Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№16 дан: 18.04.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

"КЕЛИН СУПУРГИ БЎЛАДИ..."

Ирода тонг қоронғусида ўрнидан турди. Ўғилчаси уйғониб қолмасдан уй ишларини бажариб олиши керак. Чунки бугун жуда ишлари кўп. Қайнонасининг ҳам маҳаллада ўтириши бор, унга бирон бир пишириқ тайёрлаши лозим.

Қайнсинглиси Моҳинурга иш буюрса, қайнонасидан балога қолади: "Ўз уйида ўйнаб-кулиб олсин, бировнинг эшигида қилади ҳали..." дея кесатади дарров.

Отаси оламдан ўтганда Азимжон олийгоҳнинг биринчи курсида ўқирди. Аввалига у ўқишни ташламоқчи бўлди. Кейин сиртқи бўлимга ўтиб, фабрикага ишга кирди. Кечалари талабаларнинг чизмаларини чизди, курс ишларини ёзди. Уйда мол-қўй боқиб, кўпайтирди. Бир амаллаб рўзғор тебратишга киришди. Топган-тутганига Аллоҳ барака бериб, ўзларини анча ўнглаб олишди.

Азимжон Ирода билан институтда танишишди. Бир кўришдаёқ уни ёқтириб қолди. Онаси уни уйлаш ҳақида гап очганда, кўнглидагини айтди.

- Ҳали хотинниям ўзим танлайман, дегин...

- Ахир, ойи...

- Бўпти, олиб бераман. Аммо билиб қўй, ўша ҳурлиқоинг менинг чизган чизиғимдан чиққан куни ўзини кўчада кўради.

Мастура опа калондимоғ, иззатталаб аёл. Раҳматли эри Маҳмуд ака ҳам унинг шу феълини ёқтирмасди. Эркак бўлиб бир оғиз гапирса, тамом эди. Бир пайтлар ичкуёв бўлиб киргани таъна тоши бўлиб юрагига ботарди. Шундай пайтларда уйдан бош олиб чиқиб кетмоқчи ҳам бўларди, лекин уч боласини ўйларди. Топганини хотини қўлига топшириб, муроса йўлини тутарди. Дардини ичига ютаверган эканми, ё умри қисқамиди, оламдан эрта кўз юмди. Лоақал, Азимжоннинг тўйини ҳам кўрмади...

Мастура опа барча юмушларини Иродага юклаб, уни ишлатмай қўйди. Юмшоқ табиатли Ирода ҳам бу уйнинг "тартиби"га кўникиб кетди. Ирода қайнонасини "гап"га кузатиб қўйиб, ўғилчасини овқатлантиришга ўтирди. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Чиқса, дарвоза ортида укаси турибди.

- Опа, тезда уйга боринг, онам иситмалаб ётибди. Қарагани одам йўқ... - деди у салом-аликни ҳам унутиб, саросима аралаш.

Ирода қўрқиб кетди. Шошиб уйга кирди-ю, ухлаб ётган қайноғаси Аҳаджонни уйғотди. Унга вазиятни тушунтириб, уйга тез бориб келишини айтди. Кийимини ҳам алмаштирмай, ўғилчасини кўтариб уйларига чопди. Борса, онасининг иссиғи жуда баланд. Укасини "Тез ёрдам"га юборди. Ўзи қозон осиб, суюқ солди. Шифокорлар келиб муолажа қилишгач, Адолат опанинг иссиғи тушди. Бир оз ўзига келгач, хавотирланиб қизига:

- Энди тузукман, борақол, қизим. Уйингдагилар хавотир олади, - деди.

Шусиз ҳам безовта бўлиб ўтирган Ирода онасининг юзларидан ўпиб, хайрлашди-да, йўлга тушди. Халлослаб етиб кела солиб, уй эшигини очганини билади, эшитган дағ-дағаларидан капалаги учди:

- Орқага қайтинг! Остонадан ичкарига кирманг! Менга сиздақа ўзбошимча келиннинг кераги йўқ.

- Вой, ойижон, нималар деяпсиз. Ахир онам касал бўлиб... - келиннинг гапи оғзида қолди.

- Онангиз касал бўлса, укаларингиз бор! Отангиз ҳаёт, қолаверса, онангиз ҳали ёш, ўлар чоғи йўқ. Сиз бировнинг хасмисиз!

Шафқатсизларча айтилган бу гаплардан Ироданинг эти увишиб кетди. Кейин йиғлагудек бўлиб базўр деди:

- Ойи, кечиринг, ке-чи-ринг, билмабман...

Мен ўлганим йўқ эди-ку?!

- Шошиб қолдим, Аҳаджон уйда деб...

- Мендан сўроқсиз ҳеч қаёққа бормаслигингиз керак эди! Келин - супурги, қаерга қўйсанг ўша ерда туриши керак. Боринг, боринг, чиқиб кетинг, дедим сизга!

Ирода нима қиларини билмай қолди. Бироз каловланиб турди-ю, қайнонасининг важоҳатидан чўчиди. Бақир-чақирга қўлидаги ўғилчаси ҳам қўрқиб, йиғлаб юборди. Ирода болани бағрига босганича ташқарига чиқиб кетди. Шу пайт Моҳинур ишдан келиб қолди. Келинаясининг авзойини кўриб, қўрқиб кетди. Жиянини қўлига олиб уйга кирди.

- Ойи, нималар бўляпти ўзи? Ҳеч бўлмаса мана бу гўдакка раҳмингиз келмайдими?

- Э, сен қиз, менга ақл ўргатма! Ўзбошимчаликнинг жазоси - шу!

Шу орада Азимжон ҳам ишдан қайтди. Дарвоза ёнида йиғлаб турган хотинини кўриб, тажанглашди. Нима гаплигини суриштиргач, хотини учун онасидан узр сўради:

- Бир сафар неварангиз ҳурмати кечиринг, ойижон. Бошқа қайтарилмайди.

Азимжонга Моҳинур ҳам, Аҳаджон ҳам қўшилишди.

Мастура опа отдан тушса ҳам эгардан тушмайдиганлардан эди. Келини уйга қайтгани билан, анча вақтгача унга гапирмай, қовоқ солиб юрди. Ирода эса оиласини сақлаб қолиш учун қайнонасининг тор феълига базўр чидаб бўлса-да, "ойижон" лашни тилидан туширмади.

Орадан бир йил ўтди. Бу орада Моҳинур тагли-тугли хонадонга келин бўлди. Аммо тўйига ҳеч қанча вақт бўлмай, ўз уйига аразлаб келиб олди. Нима эмиш, қайнонаси "ўткир" эмиш.

Мастура опага қизининг қайтиб келиши анча ҳижолатга қўйди. Айниқса, келининг олдида яхши иш бўлмади.

Ўн кундан бери ҳам қуда томондан хабар бўлмагач, ниҳоят Мастура опа қизини ўзи олиб бориб қўйди.

Моҳинурнинг қайнонаси "ўткир" бўлгани билан инсофли экан. Уларни илиқ кутиб олди-ю, аммо Мастура опанинг юрагини бир гап нақ тешиб ўтди: "Келин супурги бўлади, қуда! Қаерга қўйсангиз ўша ерда туриши керак..." - деди қудаси ҳам.

Мастура опа лом-мим деёлмади. Бошини ҳам қилганича ортига қайтди. Шундан кейин Моҳинур ўз уйида тинчиб ўтириб қолди.

Ирода ҳам қулоғи тинчиб қолганидан хурсанд. Чунки қайнонаси яхши томонга ўзгарган эди. Гоҳида ҳатто Иродага: "Қизим, уйингизга бориб, онангиздан хабар олиб келинглар. Қудаларим ҳам неварасини соғинишгандир?" - деса, Ирода ичига сиғмагудай бўлиб: "Шу аёл менинг қайнонамми?" - дея хурсанд бўларди. Яратганга шукрлар айтар экан бу қаноатнинг ҳосиласи эканлигига яна бир бор амин бўлди.

Барно ШЕРАЛИ қизи.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди