Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№5 дан: 31.01.2013

ЭР-ХОТИННИНГ БУРЧ ВА ВАЗИФАЛАРИ

Икки ёш яъни, келин-куёв оила қуришлари билан, янги, кичик бир жамият юзага келади. Умуман, кишилик жамиятининг хужайраси ҳисобланган ана шу оиладаги эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлмоғи керак? Эрнинг қандай мажбурият ва вазифалари бор? Хотиннинг мажбурият ва вазифалари нималардан иборат ҳамда уларнинг ўртасидаги муносабатлар қай тарзда бўлиши керак?

Дини Исломда бу каби саволларнинг барчасига жавоб берилган. Хотиннинг ўз аёллик бурчларини бекаму кўст адо этишлари оила мустаҳкамлигини таъминлайдиган муҳим омилдир. Шу боис, қуйида эр-хотиннинг ҳақлари ва бурчлари ҳақида сўз юритамиз.

Дарҳақиқат, оилада эр раҳбар ҳисобланади. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло "Эркаклар хотинлари устидан қоим турувчилардир. Сабаб Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларида сарф қилиб туришларидир" деб марҳамат қилган ("Нисо" сураси, 34-оят).

Албатта, Аллоҳ таоло эркак кишини унинг жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркак кишининг зиммасидадир. Шундай экан, у асосан, оиланинг ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши учун масъулдир. Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Сизларнинг ичингиздаги энг яхши эркак ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир".

Албатта, инсон зоти айбу нуқсондан ҳоли эмас. Шундоқ экан, шариатимиз эркакларни ўз аёлларининг айбларидан кўз юмишга буюриб, оиланинг бардавом, мустаҳкам бўлишлигини кўзда тутган ҳолда уларга панду насиҳат қилишни тавсия қилади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) муборак Ҳадисларида: "Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўминани ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ-атворидан бирини ёқтирмасада, бошқа хулқини ёқтириши мумкин", - деганлар. Ислом дини эркакларнинг мартабасини оилага бошчилик қилишдек шарафли ўринга кўтарган экан, ўз навбатида унга (эркак) маълум вазифаларни бажариш масъулиятини ҳам юклайди. Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: "Ҳар биримизнинг зиммамиздаги хотинларимизнинг ҳақлари нималардан иборат?" - деб сахобалар сўрашганда, "Ўзингиз еганингизда едирмоқлигингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслигингиз, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслигингиз, уришиб қолган тақдирингизда ҳам (уйдан бош олиб чиқиб кетмасдан) фақат уйнинг ичида гаплашмай юришингиз мумкин" - деб жавоб бердилар. Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) Ҳадисларининг бирида: "Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади" - деб марҳамат қилганлар. Минг афсуски, ҳозирги кунларда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларни унутиб қўймоқдалар. Бундай ҳолатлар пайдо бўлиши ачинарли, албатта.

Расули Акрам (с.а.в.) Ҳажжатул вадоъда эркакларга қарата мурожаат қилиб, бундай дедилар: "Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳақингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимсанинг киришига йўл қўймаслик... Ўз навбатида сизлар ҳам уларни ўрта ҳолатда едириб кийдирингиз" (Муслим ривояти).

Оилани мустаҳкам тутиш мақсадида Аллоҳ таоло аёлларнинг зиммасига ҳам вазифалар юклайди. Ушбу вазифалар хотиннинг ўз эри олдидаги мажбурияти ҳисобланади. Аввало, хотин эрининг буюрган барча хайрли амалларига итоат қилмоғи лозим. Аёлларнинг Жаннатга киришларига сабаб бўладиган энг асосий омил - эрни рози қилишдан иборатдир.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Қайси бир аёл эрини рози қилиб оламдан ўтса, Жаннатга киради", - деб марҳамат қилганлар. Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтамиз. Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) замонларида бир киши ғазотга кетаётиб хотинига, "Мен келгунимча уйдан бирор жойга бормагин", - деб тайинлабди.

У киши кетгандан кейин аёлнинг отаси касал бўлиб қолади ва кўришишлик учун қизига одам юборади. Солиҳа аёл "Эрим ташқарига чиқишимга рухсат бермаганди", - дейди.

Аёлнинг қариндошлари Расули Акрам (с.а.в.) ҳузурларига бориб, арз қилдилар. Шунда Расули Акрам (с.а.в.) аёлга одам юбордилар. Аёл яна: "Мен эримга итоат қиламан, шунинг учун ташқарига чиқолмайман" - деди. Шу вақт орасида аёлнинг отаси вафот этгани ҳақида хабар келганда ҳам у аёл эри келмагунча уйдан ташқарига чиқмади. Эри ғазотдан келгандан сўнг бирга бориб, таъзия билдириб келдилар. Шунда Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) га вахий келдики, эрига фармонбардорлик (итоат) қилгани учун уни мағфират этдим ва барча гуноҳларини кечирдим. Сарвари коинот бу хушхабарни ўша эр-хотинга етказдилар.

...Умид қиламизки, юқорида баён қилинган оят, Ҳадис ва улуғларимизнинг ўгитларидан барча эркак-аёл ибрат олса, албатта, оилаларимиз янада мустаҳкам бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ўз жуфтларига муҳаббатли қилсин, юртимизни обод қилиб, ҳасад ва ёмон кўзлардан асрасин. Юртимиздаги барча оилаларни мустаҳкам, иттифоқ қилсин. Оила қувончи бўлган фарзандларимизни эътиқодли, илмли, ахлоқли ҳамда ота-онасига раҳмат, эл-юртига манфаат келтирадиган инсонлар бўлиб улғайишларини насиб этсин.

Абдураззоқ ФАРМОНОВ,

Асака туманидаги

"Муҳиддин Саххоф

домла" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди