Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№16 дан: 18.04.2013

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ОНАЛИК - МУҚАДДАС ВА МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА

Санъаткорлар орасида шундайлар борки, кўпчилик уларнинг исмини билишмайди. Аммо жуда яхши танишади, унга меҳр қўйиб, ҳурматлашади, ардоқлашади. Бундай санъаткорлар халқ эътирофини қозонган чин маънодаги санъаткорлардир. Қуйида ана шундай бахти кулган актрисалардан бири Ўзбекистон халқ артисти Азиза БЕГМАТОВА билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Азиза опа, сизни кўплаб юртдошларимиз Азиза БЕГМАТОВА эмас, "Чеча" деб танишади. Бунга сиз қандай муносабат билдирасиз?

- Актёр учун ўйнаган бирор роли орқали танилиш ва ўша образ номи билан аталиш бу катта бахт. Шундай экан, мени халқимиз Чеча номи билан таниб, шундай атаганидан хурсандман. Ҳатто, кўча-кўйда юрсам ҳам менга Чеча дея мурожаат қилишади. Ўзингиз айтгандек, баъзилар мени ҳатто, Азиза Бегматова эканлигимни ҳам билишмайди. Аммо мен бундан хафа бўлмайман.

- Айни кунда ўзбек аёллари деганда кўз олдингизда кимлар гавдаланади?

- Ҳозир аёллар ҳар соҳада илгарилаб кетишган. Баъзан улар орасида эркаклардан ҳам анча олдинлаб кетганларини учратамиз. Чиндан ҳам XXI асрда аёл депутат, аёл сиёсатчи, аёл тадбиркор, аёл раҳбар, аёл иқтисодчи. Борингки, ҳамма жабҳанинг юқори чўққиларида аёллар бор. Бундан ташқари, улар уйда оқила бека ва фарзандларнинг тарбиячисидир. Бугунги ўзбек аёллари ҳам уйни, ҳам касбини моҳирона уддалаётган, ҳар ишда фаолдир. Уларга ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Бундай аёлларнинг фарзандлари ҳам эртанги кунга муносиб тарзда тарбияланмоқдалар.

- Сиз ҳам ишни, ҳам оилани уддалаган аёллардан бирисиз. Бу сизга қийин бўлмаганми?

- Албатта, ҳар бир ишнинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Айниқса, бекалик ва оналикнинг масъулияти катта. Бизга ўхшаган аёлларнинг эса елкасидаги бурч бошқалардан икки баробар кўпроқ. Чунки биз ишда одамларни, халқни маърифатга чақириб, уларни маънавий тарбиялашга ҳаракат қилсак, уйда фарзандларимизни жамиятга муносиб тарбиялашга интиламиз. Бундан кўриниб турибдики, ҳаётимиз энг нозик тарбия масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун мен фарзандларимга, оиламга, турмуш ўртоғимга, шулар билан бир қаторда набираларимга ҳам вақт топишга ҳаракат қиламан. Албатта, бу мен учун осон эмас. Аммо дилимда улар ва касбимга бўлган чуқур меҳр бор. Ана ўша муҳаббат мени ёниб яшашга, ҳаётни севиб, ундан баҳраманд бўлишга ундайди. Атрофимда ҳар доим яхши одамлар йўлдош бўлишган. Уларнинг кўмаги билан мен энг катта муваффақиятларга эришганман. Бундан ташқари, ҳар доим эртанги кунимга режа тузиб оламан. Режасиз иш қилмайман. Шунинг учун ҳаммасига улгураман. Бошқаларга ҳам режали иш қилишни маслаҳат бераман. Шунда ҳамма нарсага улгуриш мумкин.

- Оналик, фарзанд тар-бияси дунёдаги энг машаққатли ва масъулиятли вазифа дейишади. Сиз оналикнинг машаққатларини нималарда кўргансиз ва қачон англаб етгансиз?

- Чиндан ҳам оналик жуда машаққатли ва масъулиятли вазифадир. Она бир сония ҳам фарзандини ёлғизлатиб, қаровсиз қолдирмаслиги керак. Онанинг бир лаҳзалик эътиборсизлиги кўплаб ноҳушликларга сабаб бўлиши мумкин. Мен ҳам уч нафар фарзанд, бир қиз икки ўғилни катта қилиб, элга қўшдим. Худога шукур, бугун уларнинг барчаси ўз йўлини топган, уйли-жойли. Аммо уларни катта қилиш, элга қўшиш мен учун осон кечмади. Жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. Бундан неча йиллар илгари бўлган бир воқеани айтиб берсам. Ўшанда ишхонада янги спектакль тайёрлаётгандик. Шу кунларда эндигина икки ёшга тўлган қизимнинг мазаси қочиб қолганди. Лекин ишга ҳам бормасам бўлмасди. Ноилож фарзандимни қайнанамга қолдириб, ўзим театрга кетдим. У ерда на юрганим, на турганим татиди. Саҳнада роль ўйнайману хаёлим, бутун диққатим уйда қолган бемор боламда эди. Ниҳоят спектакль тугадию, қушдай учиб уйга бордим. Бориб не кўз билан кўрайки, болам бир аҳволда ётар, юз-кўзлари кўкариб, оғзидан кўпик оқарди. Қайнанамнинг кўзлари яхши кўрмасди. Шу боис, боламнинг аҳволини кўрмай, уни қўлига олиб нуқул тебратиб, алла айтарди. Агар яна ярим соат кеч қолганимда қизалоғимдан ажралиб қолардик. Дилбандимни кўрпага ўрадиму, зудлик билан шифохонага олиб бордим. Худонинг марҳамати билан у бир ўлимдан қолган. Худога шукр, ўша қизим ҳозир катта аёл, уйли-жойли, болали-чақали бўлган.

- Сизни шудай қийналиб ишлашга нима мажбур қилган?

- Биз янги турмуш қурганимизда болаларимизга қарайдиган, бизга ёрдам кўрсатадиган яқин инсонимиз йўқ эди. Ҳамма нарсани ўзимиз қилишига мажбур эдик. Шунинг учун ҳам ишлардим. Бундан ташқари, касбимга бўлган жуда кучли муҳаббатим ҳам ишлашимга мажбур қилган. Болаларимнинг бугунги кундаги бахтли турмушини кўрсам, ўтмишдаги барча қийинчиликларим унутилиб кетади ва Яратганга шукроналар айтаман. Мен ўз тақдиримдан хурсандман. Болаларим камолини кўрдим. Эл-юрт олдида обрў-эътибор топдим.

- Театр ва кинода кўплаб образлар яратгансиз. Табиийки, эркак партнёрларингиз ҳам бўлади. Шундай вазиятларда турмуш ўртоғингизнинг жаҳли чиқиб, рашк қилмайдими?

- Йўқ. Бунақаси бўлган эмас. Чунки биз турмуш ўртоғим билан бир театрда фаолият юритганмиз. Улар гарчи санъаткор бўлмаса-да, театрнинг техника бўлимида ишлаганлар. Ҳозир нафақада. Шунинг учунми санъатни жуда севади ва тўғри тушунадилар. Бу касбнинг машаққати, заҳмати ва қийинчиликларини кўриб турадилар. Саҳна ҳаётини ҳар доим тўғри қабул қилади.

- Азиза опа, бугунги кунга етишингиз, халқ эътиборига тушишингизда хизматлари сингган устозларингиз ҳақи-да айтиб ўтсангиз?

- Кўп инсонлардан "Мен бахтлиман" деган гапни эшитамиз. Мен ҳам худди шундай, чин маънодаги бахтли санъаткорлардан бириман. Чунки олижаноб, билимли, ўз ишининг етук мутахассиси бўлган режиссёр, устозим Тошхўжа Хўжаев қўлида таҳсил олганман. Улардан кейин эса, яна бир етук режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан бирга ишладим. Уларнинг ёрдами, ўгитлари ва маслаҳатларига амал қилган ҳолда бугун эл таниган актирса бўлиб етишдим. "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига муносиб топилдим. Актёр ҳар доим ҳаётни кузатиши керак. Чунки театрнинг ўзи ҳаёт дегани. Ўзига керакли характерни ҳам, образни ҳам актёр фақатгина ҳаётдан топа билади.

- Кўплаб актрисалар бирор образ яратишга жуда қаттиқ киришиб кетгани боис спектаклдан сўнг ҳам неча кунлаб, унинг ҳолатидан чиқиб кета олишмайди. Сизда ҳам шунақа ҳолатлар бўлганми?

- Ҳа, бўлган. Бу ҳолат "Чеча" спектаклидан кейин айниқса, қаттиқроқ бўлган. Мен бу ролни ижро этишга шу даражада қаттиқ киришиб кетганманки, унинг дарди, кечмиши ҳаётининг ҳар лаҳзаси худди ўзимникидай бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам сценарий бўйича қалтис, бир оз кўнгилсиз воқеалар бўлса, уларни юрагимга яқин олиб, йиғлаб юборардим. Чунки образ ижросига бутун муҳаббатим ва юрагим билан киришиб кетганман. Шунинг учун ҳам "Чеча"да ўзимни роль ўйнаган эмас, саҳнада яшаганман, деб айта оламан.

- Мухлисларингиз ва Андижон аёлларига қандай тилаклар билдирасиз?

- Андижонга кўп борганман. Менга андижонликлар, унинг меҳмондўст халқи жуда ёқади. Айниқса, аёллари бошқача. Самимий, гўзал, дилбар ва меҳнаткаш улар. Мен ана шундай опа-сингилларимга, онахонларга, қизларимга ҳар доим соғлик, омонлик йўлдош бўлишини тилайман. Бир умр оилавий бахтдан масрур яшашсин. Кўзлари фақат қувончдан ёшлансин. Барчамизга фақат яхши кунларда дийдорлашиш насиб этсин. МЕН АНДИЖОНЛИК МУХЛИСЛАРИМНИ ЯХШИ КЎРАМАН!

Суҳбатдош:

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди