Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№15 дан: 11.04.2013

РУҲШУНОС БИЛАН СУҲБАТ

РУҲ ПОКЛИГИ МУРОДГА ЕТКАЗАДИ

Нигора Шомуродова Фарғона давлат университетининг социология психология факультетини тамомлаган. Айни пайтда Тошкент давлат иқтисодиёт университети катта ўқитувчиси сифатида иш олиб боради. Оилали, икки нафар фарзанди бор.

Н. Шомуродова психолог сифатида самарали фаолият олиб бораётган етук мутахассислардан. У билан инсон руҳияти, психологиянинг ҳаётимиздаги ўрни ва роли каби қатор масалалар хусусида суҳбатлашдик. Ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Нигорахон, айтингчи психология ҳаётимизда, умуман, инсон учун қандай аҳамият касб этади?

- Психология фан сифатида ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда ушбу соҳа ҳаётимизнинг ҳамма жабҳаларида муҳим аҳамият касб этади. Руҳшунос - инсон руҳиятини даволайди. Руҳ соғ бўлса, тана соғ бўлади, руҳ соғлом бўлсагина ақл ривожланади. Инсон ўз салоҳиятини тўлақонли намоён эта олади.

Қадимий "Авесто" китобида "руҳ - осмонники, тана ерники, қувват оралиғники" дейилган. Бу фикр инсон руҳияти масаласига боғлиқ фалсафа. Шу маънода айтиш мумкинки, инсонни тушкун ҳолатлардан чиқаришда, унинг руҳий ҳолатини барқарорлаштиришда психологиянинг аҳамияти жуда каттадир.

Умумтаълим мактабларида ва бошқа турли соҳаларда психолог штатининг очилиши, айниқса, спорт жамоаларида ва бошқа турли соҳаларда психологлар иш олиб бораётганлиги руҳшунос мутахассислиги айни кунда зарур эканлигини кўрсатади. Касбий фаолиятим давомидаги кузатишларим, таҳлиллар жараёнидан шуни аниқладимки, кейинги йилларда одамларда психология фанига қизиқиш, соҳага яқиндан ёндошиш ҳолатлари кузатилмоқда. Буни инсон тафаккурининг юксалиши, кишиларнинг руҳан покланишга бўлган интилиши белгиси, деб биламан. Зеро, Қуръони Каримнинг "Шамс" сурасида "Руҳини пок қилган одам муродига етгай", дейилган. Демак, руҳшунослик ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этадиган, соҳа эканлигига асло шубҳа йўқ.

- Психология ва оила деганда нимани тушунишимиз керак?

- Оила масалалари психология фани билан чамбарчас боғлиқ. Чунки оиланинг мустаҳкам бўлишида эр-хотиннинг руҳий ҳолати ва тушунчалари муҳим аҳамиятга эга. Оилавий келишмовчиликлар туфайли оилада турли муаммолар келиб чиқади, руҳий танглик вужудга келади.

Оилавий тангликларни таҳлил қилганимизда, фақат ёш оилаларгина эмас, қуда-андали бўлган, катта ёшдаги эр-хотинлар ўртасида ҳам ажралиш ҳолатлари кузатилади. Бу ҳолатлар таҳлил этилганда аксарият ҳолларда уларнинг стресс ҳолатларга тушиб қолганликлари сабаб бўлади.

Ана шундай вазиятлар юзага келиб қолса, улар имкони бўлса руҳшуносга мурожаат қилишлари мақсадга мувофиқдир. Ёки ана шу кезларда эр ва хотин тушкун ҳолатдан чиқиши учун бирга ўтказган яхши кунларини, бир-бирига қилган совғаларини, биргаликдаги саёҳат онларини, фарзандлари қувонч бахш этган онларини эслашлари керак. Шундагина уларнинг ўртасидаги меҳр қайта тикланади. Руҳий тушкунликдан руҳий тикланишга ўтилади, натижада, оила сақланиб қолинади.

- Психология фанида оила қандай турларга бўлинади?

- Психологияда оилалар уч турга бўлинади, яъни, катта оила, тўлиқ оила ва нотўлиқ оила.

Бу оила турлари ичида нотўлиқ оилада зиддият ва муаммолар кўп бўлади. Чунки оилада ё ота, ё она етишмайди. Отанинг ёки онанинг йўқлиги, уларнинг меҳридан баҳра олмаслик фарзандлар тарбиясига салбий таъсир қилади. Болаларда ўксиниш, меҳрга ташналик, одамовилик сезила бошлайди. Ота-онанинг меҳри ўрнини ҳеч нарса тўлдира олмайди. Болаларнинг синаётган кўнглини тўлдириш учун ота-оналар ўз руҳий ҳолатларини англаши, кечиримли бўлиши, агар оилани барбод қилса, кексайганида нималар кутаётганини англаб етишлари керак. Бу ҳақда машҳур адиб донишмандлардан бири шундай ёзади: "Бола тарбияси учун давлат бошқаришда талаб қилинганидан кўра чуқурроқ тафаккур, донолик талаб этилади".

- Оилада эр ва хотин ўз бурч ва вазифаларини адо этишда нималарга кўпроқ эътибор қаратиши лозим?

- Айрим оилаларда ишлар "бу эрнинг иши", "бу хотиннинг иши"га ажратилади. Оилавий рўзғор юмушларида бундай ажратишлар катта жанжалларни келтириб чиқаради. Динимизда ҳам аёлларга ёрдамлашиш кераклиги айтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳазратлари ҳам аёлларига ёрдам берар эдилар.

Эрлар кўпинча аёлларидан нолийдилар, лекин уларнинг масъулиятли юмушлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Аксарият ҳолларда оила майда гаплардан таназзулга учрайди. Шунинг учун М. Монтень айтади: "Уйлансангу, ҳеч қанақа масъулият сезмасанг, бу - хоинликдир". Аёлдан талаб қилинадигани саришталик, пазандалик, хушмуомалаликдир. Ўз навбатида эркак ҳам ўз аёлига миннатдорлигини билдириб туриши лозим. Ҳаётда кўпчилик эркаклар оиласидан, ўз хотинларидан катта иззат-ҳурматни талаб қиладилар. Бу оиладаги келишмовчиликнинг бош сабабидир. Шундай пайтларда оилага руҳий таъсир ўтказилиб, отанинг яхшилиги тоғдай юксак, онанинг муҳаббати денгиздай чуқур бўлишини уқтириш лозим.

- Кўпинча, ота-оналар фарзандларини ўсмирлик даврида бошқаришга қийналадилар. Бунинг сабаби нимада?

- Боланинг бу даври психологияда "ўтиш даври" дейилади. Болалар улғайиб оқ-қорани таний бошлагач, ота ёки онадан айрим камчиликларни сеза бошлайди, уларни танқид қилади. Шунда ота-она ҳам ўзини йўқотмай, тарбияга психологик жиҳатдан ёндашиши, фарзандларининг руҳиятини ўрганишлари керак. Ижтимоий кутилмаган зарбани енгишда ота-онанинг фикри бир-бирига мос тушиши лозим. Ота-она фарзанд кутган нарсани бера олмаса, болалар бошқалардан ўрганишга муҳтож бўлади. Болаларда тажанглик, гапга кирмаслик юзага келади. Доно халқимизда: "Бола етти ёшгача подшо, ўн тўрт ёшгача қул, ўн тўрт ёшдан кейин дўстинг-дир", деган ҳикматли гап бор. Ана шу фикрдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, болани қачон мақташ, қачон тақдирлаш, қачон жазолаш кераклигини яхши билиш керак.

- Муштарийларга, азиз опа-сингилларимизга қандай тилакларингиз бор?

- "Обод турмуш йили" барчаларига омад келтирсин. Покизалик, соғлик-саломатлик, меҳнат, самимийлик, меҳр-муҳаббат инсонни ўз мақсадларига етиштиради. Шу боис ушбу фазилатлар ҳар биримизга ҳамроҳ бўлсин. Ҳар бир оила ўзига хос кичик бир давлат. Оиланинг шароитлари маънавий, моддий даражаси бир-бирига ўхшамайди. Истардимки, турмушнинг ободлигини таъминлашда барча фаол бўлсин, оилада отанинг, онанинг, фарзанднинг ўз ўрни, ҳурмати бўлса, дейман.

- Суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатдош:

Соҳибахон ҲОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди