Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 02.05.2013

НАФОСАТ БОҒЛАРИДАГИ ИФОР

УСТОЗИМ, ШОИРА ОЙДИН ҲОЖИЕВАГА ЭҲТИРОМ

Ҳамон кечагидек ёдимда. Олийгоҳнинг журналистика факультетида ўқирдим. "Орзу куртаклади" шеъримни матбуотда чиқариш ниятида бир талай қўлёзмаларимни олиб, "Шарқ юлдузи" журнали таҳририятига бордим.

Эшикни тақиллатдим. Ичкаридан киринг, деган майин овоз эшитилди. Тортиниб, ийманиб ичкарига кирдим. Рўпарамда ўша мен газета ва журналларда босилган шеърларини, суратларини йиғиб юрадиган Ойдин опа. Ҳа, шоира Ойдин Ҳожиева ўтирарди. Ҳаяжондан не дейишни билмай қолдим. Шунда опа ўзига ярашган табассум билан "кираверинг, тортинманг", деган лутфни кўрсатди.

Ойдин опа билан кўришмоқни, суҳбат қурмоқни орзу қилиб юрардим. У кишининг шеърлар тўплами чоп этилса, дарров сотиб олардим. Телевизорда шеър ўқиса, жон қулоғим билан тинглардим. Энди бўлса, шоиранинг ҳузуридаман. У бўлса, оддий талаба, яна нотаниш бир қизга ҳушчиройлик билан марҳамат кўрсатяпти.

Ҳа, ўшанда мен шоира Ойдин Ҳожиевани биринчи бор кўриб, суҳбатини олгандим. Шеърларимни ўқиб, маслаҳатлар берганди. Аммо шоира бўлолмадим. Журналист бўл-дим. Қўлимда қаламим, қишлоқ, шаҳарларни кездим. Суюкли қаҳрамонларим дарди-қувончи билан яшадим. Касбимга, шаънимга доғ туширмай нафақага чиқдим. Меҳнатларим эвазига қадр топдим, элга танилдим, обрў-эътибор қозондим.

"Обод турмуш йили" деб номланган янги йилимизнинг баҳори келди. Кўклам боғларга, тоғларга зангор гиламини ёйди. Боғларда гулбарглар ифори димоққа урилади. Табиатнинг гўзаллигидан, хушбўйлигидан энтикасиз. Ҳудди шу кезларда, айни кўклам нафаси уфурган паллаларда Бухородан Тош- кентга бориб шоиралик бахтига муяссар бўлган Ойдин опа Ҳожиевани ўйлагим, у ҳақда ёзгим келади. Тўғриси опани жуда соғиндим. Шеърларидаги нафосатни, мақолаларидаги табиийликни, жисми-суратидаги файзни соғиндим. Сўзлашлари латиф, нафаслари ширин, қарашлари самимий бўлган Ойдин опани беҳад ҳавас қилганмиз. Тўғри, шоиралар кўп. Лекин улар орасида Ойдин опа назми, насри билан ўзига хос эди. Учрашувларда шеър ўқиса, зал тинчиб қоларди. Хонада опанинг ширин овози узра сирғалган сатрлари бир гул бўлиб юрагимизга қадаларди. У Ватан ҳақидами, одамийлик, бахт, муҳаббат мавзусида шеър ўқисинми, барибир кўзларимиз ёшланиб тинглаганмиз.

Яна баҳор келди қадам

ранжида,

Яна майса гиёҳ

талпинди кунга.

Қушларнинг тилидан

тушмай қасида,

Борлиқ тўлаётир ажиб

ҳуснга.

деб, ёзган эди опа "Яна баҳор" шеърида. Бугун опа улуғвор ёшда янада кўркам, ўктам бўлиб давраларга файз бағишламоқда. Энди унинг шеърлари мухлислар, ҳофизлар тилида.

Ойдин опа ўзига хос шоира. Ўзига хослиги унинг ёзганларида, умр йўлларидаги сабргулга ошнолигида, кўнгли кенгу ҳушфеъллигида, умр карвонига шукроналигида. Умр ҳам оқар сув экан, кўз очиб юмгунча ўтаркан-кетаркан. Аммо ўша умрни инсон қандай ўтказди. Ватанига, хал-қига, маҳалласига, оиласига не наф келтирди? Ойдин опа шоира, "Саодат" журналининг муҳаррири, ёшларнинг устози сифатида ҳамиша кўнгил эшикларини ланг очиб, бир оғиз сўзи, қўлидан келган иши, беминнат яхшилиги, меҳрибон ва ғамхўрлиги билан кўплар учун ибрат намунасини кўрсатди.

Ўзбекистоннинг чекка қишлоқларида яшовчи аёллар, оналар, келинчаклар, қизларга бир оғиз ширин сўзи, лутф-марҳамати билан қувонч улаша олади. Бу унинг илҳом қаламидан тўкилган мулоҳазали, мунозарали мақолалари, юракларни жиғиллатадиган шеърлари орқали исботини топди ва у шундай ёзганди:

Ҳеч нарса сўзламайлик

бугун кўзлар сўзласин,

Неча йил унут бўлган ширин

сўзлар сўзласин.

Табассумни соғинган заҳил

юзлар сўзласин,

Ҳеч нарса сўзламайлик,

бугун кўзлар сўзласин...

Бу кун нафосат боғларида кўклам нафаси. Гуллар атрини симиргинг келади. Ҳаёт карвонининг сабрли бекаси Ойдин Ҳожиева улуғ ёшда. Ҳамон юзидаги нур, тилидаги бол ўша-ўша. Ҳар гал китобларни варақлаб, шеърларини ўқиганда юрагим энтикади. Кўнглимда соғинч ҳиссини туяман. Яна опани яқиндан кўргим, суҳбат қургим келади. Шеър ўқийверса, мен тинглайверсам дейман. Ҳаёлот бўлса ҳам суюнаман. Барибир соғинч яхши-да. Дунёнинг бир четида бўлсанг ҳам соғинадиган кишинг бўлса. У ким бўлишидан қатъи назар, онангми, устозингми, қариндошингми, ёрингми, дўсти-нгми, жигарингми ёки ўзининг меҳри, эътибори, камтарлиги билан юрагингдан жой олган инсонми? Хуллас, нафосат боғларидаги ифорни ҳис этганмисиз? Чучмома бедорлиги-ю, лолақизғалдоқ бағри қонлиги. Салқин-салқин саҳарлардаги шабодалар ҳазилини-чи? Олис қишлоқлардаги уйғоқлик, анҳорлардаги сувлар тўлқини, она тупроқ тафтидаги илиқлик, обод ва озод юрт қучоғидаги шукроналик - барча-барчаси Ойдин опа шеъриятининг асл мағзига айланган. Ўша туйғуларни сиз унинг "Манзиллар", "Шабнам", "Мен севган қўшиқ", "Орзу гули", "Тароват..." каби шеърий тўпламларида битилган сатрларда учратасиз.

Нафосат боғларидаги ифорларига айланган шеърлар маликаси, Ўзбекистон халқ шоираси Ойдин Ҳожиевани соғинамиз, кўргимиз яна шеърларини эшитгимиз келади. Начора, сиз олисда, биз Анжонда. Аммо кўнгил яқин. Кўклам нафаси уфуриб турган кунларда сизни яна бир умр баҳорингиз билан қутлаймиз. Шеър ишқи юрагингизни асло тарк этмасин. Умр йўлларида ҳамиша гўзал ва ғолиб бўлиб юринг. Биз мухлисларингиз Сизни доимо соғиниб яшайлик.

Сиздан ўрганайлик

сабр-тоқатни,

Дўст-у ғанимларга

меҳр шафқатни,

Сиз ёниб яшайсиз,

кўниб яшайсиз,

Кўзингиз ёш бўлсада,

кулиб яшайсиз...

Мукаррама

ҒАНИЖОН қизи,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди