Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№17 дан: 25.04.2013

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

АНДИЖОН

Бобур учун бешик бўлган маконим,

Нодирага ишқ беролган нурконим,

Чўлпонларга алла айтган бўстоним,

Ўзбекистон кўрки сенсан, Андижон.

Эзгуликлар яратади ҳар йўлинг,

Не синовни енгиб ўтди ҳар йилинг,

Бахти порлоқ ёшларингдир ҳур дилинг,

Ўзбекистон кўрки сенсан, Андижон.

Ёшларинг сўзлар жаҳон айвонида,

Кексаларинг дуо қилар ёнингда,

Ободликка қўл тут ҳар бир онингда,

Ўзбекистон кўрки сенсан, Андижон.

Озодахон ОЛИМОВА,

Шаҳрихон тумани.

РАНГИН ФАСЛЛАР

Баҳор, мактуб ёзар тунлари уйғоқ,

Қаламнинг нолиши ижодга чорлар.

Яшиллик дунёни аллалаган чоқ,

Қаҳратон аламда бағримни доғлар.

Ёз, ишқнинг майи кўнглимни ғашлаб,

Муҳаббат туйғуси бўлди-ку йироқ.

Ўтмиш сарҳисобин ортимга ташлаб,

Шеъримнинг сатрида яшайман мудроқ.

Куз, япроқларингга оралаб ажин,

Титроқ қўлларингдан тўкилар хатлар.

Ёрнинг алдовига қулоқ солиб жим,

Қайтадан туғилар янгича аҳдлар.

Сайёра РАҲИМОВА,

Андижон тиббиёт коллежи талабаси.

МЕН ЎЗИМНИ

ТАНИМАЙМАН

Мен ўзимни танимайман, ким ўзи у?

Лабларида сохта кулгу, жилмаяди.

Бир қарасанг, кўз ёшлари оқар дув-дув,

Ёстиғига минг ҳаёлда бош қўяди.

Мен ўзимни танимайман, ким ўзи у?

Гоҳо мағрур, ҳақ сўз учун курашгувчи.

Юрагини эзғилайди қандай оғу,

Шунча кўпми фақат унга тош отувчи.

Мен ўзимни танимайман, ким ўзи у?

Бир йигитни тушда кўриб севиб қолган.

Айтинг, она, жавоб беринг менманми шу?

Ўз-ўзини таниёлмай ўйга толган.

Сабоҳат АНОР.

ТАБИАТ

Шалаббо тонг дийдираган кун,

Булоқлар кўзида товланар дунё.

Хаёл забонидан келаётган ун,

Сукунат бўзлайди ёмғирдек гўё.

Замин уйғонади тун ёстиғидан,

Дилга беором бир титроқ солганча.

Шабнамга тўйинган намгил майсалар,

Ловуллар ғунчадан бўса олганча.

Турналар қайтади соғиниб бизни,

Юрагим чайқалиб тутқазар қалам,

Сархуш туйғулар жўштирар қалбни.

Шундайин мафтункор, гўзалдир олам.

Нодира МАМАЖОНОВА,

Избоскан тумани.

ЎХШАШЛИК

Баҳор келди яшнаб, очилиб,

Бор диллардан кетди ғубор,

Заминга ҳам гул сочилиб,

Кўкламона чертилди тор.

Баҳор тафти ўхшаш шундай,

Онажоним хуш меҳрига.

Тунлари ҳам ойдин кундай,

Алла айтар ишқ сеҳрига.

Яшил фасл соғинчига,

Банди қалбнинг ҳар қавати.

Лек дунёда ундан улуғ,

Онажоним муҳаббати.

Моҳидил АБДУЛЛАЕВА,

Булоқбоши тумани.

ОРЗУЛАР

Қалбим жўшқин бир дарё,

Тошар орзулар, ҳислар.

Туйғулар очар дунё,

Кўнгилда бахтли излар.

Мен осмонман бағри кенг,

Юлдузлардир умидим.

Ой-у қуёш бўлиб тенг,

Чексиз нурин сочар жим.

Нигоҳларимда ғурур,

Келажакка боқаман.

Юракда бор аланга,

Эрк машъалин ёқаман.

Зуҳра АЛИЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги

37-умумтаълим мактабининг ўқувчиси.

ЁМҒИР

Ёмғир ёғар, ёғади ёмғир,

Армонлардан туғилган қаҳр.

Чорасизлик эзар бағримни,

Пешонами, айтинг, ё тақдир?

Бўрон турар, чақади чақмоқ,

Оловидан қалбда ўтли доғ.

Бу не савдо, не синоатдур,

Қадамимни қаршилайди чоҳ.

Йиғлаб кўзда қолмади ёшим,

Ўйларимдан айланар бошим.

Йиллар бирдек дард бирла ўтар,

Қолмаяпти синиқ бардошим.

Қайғу келар дардларин олиб,

Елкасига ғамларин солиб.

Айтинг ахир, гуноҳларим не?

Алам ичра қоламан ёниб.

Изтиробда ўтади йиллар,

Осмон мени индамай тинглар.

Бир бошимда шунчайин савдо,

Борми бағри, юраги кенглар?

Гавҳарой АРАПОВА.

БИРОВНИНГ ЁРИНИ ЁР ДЕМАНГ АСЛО

Қалбимни тирнайди аламли сўроқ,

Бунча бағрингиз тош сизни "Моҳитоб".

Нима керак сизга айтинг шунчалар,

Қийнаманг бировнинг жуфтини шитоб.

Умрингизда бордир сизга ҳам йўлдош,

Ўғиллар, гул юзли қизингиз сирдош.

Бир кун тутмайдими мен тўккан кўз ёш,

Аёлга зийнат-ку андиша, бардош.

Яратганга аён ўтар тунингиз,

Хушёр тортинг зулмат бўлгай кунингиз.

Синовлар лаҳзани синаганида,

Сиздан ҳисоб сўрар ташвиш юкингиз,

Отасин сўроқлар норасида жон,

Юраклари зада, қалблари вайрон.

Юпатолмай кўнглин, йиғлайман,

Ўзи инсоф берсин сизга парижон.

Нафиса МУСАЕВА,

Қўрғонтепа. тумани.

ЎЗБЕКИСТОН

Юртим, шон-шавкатинг юксалди бугун,

Эгилма, мағрур бўл, қаддингни ростла.

Гўзал ҳуснинг бор, ризқ-рўзинг бутун,

Янада юксалгин, жон Ўзбекистон!

Бахтиёр онларга етишдик аста,

Бизга ғамхўрдирсан, ўзинг меҳрибон.

Шу мустақил юртга жоним пайваста,

Янада юксалгин, жон Ўзбекистон!

Юртбошим бошлаган йўллари равон,

Дунё лол қолган гўзал бир макон.

Хурсандман, бу юртда туғилганимдан,

Янада юксалгин, жон Ўзбекистон!

Сен менинг борлиғим, қалбим, ҳаёлим,

Камолингдан қалбга сиғмас ҳаяжон.

Сен бор экансанки, гўзал ҳаётим,

Янада юксалгин, жон Ўзбекистон!

Гулҳаё НЕЪМАТЖОНОВА,

Шаҳрихон тумани.

СЕВГИЛИМ

Юрагимни юлдилар кулиб,

Банди қилиб муз нигоҳларга.

Кўнглимни-да бирма-бир тилиб,

Ташлаб кетди совуқ чоҳларга.

Яшаяпман аросатда доғ,

Кузакларда очилмас гулим.

Хазон рангин олаяпти боғ,

Дил соғинди сени, севгилим!

МАФТУНА.

ЮРАКЛАРДА МАНГУ ҚОЛГАН МУҲАММАД

(Шоир Муҳаммад Юсуф хотирасига)

Қизғалдоқлар очилганда баҳор чоғи,

Яшнаб кетар Марҳаматнинг ҳар чорбоғи,

Аммо дилни эзаверар ўтмиш доғи -

Муҳаммадсиз йиғлар бугун Марҳамат.

Оҳуларга сирин айтган беғубор инсон,

Юрт мадҳини тилдан туширмай бир он,

Хўп соддадил, самимий, хокисор инсон,

Муҳаммадсиз қолди бугун Марҳамат .

Кўрмай кетди фарзандларин бўйларини,

Ҳур келинчак бўлган қизин тўйларини,

Шеърларида битиб орзу-ўйларини,

Муҳаммадсиз қолди бугун Марҳамат .

Ханузгача ашъорлари тилдан тушмас,

Мерос колган китоблари қўлдан тушмас,

Ўзбек халқи содда шоирин асло унутмас,

Юракларда қолган бугун Муҳаммад.

Райхон ҳидларидан баҳра олган зот,

Шеърларида қишлоғини улуғлаган зот,

Номин халқ қалбига муҳрлаган зот,

Юракларда мангу қолган Муҳаммад.

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди