Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№18 дан: 02.05.2013

(ҲИКОЯ)

РАЪНО

Банк эшиги қия очилди-ю, бўйдор икки йигит кириб келди. Уларнинг бири шеригига нимадир деди-да, иккинчи қаватга чиқиб кетди. Бири эса Раъно ўтирган дарча ёнига келди:

- Яхшимисиз, опа, бизнинг пулимиз ўтибдими?

Раъно қаршисидаги кўзларида ажиб бир маъно балқиган, бўйинбоғи ўзига ярашиб турган қадди-басти адл йигитга қаради-ю, ичида нимадир "чирт" узилди. Борлиғини тушуниб, англаб бўлмас аллақандай туйғулар қуршади. У тезгина ўзини ўнглаб олди-ю, мониторга кўз ташлаб:

- Қайси ташкилот? - деб сўради.

- "Ёрқин ҳаёт" фирмаси, - деди йигит.

Раъно керакли файлни излаб, топиб кўрди-да, "йўқ, ўзгариш бўлмабди", - деди. Йигит раҳмат айтди-ю, ортига ўгирилди. Нарироққа бориб ким биландир телефонда гаплашди-да, эшикка йўналди. Раъно унинг ортидан қараб қоларкан, ҳаяжони ҳали ҳам босилмаганини сезди. Қўлидаги тўқ қизил ихчам степлер ерга тушиб кетди. Беихтиёр у ўрнидан қўзғалди. Столни шошиб айланиб ўтди-да, иккинчи қаватга кўтарилиб, ойнадан пастга қаради. Бояги йигит кўчани шошилмай кесиб ўтди-да, йўл четида турган оппоқ "Ласетти"га чиқиб, кўздан ғойиб бўлди.

Раъно жойида пича туриб қолди. Сўнг изига қайтди. "Менга нима бўлди, ўйлади қиз, - наҳотки... Ишқилиб битта-яримта, айниқса, анови Ойиста опа кўриб қолмаган бўлсин. Йўқса, бирга ўн қўшиб, уни эртагаёқ ғийбатларга бош қаҳрамон қилади. Ўзи асли шу ғийбат қаердан келган экан? Одам боласи тинч яшайқолса, ҳаммаси бир-бирини чин кўнгилдан авайласа, қадрласа қандай яхши!" Раъно болалигида кўп китоб ўқирди. Ўша китоблардаги қаҳрамонлар ғоят олийжаноб, фидойи инсонлар эди. У дунёни, ҳаётни шундоқ пок ва маъсум-мусаффо тасаввур қиларди. Аста-секин улғайди, оқу қорани фарқлайдиган бўлди. Билдики, ҳаёт бошқа, у ўқиган китоблар тамоман бошқа.

Қиз шу хаёллар гирдобида экан, тезгина жойига келди-да, ишини давом эттирди.

***

"Наҳотки севиб қолган бўлсам?"

Шу савол унинг миясида гир-гир айланар, бир он бўлсин, ўз ҳолига қўймасди. Ётса-турса фикри-ёди ўша кунги йигитда. Ким у, исми нима - жумбоқ. Фақат "Ёрқин ҳаёт" фирмасида ишлашини билади холос. Бир хаёли ўша фирманинг маълумотномасини топиб, йигит ҳақида сўрамоқчиям бўлди. Аммо, ўзини босди. Одатда, йигитлар бу масалада "ташаббус" кўрсатган қизларни унча писанд қилмайдилар. Ҳар ҳолда, Раъно шундай деб ўйларди. Аксига олиб, йигит бошқа келмади. Ой охирлаб қолди, ҳисобот топширгани келар, деб қилинган тахмин ҳам саробга айланди. Иттифоқо, бир куни йигитнинг ўша куни бирга келган шериги келиб қолди. У орқали гапни айлантириб, йигит ўзи билган фирмада бош ҳисобчи эканини, исми Элдорлигини билиб олди.

- Ҳа, ошнам ёқиб қолдими? - сўради йигит.

Раъно дув қизариб кетди, аммо сир бой бермай, гапнинг нишобини бошқа ёққа буриб юборди.

- У жуда "қаттиқ", - деди йигит, - қизларга умуман қизиқмайди, иккита жойда ишлайди, кечқурун "Stile Groupp" марказига тил ўрганишга боради. Кузда Японияга ўқишга кетмоқчи.

"Қизларга қизиқмайди эмиш! Қизиқмайдиган йигит бор эканми дунёда? Нечтасини бошини айлантириб юргандир", ўйлади қиз.

***

- Элдор, - деди Акмал. - Ҳалиги банкдаги қиз сенга қизиқиб қолибди.

- Ким?

- Банкдаги қиз. Ҳалиги оқ футболка кийиб юргани бор-ку!

- Ҳа, хўш?

- Ўшани жигаридан уриб қопсан. Бугун борувдим, сени роса сўраб-суриштирди. Рақамингни сўраганди, бермадим.

- У билан бир марта гаплашдим холос-ку, - деди Элдор ажабланиб, - Шунда ҳам иш юзасидан.

- Билмадим, билмадим, - деди Акмал. - Машойихлар дебдиларки, баъзан бир ўтли қарашнинг ўзи ҳам чин севги туғилиши учун кифоя қиларкан.

- Яна машойихлар дебдиларки, - деди Элдор. - Фақат эҳтиросларгагина қурилган севги, ўтда куйган тўнкадек кул бўларкан. Қизларга ҳам ҳайронман. Мен уни кўринишидан туппа-тузук қиз деб ўйлагандим.

***

Пишган мевага харидор келганидек, бўй етган қизи бор уйга ҳам келди-кетди бўлавераркан. Бу, албатта, азалий қонун. Уйларига бирин-кетин келаётган совчиларга у онаси орқали рад жавоби берар, кўз ўнгида биргина Элдор эди. Аммо унинг қалби забт этилмаган орол янглиғ Раъно учун мавҳум эди. Элдорнинг телефонини топди. Бир-икки қўнғироқ қилиб, гап ташлаб кўрди. Аммо бу уринишлари бекор кетди: йигит ҳар гал гапни қисқа қилиб узиб қўяверди. Лекин қизнинг фикру ёди унда эди. Раъно бир ёқдан ўз-ўзини койир, суймаганга суйкалиб ғурурини оёқости қилаётганидан танг бўлар, лекин кўнглининг бир четида умид бир ҳовуч кул ичидаги чўғдек ялтираб турарди. Тушларида у Элдор билан боғларда қўл ушлашиб юрар, бу тушлар қачондир ўнгидан келишига, албатта, ишонарди.

- Элдор ака, - деди Раъно бир куни. - Маиший хизмат коллежида ишим бор эди. Билмаяпман...

- Қандай боришни ҳозир тушунтириб бераман, - деди Элдор.

- Қизнинг тарвузи яна қўлтиғидан тушди.

(Давоми бор.)


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди