Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№9 дан: 28.02.2013

ЭРТА ТУРМУШНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТИ

"МЕНИ КЕЧИР, ҚИЗИМ"...

- Мени кечир қизим, ҳаммасига ўзим айбдорман. Мен ношуд онангни кечир болам... Фақат бизни ташлаб кетма... Қизим... Нафиса опа юрак-юрагидан, алам билан йиғларди...

Умида оилада биринчи фарзанд. Ундан сўнг уч нафар синглиси дунёга келди. Уларнинг оиласида ўғил фарзанд йўқ эди. Қизларнинг бари эсли-ҳушли, одобли, меҳнаткаш бўлиб вояга етди. Қиз бола бўлишига қарамай оғир меҳнатларни ҳам ўзлари қилаверишарди. Орадан йиллар ўтиб, қизлар бирин-кетин улғайишди. Уларнинг юриш-туришини кўриб, маҳалланинг айрим аёллари "оғиз сола" бошлашди. Нафиса опа аввалига қизлари эндигина мактаб битирувчиси эканини, қолаверса, ҳали коллежларда, олий ўқув юртларида ўқитиш нияти борлигини айтди. Қизларнинг дадаси ҳам "қизларимиз ҳали ёш" деб совчиларга розилик бермади. Умида эндигина коллежнинг биринчи босқичида ўқиётганда нима бўлди-ю, Нафиса опа Умидани ўқитмаслигини, уни турмушга беришини айтди. Орадан кўп ўтмай, узоқроқ қариндошининг ўғлига унаштириб қўйишди...

Умида коллежда аълочи ўқувчилардан бири бўлганлиги боис, устозлари қизнинг турмушга чиқишига қаттиқ қаршилик кўрсатишди. Аммо уринишлар бекор кетди. Умида биринчи босқични тамомлаганидан сўнг бир ой ўтиб, турмушга чиқди. Маълум вақт ўтиб, у хомиладор бўлди. Лекин тез-тез шифохонада ётди. Умида хомиладорлик даврларининг анча қисмини шифохоналарда ўтказди.

Бу пайтда Нафиса опа Умидадан бир ёш кичик иккинчи қизи Мунисани ҳам унаштирди. Нафиса опа гоҳ шифохонага Умидадан хабар олгани борар, гоҳ қизи Мунисанинг келинлик сарпо-сидирғаларини тайёрлашга тараддуд кўрарди. Бироқ қизи Умиданинг шифохонада оғир дақиқаларни бошидан ўтказаётгани, қизининг бу қадар азобланаётгани уни қаттиқ ташвишга қўйганди. Аёл Умидасининг азобланишига чидай олмай, бош шифокор қабулига шошди...

- Айтинг, қизимга нима қилди, нега ҳалигача шифохонадан рухсат беришмаяпти? Қизим кундан-кунга сўлиб бораяпти, нима учун? Нега бундай бўляпти? - деди у.

- Опажон, ўзингизни босинг. Қани, стулга ўтиринг-чи? - деди бош шифокор.

Нафиса опа йиғидан ўзини бир оз тийиб, шифокорга юзланди.

- Доктор, қизимнинг азобланишига чидолмаяпман. У қандай касал ўзи?

- Опажон, қизингиз неча ёшда?

- 17 ёшда...

- Уни қачон турмушга бергансиз?

- Ўн олти ёшида турмушга берганман...

- Афсус, қизингизни жудаям эрта турмушга берган экансиз. Нега бунчалар шошгансиз, билмадим, опа?.. - бош чайқади у. - Бунақа ёшда кўпинча қизлар ҳаётга ҳам жисман, ҳам руҳан тайёр бўлмайдилар, ахир... Қизингизнинг тенгдошлари ҳали ўйнаб-кулиб юрибди, сизнинг шошқолоқлигингиз сабаб, фарзандингиз мана шундай қийин аҳволга тушиб қолган. Унинг организми жудаям заиф экан, мана, орадан қанча вақт ўтди, гоҳ ўзининг, гоҳ туғилажак чақалоғининг соғлигини яхшилашга урин-япмиз. Аммо...

Нафиса опа бош шифокорнинг сўзларини эшитиб, ич-ичидан эзилиб кетди...

- Опа, қисқаси набирангизни асраб қололмаслигимиз ҳам мумкин. Боя айтганимдай, она организми жудаям заиф. Беморнинг аҳволини бир амаллаб яхшилашга уриняпмиз.

Нафиса опа бу хабарни эшитиб эсанкираб қолди. Аламдан йиғлаб юборди.

- Нима, нима дедингиз!? Йўқ, йўқ, ундай бўлишига йўл қўйманг, илтимос. Қизим буни эшитса чидай олмайди. Ўзи шундоғам кундан-кунга сўлиб боряпти, болам бечора...

Орадан бир неча кун ўтиб, Нафиса опани зудлик билан шифохонага чақиртиришди. Шифохонада қудалари, куёви алланечук бир аҳволда туришарди. Нафиса опа уларнинг ёнига борар экан, яқинлари турган эшик тахтачасидаги ёзувни кўриб, тунов кунги шифокорнинг сўзлари бир-бир ёдидан ўта бошлади...

- Нафисахон яхшимисиз? Умидахонни "операция хонаси"га ярим соат аввал олиб кириб кетишганди. Ҳанузгача улардан дарак йўғ-а? - деди қудаси ташвишланиб.

Чамаси икки соатлардан кейин "Операция хонаси"дан бош шифокор чиқди. Умид билан кўзлари жовдираб турган яқинларига беморнинг аҳволи бир оз яхшилигини айтди. Бу гапдан улар анча енгил тортгандек, чуқур нафас олишди. Бош шифокор беморнинг турмуш ўртоғини ўз хонасига чақираркан, стулга жойлашишгач, куёвга охисталик билан гап бошлади:

- Аброржон, аёлингизнинг аҳволи яхши, худо хоҳласа ҳаммаси ўтиб кетади. Лекин... лекин сизга айтсам... бола нобуд бўлди. Уни жарроҳлик йўли билан дунёга келтирдик, у... ўғил бола экан. Биз қўлимиздан келганини қилдик. Аёлингиз жуда ёш бўлгани боис, унинг организми ҳали оналикка тайёр эмасди, яъни у эндигина балоғат ёшида... Унинг организми заиф ва қувватсиз бўлгани сабаб бола нобуд бўлди ва муддатидан илгари туғилди.

...Аброржон, сизга бир нарсани айтиб қўйишим керак, таҳлил натижалари шуни кўрсатяптики, аёлингиз энди фарзанд кўролмаслиги мумкин.

Аброржон бир сесканиб тушди. Ўтирган ўрнидан хиёл тураркан:

- Ундай деманг, доктор. Ахир... - дея томоғига бир нима тиқилгандай бўлди.

- Афсуски шундай - шифокор унга ачиниш билан қаради. - Аммо мўъжизалар ҳам бўлиб туради. Ахир, ҳамма нарса Яратганнинг қўлида. Насиб бўлиб, балки кўпгина фарзандлар кўрарсизлар. Ноумид шайтон. Шундай бўлса-да, бу ҳақда билиб кўйганингиз яхши. Муҳими, аёлингизни ранжитманг, унинг сиқилишига йўл қўйманг. Айниқса, асабийлашиш мумкин эмас.

Бу гапларни эшитиб, Аброржоннинг эси оғиб, тили айланмай қолди. Лекин ўзини базўр қўлга оларкан, бош шифокор хонасидан аранг чиқиб кетди. Эшикни очиши биланоқ қаршисида қайнонасини кўрди. Нафиса опа Аброр билан бош шифокорнинг суҳбатини эшитиб турган экан.

Куёвини кўрди-ю, унинг маъюс чеҳрасига боқиб, унсиз йиғлади:

- Мени кечиринг, болам, - деди охиста. - Ҳаммасига мен айбдорман, мени деб бўлди.

...Мени кечир, қизим. Мен ношуд онангни кечир... ҳаммасига мен, мен айбдорман.

- Бўлди, йиғламанг. Ўзингизни айбламанг. Ҳаммаси яхши бўлади. Умида тузалиб кетса бас.

Аброр бу сўзларни айтар экан, юрагининг бир четида "орзу" лигича қолиб кетган ниятлари юрагига ханжардай урилди. Дарди ичида, аламни ичга ютиб, қайнонасига тасалли бериш учун ўзида куч топишга ҳаракат қиларди. Инсон қувончи, ҳаётининг мазмуни - бу фарзанд. Аммо энди бундай шодликлар Умидага бегона бўлиб қолади. Бунга ота-онасининг уни эрта турмушга берганлиги сабаб эди. Бўлиб ўтган воқеалардан кейин келин-куёвнинг ота-онаси ўзларини айблаб, афтодахол аҳволда қолишди. Лекин хато қилганларини жудаям кеч билдилар, энди ортга йўл йўқ.

Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда айрим ёш оилалар орасида ажралишлар кўпаймоқда, ёш келинлар бахтсиз бўлиб қолмоқда. Бунинг сабаби, юқоридаги каби баъзи ота-оналарнинг шошқалоқлик билан қизларини эрта турмушга узатишларидир. Ҳали оила қуришга жисмонан ва руҳан тайёр бўлмаган балоғат ёшидаги қизлар ота-оналарининг "зўр"и билан турмушга чиқиб, Умиданинг холига тушаётганликлари минг афсуски, бор гап. Айниқса, мулоҳазасиз оналаримизнинг хаёлий орзу-ҳаваслари туфайли айрим қизларимизнинг умрбод бахтсиз бўлиб қолаётганликлари ачинарлидир.

Қизларни эрта турмушга узатаётган айрим ота-оналар мулоҳаза билан иш юритсалар яхши бўларди. Кейин афсус қилиб, ўзларини ҳам, фарзандларини ҳам оғир аҳволга солиб қўймасликларини хоҳлардик.

Марҳабо

АКБАРАЛИЕВА,

жамоатчи мухбир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди