Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№2 дан: 10.01.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

АЙБНИ ТАН ОЛИШ-ЖАСОРАТ

Холисхон ҳожи ая бир неча йилдан бери касал. Катта ўғли Козимжоннинг олиб бормаган ери, кўрсатмаган табиби, ётқизмаган касалхонаси қолмади. Охири шаҳардаги катта клиникада йигирма кун даволатди. Аммо соғлиги ижобий томонга ўзгармади.

Аяга қараган врач Козимжонни чақириб:

- Энди, ука, хафа бўлмайсиз. Ҳамма имкониятларни ишга солдик, иложи бўлмаяпти: онахон рак бўлиб қолибди. Кўряпсиз, овқат ўтмаяпти. Шу сабаб озиб, ҳолсизланиб кетяпти, - деди.

Бу гап Козимжоннинг қалбини ўртаб юборди, кўзига ёш келди. Ўзини аранг тўхтатди. Кўз ёшларини артди.

- Нима қилай, ака? Сақлаб қолишнинг иложи йўқми? - деди шифокорнинг кўзларига термулиб.

- Бу ёғини Аллоҳ билади, ука! Онахоннинг руҳини кўтариб, яхши қарайсиз, ёнидан жилмайсиз. Уйга олиб борсангиз набираларини, қўни-қўшни, тенги-тўшларини кўриб, ажаб эмас, бироз ёзилса! Йўқ десангиз, ихтиёр ўзингизда! Мен олиб кетинг, демайман, аммо!...-деди врач.

... Козимжон онасини уйига олиб келди. Ўзининг покиза, баҳаво хонасига жой қилиб, ётқиздилар. Хотини Ҳафизахон иккиси навбат билан қарашди. Козимжон ишхонасидан жавоб олиб келди. Бир ўғил укаси, икки синглиси-ёш. Улар ҳам парвона. Онахоннинг кўзлари тийрак, ақли-ҳуши жойида!.. Томоғидан фақат сув, озгина атала ўтади. Она кундан-кунга чўкяпти.

Бир куни у Козимжонни ёлғизлатиб:

-Ўтир, болам. Ёнимда ўтир! Мен тугаяпман. Юрак дардларимни, васиятларимни ҳушимнинг борлигида сенга айтиб олай! Қазо қилсам, тупроққа бирга кетмасин, - деди.

- Ундай деманг, ая! Тузалиб кетасиз!.. Сал яхши бўлсангиз, набирангизга тўй қиламан, - деди ўғли.

- Тузалиб кетишга ақлим етмаяпти. Гапларимни эшит: уччала уканг ёш қоляпти. Буларнинг отаси ўлиб кетган. Сен отасисан. Оталари яхши одам эди. Мен дадангдан ажрашгандан кейин шу киши билан рўзғор қилдим. Фарзанд кўрмаган экан. Сен икки ёшда эдинг. Сени ниҳоятда яхши кўрди. Доим кўтариб юрди. Айтганингни олиб берди, тўйлар қилди. Ўгайлигини сира-сира билдирмади. Шу сабаб бўлса керак, унга Аллоҳ учта фарзанд берди. Афсус, уларнинг камолини кўрмай қазо қилди... Бир хўплам сув бер... Ҳа, сени ўқитди, уйлади, енгил машина олиб берди. Хуллас, сенга оталик қилди. Энди сен укаларингга оталик қил, болам.

Онахон бир энтикиб олди.

- Хўп, ая! Албатта оталик қиламан. Ишонинг!...

- Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, ҳажга бориб келдим. "Ҳожи ая" деган ном олдим. Маҳаллада, одамлар орасида катта обрў топдим. Йиғинларда аёллар тўрига ўтказади. Касал бўлиб ётганимдан буён кўргани кирмаган одам қолмади. Раҳмат, маҳалла-кўйга!...

Ая кўзига ёш олди, энтикди...

- Йиғламанг, ая! Аллоҳга шукр қилинг! - деди Козимжон.

- Ҳажга бориб келган одам онадан янги туғилган гўдакдек бегуноҳ саналар, қалбидаги гина-қудратлар, ҳасаду бўҳтонлар, ёмон ниятлар ювилиб, дили пок-ланар экан. Аллоҳ ҳамма гуноҳларини кечаркан-у, битта гуноҳни кечмас экан.

- Қайси гуноҳини ая? - деди Козимжон чўчиб.

- Бировнинг дилини ноҳақ оғритса, ғийбат ёки бўҳтон қилса, ҳаққига хиёнат қилса!..

- Сиз бундай ножўя ишларни қилганингиз йўқ-ку? Тўғрими?

- Эй, Козимжон, ўғлим, шундай ишларни қилган эканман. Сен билмайсан. Бугун улар кўзимдан ўтяпти-да! Нима қилай? Сен туғилмаган эдинг. Бир хўплам сув ичир. Томоғим қуриб кетди.

...Дадангни менга унаштиришди. Ўқишни битириб келиб, туман марказидаги касалхонага ишга жойлашган экан ўшанда. Дадам раҳматлик бир кўрибоқ "хўп" депти. Кўришдик: ниҳоятда яхши йигит экан. Чирой-чиммати ҳам, қадди-қомати ҳам ўзига ярашган. Сўзлари ҳам маъноли. Хуллас, ўқимишли, маданиятли йигит эди. Кекса отаси, онаси бор экан. Мен уларнинг оиласини кўрмай "хўп" дедим. Тўйдан кейин қарасам, жуда камбағал, бечораҳол оила экан. Мен аҳмоқ ўшанда қаноат қилмабман. Уларга келин бўлганимдан афсусландим...

Бир куни тўртта дугонам мени йўқлаб келишди. Олдиларига қўйгани ҳеч нарса йўқ уйда! Ўзлари олиб келган нарсалар билан меҳмон қилиб, кузатдим. Улар кетгандан кейин ўзимдан ўзим яхши кузата олмаганимга юм-юм йиғладим. Касалванд қайнотам билан қайнонамни "гадойлар" деб юбордим. Даданг ишдан келгач, уйни бошимга кўтариб уришдим:

- Мени ер билан тенг қилдинг, номард! Наҳот уйингда ярим кило гўшт, бир кило гуруч, тўртта нонинг бўлмаса?!

Шундай десам ҳам бир оғиз ёмон гапирмади. Ахир "сен"сирадим, ҳақорат қилдим-ку?

- Қаноат қилинг, ҳаммаси яхши бўлади! - деди холос.

- Қачон? Қачон! - деб ерни тепдим.

Кетиб қолдим уйдан. Ота-онам билан шундай ночор оилага узатгани учун урушдим. Катталар яраштиришди. Шу орада сен туғилдинг. Ўта сабрли, ўқимишли йигит экан, менинг берган азобларимга қаноат қилди. Ҳақоратларимга ҳақорат билан жавоб бермади. Мен қўрқди десам, андиша қилган экан. Сўнг оиласи ночор бўлганлиги учун даданг билан ажрашдим. Оҳ, Козимжон, Козимжон! Мен аҳмоқлик қилганман!

Ўғли юпатди:

- Ая, қўйинг энди шу гапларни!

- Болам, шу кунгача юрагимдаги сирларимни сендан яширдим. Мен дадангга туҳмат, бўҳтонлар қилиб, ажрашдим.

- Хотин олса, ола берсин! Менга деса ўнта олсин ! - дедим судда!

Суд раисига "даъвоим йўқ" деб тилхат ёзиб бердим.

- Болангиз бор экан, алимент, дерсиз? - деди суд раиси.

- Менга алимент бергунча, қорнига нон олиб есин! - деб юборибман.

Кейин бировларнинг гапи билан алимент ҳам олдим, мен аҳмоқ. Хуллас, даданг бошқа қизга уйланди, отаси урушда ўлган етим қиз экан. Эр-хотин қаноат қилиб, ишлаб оиласини тиклашди, қатор-қатор ўғил-қизлар кўришди. Ҳозир ҳаммаси ўзига тинч, бадавлат. Эр-хотин ҳажга боришди. Ўғиллари катта ишларда эмиш! Одамлар ёмон экан: ўша оиладаги ҳамма икир-чикирларини менга олишиб келади... Озгина сув бер, болам...

- Козимжон, болам, битта оғир гуноҳим бор: буни Аллоҳ кечирмайди. Мен сени дадангдан ажратдим. Ахир сен унинг ҳам юрагининг бир парчасисан. Мен сени ажратиб олиб, унинг юрагидан бир чимдим юлиб олдим. Юлинган жойи тузалмайди. Ота-бола эт билан тирноқ бўлади. Мен ўша эт билан тирноқни бераҳмлик билан ажратдим. Излаб келиб, сени унга кўрсатмадим. "Дадам ким?" десанг, "Дадангни сўрама, сўрасанг тилингни суғириб оламан!" дедим. Мактабда ўқиётганингда кўргани келган. Синф раҳбаринг олиб чиқиб таништирганда мен аҳмоқ ўша ўқитувчини кўпчилик ўртасида ҳақорат қилдим. Бериб кетган совғасини ирғитиб юбордим.

Институтда ўқиётганингда яна излаб борди. У излаб боришини канда қилмади. Охири "Сиз менинг дадам эмассиз! Нега келдингиз?" дегизган ҳам мен эдим. Бу гапни айтишингга сени мен мажбур қилганман. Эсингдами?.... "Шундай десанг, келмай қўяди" деганман. Менинг энг катта гуноҳим эмасми бу?

- Ая, дадамдан мунча қўрққан эдингиз? - деди Козимжон.

- Сени олиб кетиб қолади, деб қўрққанман, болам. Ўгай отанг: "- Қўрқманг, олиб кетмайди, кўриб кетади, холос! У одам яхши одам! Фарзандлари кўп", -деса у билан ҳам уришибман. Аммо почта орқали келиб турган алиментини канда қилмай олиб турдим. Бир ой келмаса, судга бориб суриштирдим. У пулларни камингга ишлатдим. Сени шу даражага етишингда унинг ҳам ҳиссаси катта! Буни энди тушуняпман!

Болам, ўлимим яқин! Шунча гуноҳим билан Аллоҳнинг ҳузурига қандай бораман? Бу зулмларимни, бўҳтонларимни даданг "мен кечдим" демаса, Аллоҳ кечмайди. Кўряпсан, жон беришим қийинлашяпти, осонидан бермаяпти...

Онахон узун "уҳ" тортиб, давом этди.

- Шулар сабаб битта илтимосим бор, болам, дадангни олдига борсанг. Сени "жон" деб қабул қилади. У меҳрибон инсон. Менинг шу ҳолатимни айтсанг, яхшилаб тушунтирсанг. Илтимос қилсанг. Менинг гуноҳларимни кечса!... Мен у дунёга - Аллоҳнинг ҳузурига гуноҳлардан ҳоли бўлиб кетсам! "Розиман" деса, гуноҳларимдан кечса, жон таслим қилсам, розиман, болам!..

Она йиғлади, ҳушсизланди, бошини орқага ташлади. Козимжон кафти билан унинг бошини кўтариб, сув тутди. Онахон сувдан бир хўплади холос .

Козимжон эрталаб қўшни тумандаги дадасининг уйига борди. Уни юз хил андишалар ўраб олган эди. Дадаси нафақага чиқиб, уйига хусусий шифохона очипти. Касаллар навбат кутиб ўтирган экан. Козимжонни укаларидан бири кутиб олди. Шифо излаб келган одам бўлса керак, деб унга жой кўрсатди. Дадаси Козимжонни бир қарашда таниди.

- Козимжон! Ўғлим, - деб ўрнидан турди. Қучоғини очиб, бағрига босди, йиғлади.

- Ўғлим, қандай шамол учирди, - деб юборди.

Хотинини чақириб:

- Онаси, меҳмонхонага жой қилинг, ўғлим келди, - деди.

Наргиза опа яхши аёл экан, эри "ўғлим" дегандан кейин у ҳам қучоқлаб кўришди. Ҳамма ҳайрон!.. Наргиза ҳамма болаларини чақириб, Козимжон билан таништирди.

- Бу киши энг катта акаларинг - Козимжон! Қани, навбат билан кўришинглар-чи, мен бир кўрай! Сизларни соғиниб, излаб келипти, - деди.

Қосимжон ишини тугатиб чиқди. Хонадон тўйхонага айланди. Козимжоннинг дадасига, укаларига олиб келган сарполарини, совғаларини Наргиза опа хурсанд бўлиб ўтирганларга бир-бир кўрсатди.

Овқатдан кейин Козимжон дадаси билан аясига ёрилди. Онасининг аҳволини айтиб, кўз ёш қилди. Қосимжон билан Наргиза Аллоҳдан беморга шифо тилади.

- Ўғлим, бориб онангизни тинчлантирасиз. Наргиза, сиз гувоҳ бўлинг. Мен розиман. Менда унга нисбатан сира-сира адоват, ҳасад, гина-қудрат йўқ. Касални ўтказиб юборибсизлар. Агар бошланишида эшитганимда, даволаш учун ҳаракат қилар эдим. Бахтингизга тузалиб кетсин, набираларининг тўйини кўрсин. Орқангиздан неча марта борган бўлсам, соғиниб, кўриш учун бордим. Бирор нарса умидвор бўлганим йўқ, ўғлим! Фақат дийдорингизга ташна бўлиб борганман холос! Мана, ҳамма нарсамиз етарли, Аллоҳга шукр, - деди.

- Раҳмат, дада! Мен бугундан сизнинг ҳақиқий, чин ўғлингизман, ишонинг! Мени ҳам кечиринг! Олдингизда гуноҳкорман, - деди Козимжон қўлини кўксига қўйиб.

- Ўғлим, фарзанди учун отанинг бағри кенг бўлади! Мен ўша пайтда кечирганман. Сизда гуноҳ йўқ эди, билардим!

- Энди менга рухсат! Онамнинг олдида бўлай! -деб ўрнидан қўзғалди. Наргиза опа совға саломлар берди.

Козимжон дадасининг розилигини онасига етказди. Она хурсанд бўлиб, собиқ эрини дуо қилди.

- Энди Аллоҳ ҳузурига бегуноҳ бораман, иншооллоҳ! - деб уйқуга кетди. Козимжон онасини саҳар уйғотди.

- Рози бўл, болам! Мен ҳам сендан розиман! - деб кўзини мангуга юмди.

Дафн маросимига Қосимжон хотини билан етиб келди. Улар Козимжоннинг ёнида суянч бўлиб, тик турдилар.

Олимжон РАҲИМОВ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди