Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 02.05.2013

ҚУДАЛАР БИР-БИРИНИ АВАЙЛАСИН

Икки ёшнинг умид билан қурган оилалари бахтли, никоҳлари бардавом бўлишлари кўп жиҳатдан қудаларга боғлиқ. Қудаларнинг ўзаро муносабати, айниқса, халқимизда жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Қолаверса, бизлар иложи борича, бизни тарбиялаб, уйлаб-жойлаб қўйган ота-оналарнинг кўнглини олишга, уларни рози қилишга ва ранжитиб қўймасликка интилиб яшаймиз. Бу ҳам бўлса исломий одоб-ахлоқ асосидаги шарқона тарбиянинг энг гўзал намуналаридан биридир.

Айтиш жоизки, бугунги кунда жамиятнинг асосий бўғини бўлган оилаларнинг аҳил-тотув турмуш кечиришлари, оиладаги қўйди-чиқдилар, ёш аёлларнинг бева қолиши, норасида гўдакларнинг ота ёки она меҳрига зор тирик етим бўлишига ана шу одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилмаслик сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, тўйлармиздаги риё учун, "одамлар кўрсин", деб қилинаётган кераксиз дабдаба ва бехуда харажатлар ҳам тафаккуримизнинг оқсаётганини билдиради.

Неча бора айтилишига, матбуотда бот-бот ёзилишига, маҳалла фаоллари, имомлар, отинойилар томонидан доимий равишда тарғибот қилинишига қарамай, давом этиб келаётган, на мусулмончиликка, на аждодларимиз урф-одатларига ва на бугунги кун талабига тўғри келмайдиган исрофгарчилик ва тўқликка шўхликни тўхтатишимиз лозим.

Айниқса, қиз ўстириб, уни турмушга узатаётган кишилар қатор қийинчиликларга дуч келаётганликлари ниҳоятда ҳунук ҳолатдир. Бир фарзандни ўн саккиз-йигирма йил тарбиялаб, энди қўлидан иш келиб қолганида бировнинг хонадонига бир умрга бериб юбориш ҳам осон иш эмас. Қолаверса, қиз фарзандга ўғил боладан ҳам кўра кўпроқ эҳтимом қилинади. Озгина нуқсон етиб қолса ҳам катта ташвиш келади. Эсон-омон вояга етказиб, турмушга тайёр қилишликнинг ўзи катта масъулият талаб этади.

Тўй қилган ота қийин аҳволга тушиб қолса ҳам, қизининг кўнглини ранжитмаслик учун бемаъни одатларни бажаришга, зарурати бўлмаган буюмларни олиб беришга мажбур бўлмоқда.

Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун мушоҳада билан, имкониятларимиз даражасида иш тутишимиз керак. Аввало, келин томон бировнинг гап-сўзига эътибор бермай, шароитни ҳисобга олган ҳолатда кўрпасига қараб оёқ узатмоғи, шариатимиз чегараларидан чиқмаслиги, исрофгарчиликларга йўл қўймаслиги лозим. Лекин асосий муаммонинг ҳал қилиниши кўпроқ куёв томонга боғлиқ. Улар таъмагирлик қилмаса, қудаларни эҳтиётласагина, салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин.

Кўпчилик "ҳамма қиляптию" деган гапни ушлаб олган. Бу эса ўзлари хоҳламаган нарсасини қилишга сабаб бўлади. Мен эса "йўқ, ҳамма ҳам қилаётгани йўқ" дейиш мақсадида, ўзим яхши билган бир инсон хатти-ҳаракатларини мисол тариқасида келтирмоқчиман.

Ўша танишим аввало, қизини чиқаришда "стенка" ва тўшама ётоқ (спальний) каби буюмларни олмади. Тўйдан кейин ҳам кунига уч-тўрт маҳал овқат-маъзар ташимади. Хайит байрамларда дабдаба қилмади. Энг асосийси, куёвнинг ота-онаси ҳам кераксиз одатларни бажаришига изн бермади. Бу эса қиз томонга анча далда бўлди. Ҳеч ким уларга маломат ҳам қилмади, устидан ҳам кулмади. Қиз ҳам ўксимади. Ҳозирда уларнинг ҳаётлари жуда чиройли ва ширин ўтмоқда.

Яқинда набиралик бўлишди. Ўша оилада бешик тўйи ҳам меъёрдан оширилмасдан, ихчам, жуда чиройли тарзда ўтди. Ҳолбуки, мен айтаётган ана шу инсон ҳам фарзандини яхши кўради. Фарзандига бошқалардан кўпроқ сарфлаб завқланиши ҳам мумкин эди. Дабдабага яраша имкони ҳам бор эди. Лекин бошқаларга ибрат бўлсин, дея ана шу йўлни тутди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, кераксиз ва бемаъни урфлар асосан, аёллар томонидан ўйлаб чиқарилмоқда. Шу боис, аҳли аёлларимиз ўртасида кўпроқ тушунтириш ишларини олиб боришимиз зарур.

Яна бир яқин биродаримиз тутган йўлни айтмаслик мумкин эмас. Зеро, унинг ҳаракати ўзгаларга ҳам ибрат бўлсин. Бу киши келин томондан келган ортиқча буюмларни олиб келган машинасига қайтариб юклаб жўнатиб юборди. Қудаларининг қийналиб топган мол-дунёси эвазига шунча буюмга эгалик қилишни ўзига эп кўрмади.

Аллоҳ бизларни ана шундай андишали, инсофли кишилардан ибрат оладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин. Топган мол-давлатимизни беҳуда харажатлар ўрнига фарзандларимиз соғлиги, камоли, шу билан бирга, эл-юрт манфаати, Ватанимиз равнақи учун сарфлашимизга тавфиқ айласин.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака тумани бош

имом-хатиби.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди