Қирон ўғри саройга келиб, подшоҳга таъзим қилибди ва унинг амрини кутибди.

Подшоҳ унинг одобидан лол қолиб дебди:

- Наҳот, сен ўша Қирон ўғри бўлсанг? Ўз оёғинг билан саройга келибсан. Ахир сенинг дас-тингдан бу ерларга карвон кела олмасди. Сени ҳеч ким қўлга тушира олмаган. Сени дорга осиш ҳам оз. Наҳот ўлимдан қўрқмай саройга келдинг?

- Эй шоҳим, - дебди Қирон ўғри, - жоним сизга садақа, эгилган бошни қилич кесмас. Энди армоним йўқ, чунки мен тавба қилдим. Ўз вақтида нотўғри ишларимни Аллоҳ менга билдирди.

Подшоҳ бу сирнинг сабабини сўрабди.

- Подшоҳим, - деб гап бошлабди Қурбон, - биласизки қароқчиларнинг макони - саҳро, оромгоҳи-ҳилват жойлар. Бир куни навбатдаги қароқчиликдан келиб, чарчаб ухладим. Ажойиб туш кўрдим ва бу ўткинчи дунёнинг нималигини англадим. Қароқчилик ва ўғирликдан топган бор мол-дунёимни бева-бечораларга тарқатдим. Илгари Аллоҳ нимадан қайтарган бўлса, ўшани қилардим. Ҳозир эса акси, дилим пок, қаттиқ нон есам ҳам ҳотиржамман.

- Яхши, дебди шоҳ, - менга ўша сирингни баён қил.

Қурбон ҳикоясини баён қилиб дебди:

- Тушимда бир бепоён саҳрода кетаётган эканман. Шунда бир арслон мени қувди, мен жон-жаҳдим билан қочиб, бир қудуққа дуч келдим. Қудуққа боғланиб турган арқонга осилиб, ўзимни ташладим. Арқон қудуқ тубига етмай тугади. Қудуқ тубига қарасам, бир улкан аждарҳо оғзини очиб турарди. Мен ночор қолиб, қора терга ботдим. Шу пайт ёнимдаги қудуқ тешигидан ҳар хил нозу-неъматлар ва асалу шароблар оқиб кела бошлади. Мен хавфни унутиб, мароқ билан ноз-неъмат, асал ва шароблардан танаввул қила бошладим.

Бора-бора остки ва устки хавф менга даҳли йўқдай кўриниб, куним шу таҳликада ўта бошлади.

Кунлардан бир кун тепага қарасам, шер оёқлари остида бири оқ ва бири қора сичқон мен осилган арқонни қирқа бошлади. Соч-соқолим оқариб, сичқонлар қанча арқонни қирқди-ю, қанчаси қолди била олмай, уйғониб кетдим. Туш таъбирини сўраб, бир донишманднинг олдига бордим. У киши тушимдаги воқеани диққат билан тинглаб, дедилар: "Ўғлим, сиз бу дунё мўъжизасини кўрибсиз. Арслон азроилдир, арқон - умрдир, оқ сичқон кундуз, қора сичқон кечадир. Улар умр арқонини узиш билан банддирлар. Қудуқ тубидаги аждарҳо эса лаҳаддир.

Ҳаммамизнинг умр арқонимиз бир кун узилиб, лаҳадга бормоғимиз аниқ. Бир кишининг умр арқони йўғонроқ, бошқасиники эса ингичкароқ, лекин қанчаси узилиб, қанчаси қолгани Аллоҳга аён. Арқон узилиб, лаҳадга тушгунча ҳаёт ширин тешикдан чиқаётган нозу-неъматга алданиб, умрни беҳуда ўтказмоқ - кечириб бўлмас хатодир. Яхшилик мевасини қанчалик кўп эксак, охиратимиз обод, бўлгай".

Мен донишманд ҳузуридан яхшилик отини миниб чиқдим".

Муҳаммад ибн ал - Мунташирдан: "Бир одам Ҳазрати Умар (р.а)га: "Аллоҳнинг китобидаги энг шиддатли ва қўрқинчли оятни биламан" - деди.

Умар (р.а) бир таёқ олиб уни астагина урдилар ва: "Ўзингда қандай ҳолатни ўтказдингки, бундай оятни учратдинг?" - дедилар. "Ким бир ёмонлик қилса, албатта жазосини олади", - оятидир. Зеро, ёмонлик қилмаган одам йўқ. Шунга кўра бирортамиз ҳам азобдан қутила олмаймиз" - деди у киши.

Ҳазрати умар (р.а) бунга жавобан: "Бу оят нозил бўлганида биз шунчалар қўрқдикки ҳатто, мен овқат еёлмай қолдим. Ниҳоят, Аллоҳ Таоло: "Ким бирон ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини кўрарди (Нисо сураси, 110-оят) мазмунли ояти калимани нозил қилди", - дедилар.

Расул Акрам (с.а.в) дебдурлар: "Сизларнинг ҳар бирингиз қазо вақтида Аллоҳ Таолодан умид қилсин".

Дарҳақиқат, беайб Парвардигор. Ҳар ким гуноҳ қилади. Лекин вақтида гуноҳдан қайтиб, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлмоқлик лозим.

Лолахон Тожимирза ҳожи қизи тайёрлади.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди