Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№17 дан: 25.04.2013

МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУД КУНИ ОЛДИДАН

ШОИРНИНГ РАФИҚАСИ

Юртимизга келинчак фасл - баҳор ташриф буюрди. Ўзи бирла кўкламойни, Наврўзни етаклаб келди. Ўрик, олча, гилос, бутун дов-дарахтлар қийғос гуллади. Халқимизнинг севимли шоири Муҳаммад Юсуф ёқтирган ялпизлар ариқ лабларида бўй кўрсатди. Ҳа, мана шундай тароватли, гўзал кунларда шоир Муҳаммад Юсуф таваллуд топган. У киши ҳаёт бўлганида эди бугун 59 ёшга қадам қўярди. Мана шундай қутлуғ кунда эл суйган шоирнинг табаррук хотирасини ёд олиб, унинг ижодига кўмакчи, ҳаёт йўлларида ҳамроҳ, турмуш қийинчиликларини баҳам кўрган инсон - рафиқаси, шоира Назира ас-Салом хотиралари, уларнинг биргаликдаги ҳаётлари ҳақида тўхталмоқни жоиз топдик.

Назира ас-Салом 1956 йили Самарқандда туғилган. Лекин унинг болалиги Тошкентда ўтган. Пойтахтдаги 162- ва 105-сонли умумтаълим мактабларида ўқиди. Сўнг ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг журналистика факультетида таҳсил олди. Университетда ўқиш билан бирга, "Ўқитувчи" нашриётида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. Дастлаб корректор, сўнг тил ва адабиёт бўлимида муҳаррир, кейинчалик "Тил ва адабиёт" журналида, сўнг Республика Ёзувчилар уюшмасида адабий ходим вазифаларида меҳнат қилди. 2003 йилдан буён "Муҳаммад Юсуф" номли жамғарма раиси ҳамда жамғарма муассислигида чоп этилаётган "Олтин қалам" газетаси Бош муҳаррири бўлиб ишлаб келмоқда.

Назира ас-Салом турмуш ўртоғи Муҳаммад Юсуф ижодининг биринчи тингловчиси бўларди, шоирнинг янги ёзилган шеърлари ҳақида ўз фикрларини билдирарди. Қолаверса, уларнинг ижод борасидаги қарашлари ҳам ҳамоҳанг эди. Шу боис ҳам биргаликда чоп этилган "Эрка кийик", "Юрак садоси" деб номланган тўпламлар шеърият ихлосмандларининг севимли китобига айланган.

Улар ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтишда ҳамиша бир-бирларига елкадош бўлдилар. Оила қурган дастлабки йилларда Тошкентда уй-жойлари йўқлиги сабабли аввал Оқтепада танишлариникида, сўнгра маълум муддат Назира опанинг ота-онасиникида яшашган. 1987 йил уларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Дархон маҳалласидаги тўққиз қаватли бинодан тўрт хонали уй ажратилган. Уйга ордер олинган биринчи куниёқ Муҳаммад Юсуф хурсанд бўлганидан битта кўрпача, битта ёстиқ олиб, хали чироқ, газ берилмаган, одамлар кўчиб кирмаган уйда ёлғиз ўзи ётиб қолган эди. Шу кеча шоирнинг тушига Хизр кириб, унинг бошини силаганлигини дўстлари билан бўлган суҳбатларида кўп бор айтарди.

Назира опа билан Муҳаммад Юсуф танишган дастлабки пайтлар, айниқса, эсда қоларли бўлган. Назира опа ҳар куни ишдан сўнг Бодомзордаги уйига трамвайда қайтганлиги учун шоир унинг ҳусни жамолига тўймай трамвайлардан норози бўлиб шеърлар ёзганлиги барчамизга маълум.

Бекатларда мен қоларман-да,

Айтар сўзим қолиб кетади.

Бодомзорга ҳар куни сени,

Трамвайлар олиб кетади.

Темир йўлга бошларин уриб,

Ғилдираклар нолиб кетади.

Бодомзорга ҳар куни сени,

Трамвайлар олиб кетади.

Юр, деб ўзим кетар ёқларга,

Буролмайман трамвайларни,

Уролмайман трамвайларни,

Сўколмайман трамвайларни,

Кўролмайман трамвайларни.

Муҳаммад Юсуф Назира опага бўлган муҳаббатини ҳам жуда содда, самимий, лекин ўзига хос баён этган экан. Бу ҳақда Назира опа шундай ҳикоя қилади: - Бир куни Муҳаммад ака билан ишловчи бир йигит менга хат берди. Хатни бераётиб, олдингизга ўзи келолмаслигини, икки соат ўтириб, дилидагини хатга туширганини айтди. Уйга кириб хатни очиб қарасам, бир варақ қоғозда бор йўғи бир қатор жумла - "Назира, менга турмушга чиқсангиз" деб ёзилганди.

Ҳа, бетакрор истеъдод соҳиби бўлган шоир ўз севгисини шундай камтарона изҳор этган экан.

Назира опани қайнотаси Юсуф ота, қайнонаси Энахон она ва катта бувиси Турсун бувилар ҳам жуда яхши кўришарди. Шоир оиласи билан Марҳаматга - ота уйига келганларида уйлари байрамга айланиб кетарди. Айниқса, Назира опанинг Тошкент шевасида гапиришига ҳавас килишарди. Назира опа ҳам уйда меҳмондек ўтирмас, ҳали у ишни, ҳали бу ишни қилиб тиним билмасди. Буни кўрган Юсуф ота "мени тошкентлик фаришта келиним бор" деб мақтаниб, ҳамиша дуо қиларди.

Бизни бировлардан

не камимиз бор,

Эй жуфти ҳалолим,

не ғамимиз бор.

Гарчи боғлар кезиб

юрмадик бирга,

Эсласак арзирли хуш

дамимиз бор…

Гарчи мен билан ҳеч йўқдай

ишларинг,

Мен ҳақдадир, ҳатто

кўрган тушларинг.

Севдим демасанг ҳам

севгинг изҳори-

Кўзинг тўла меҳр

жилмайишларинг.

дея Муҳаммад Юсуф ўз рафиқаси ҳақида гўзал сатрлар битганида нафақат ўзининг. балки ота-онаси ва яқинларининг дил изҳорларини баён этган бўлса не ажаб.

Муҳаммад Юсуф вафот этган кун Назира опанинг ҳаётидаги энг қора кун бўлди. Унинг изтиробу надоматларидан гўё дунё йиғлади. Шоирсиз Назира опа руҳан қийналиб яшади. Лекин вафотидан сўнг шоирга эл-юрт томонидан кўрсатилган улкан ҳурмат ва эҳтиром Назира опага руҳий мадад берди. Унинг ишларини давом эттириш, номини абадийлаштириш, қолаверса, Муҳаммад Юсуф ижодини кенг тарғиб этиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлашдек эзгу ниятлар билан Муҳаммад Юсуф номли фонд ташкил этди. Яхши инсонларнинг қўллаб-қувватлаши билан айни кунда фонд самарали фаолият кўрсатмоқда. Унинг ишини янада кенгайтириш учун эса Назира опа тинимсиз меҳнат қилмоқда.

Ўз ўлимини олдиндан сезиш хислати камдан-кам одамда бўлади. Истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф ўз умри поёнига етиб борётганини гўё сезгандай, Қорақалпоғистон сафарига боришга оёғи ҳеч тортмаётганини кўп бор такрорлаган экан.

Шоир вафотидан кейин Назира ас-Салом "Улуғимсан, Ватаним", "Биз бахтли бўламиз", "Сайланма" номли китобларини нашрдан чиқарди. Бундан таш-қари, бир ойда икки марта чоп этилаётган "Олтин қалам" газетаси орқали шоир ижоди кенг тарғиб этилмоқда. Қолаверса, ушбу газета кўмаги билан республикамиздаги қанчадан-қанча ёш истеъдодлар кашф этилмоқда.

Ҳа, Муҳаммад Юсуф ижодини ўқиганки одам унинг аксарият шеърлари рафиқаси Назира ас-Саломга бағишланганлигини билиб олади. Жумладан:

Биз бахтли бўламиз

Худо хоҳласа,

Худо хоҳламаса

Учрашармидик?!...

ёҳуд

Гулим сени гулдай асрай

олмадим,

Суйиб, сийлолмаган

султонинг бўлдим.

Меҳрингни меҳрим-ла

оқлай олмадим.

Нетай сен яхши мен

ёмонинг бўлдим…

Дорга осгил мени,

дорингга шукур,

Борингга шукурлар,

борингга шукур…

Руҳий мадад олмоқ, турмуш ўртоғининг табаррук хотирасини ёд олмоқ ниятида Назира ас-Салом келин бўлган юрт - Марҳаматга тез-тез келиб туради. Унинг қабрини фарзандалари Маъсудахон, Нозимахон ва Мадинахонлар, набиралари Билолбек, Жасмина, Исломбек ва Филизхонлар билан биргаликда зиёрат қилишади. Улар эл эъзозлаган, ижоди билан ўз номини асрларга муҳрлаган инсон зурриёти эканликлари билан фахрланиб яшайдилар.

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ,

Марҳамат тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди