Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№26 дан: 06.06.2013

ПУШАЙМОНЛИК

ФОЖЕАНИНГ ИЛДИЗИ

Дилшод аканинг Россияга бориб, оилавий ишлаб келиш ҳақидаги гапи ҳаммага маъқул бўлди. Негаки, кейинги пайтда савдодан келаётган даромад ҳам рўзғор ва фарзандлар ташвишини қоплай олмаётганди. Кенжа ва ягона қизи Нигора бувиси қарамоғида қоладиган бўлди. Акалари ва ота-онасининг жўнаб кетиши қиз кўнглини бироз чўктирди, аммо вақт ва бувисининг меҳри уни яна аввалги шўхлигига қайтарди.

Ойларни қувлаб йиллар ўтди. Нигора мактабни тамомлаб, аммасининг кўмагида шаҳардаги педагогика коллежига ўқишга кирди. Дилшод ака эса қизининг эҳтиёжлари учун пул юборишни канда қилмасди. Нигоранинг аммаси аҳён-аҳёнда хабар олар, юмшоқлик билан интизомга чақирар, насиҳатларини аямасди. Вақтлар ўтиб, назоратсиз қолган қиз панд-насиҳатларни ҳам писанд қилмай қўйди. Ота-онасининг "репетитор"га дея жўнатаётган пулларини ҳам худа-беҳуда ишлатишга, кафеларда вақт ўтказишга сарфлашга ўрганди. Уни тартибга чақирган бувисини эса "Мен олийгоҳга тайёрланаяпман, тайёрлов курси кечроқ тугайди. Ёш бола эмасман-ку?! Бунча тергайверасиз?" дея жеркиб берадиган бўлди. Ёши 70 дан ошган буви эса унинг хурмача қилиқларини идора қилолмасди...

Нигора интернет орқали бир йигит билан танишиб қолиб, икки-уч ой гаплашиб юрди. Аммо бир-бирларига суратларини ҳам кўрсатишмади. Интернетдаги суҳбат телефонга кўчди. Улар ёзмаган "SМS" изҳорлари, айтилмаган ишқий сўзлари қолмади. Ниҳоят, севишганлар учрашишга аҳд қилишди. Нигора ўзини "замонавий", дадил, илғор ҳисобласа-да, барибир ишонувчан ва содда қиз эди. Хаёлида ўз шаҳзодасининг ўктам қиёфасини аллақачон чизиб бўлган қиз учрашув дақиқаларини интизорлик билан кутарди.

Тақдир ҳамиша ҳам биз кутган туҳфаларни беравермайди. Нигора айтилган манзилда Азиз акасини кутиб тураркан, нигоҳлари йигит таърифлаган ҳаворанг футболка, жигарранг шим ва оқ крассофкали, баланд бўйли, келишган йигитни қидирарди. Шу асно қиз боғ чеккасидаги ўриндиқлардан бирига бориб ўтирди. Бироз вақт ўтгач, Нигоранинг қаршисида бутунлай бошқа қиёфадаги 30 ёшлардан ўтган бир йигит пайдо бўлди. Қиз қўрқувини яширолмади:

- Кечирасиз, кимсиз? Чўчитиб юбордингиз...

Йигит ўзининг Азиз эканлигини айтганда, қиз ҳайрат ва ҳадик комига тушиб бўлганди. Ҳаммасини батафсил тушунтиришини айтиб, йигит қизни бир кафега судради. Азиз алоҳида хона буюртирди. Хонада иккиси ёлғиз. Қизни ҳамон қўрқув тарк этмаганди. Унинг саволларига йигит муғомбирона кулиб жавоб берди:

- Ҳа, ёшим билганингдек эмас, 32 да. Уйланганман. Икки қизим бор. Устачилик қиламан. Аммо хотинимда кўнглим йўқ. Мен сени севиб қолдим. Агар бошида ҳаммасини рост айтсам, сени йўқотиб қўярдим. Кечир...

- Бу нима деганингиз? Ахир, мен эндигина ўн саккизга кирдим. Отам икки дунёда ҳам мени сизга бермайди. Сиз мени алдадингиз. Мен кетишим керак...

Қиз кўз ёшларини артиб, ҳадик ичра эшикка йўналди. Бироқ йигитнинг бақувват қўллари уни қайта жойига ўтиришга мажбур қилди.

- Ҳеч қаёққа кетмайсан! Мени ким деб ўйлаяпсан? Ёзган "SМS"ларингни, гапларингни, изҳорларингни унутдингми?! Мени осонгина ташлаб кетолмайсан!

Азизнинг қаҳрли овози қизни янада қўрқувга солди. Кейин эса эшик илгичини илиб беркитиб қўйиши қизнинг кўнглидаги шубҳаларни оловлантириб юборди.

- Сиз оилали экансиз, биз бирга бўлолмаймиз, - у хўрлик ва алам билан гапирди.

- Ундай бўлса, мен билан қочиб кетасан!

- Йўқ! Асло! Буни хаёлингизга ҳам келтирманг. Йўлимни тўсманг, мен кетаман! - Нигоранинг қатъий гаплари ҳам йигитни инсофга келтиролмади...

...Ўша кунги нохуш воқеа қизнинг қаддини букиб қўйди. Кўз ўнгидан Азизнинг тажаввузкорона ҳаракати, ёлғон "севги"си ортидаги қабиҳ нияти кетмасди. Натижада қиз бир куни ўқишдан қайтаётганда, дорихонадан ухлатувчи таблеткалар сотиб олдию, уйга келиб хонасини ичкаридан қулфлаб, дориларни ичиб юборди. Орадан анча вақт ўтиб, уни излаган бувисининг чақирувлари жавобсиз қолди. Ён қўшниси Шарифа опанинг ёрдами билан қизнинг хонасига амаллаб кирдилар... Набирасининг ҳолати бувини ҳушидан айирди...

Нохуш хабарни эшитган Дилшод ака хотини билан самолётда учиб келдилар. Касалхонадаги ҳолат ҳар иккисини эсанкиратиб қўйди. Гарчи шифокорнинг илиқ гапларини эшитса-да, кўнгил ғашлиги йўқолмасди. Дилшод ака воқеада ўзини айбдор биларди...

***

Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни беқиёс. Унинг назоратини сусайтириш, эътиборсиз бўлиш, ёлғиз қолдириш Нигора сингари ёшларимиз тақдирини ачинарли ҳолга олиб келиши табиий. Пул ишлаш мақсадида фарзандларини ташлаб чет давлатларига чиқиб кетаётган айрим ота-оналар фарзандларига нисбатан меҳрлироқ, уларнинг келажагига бефарқ бўлмаслиги лозим. Тақдир тасодифи туфайли омон қолган Нигоранинг қисмати балки фожиали тарзда якун топиши ҳам мумкин эди. Меҳнатга лаёқатли ҳар бир инсон ўз юртида ҳам меҳнат қилиши мумкинку? Ўзга юртларда қийинчиликда, яқинлардан айро бўлиб мўмай пул топишдан кўра, ўз юртида кўнгил хотиржамликда тер тўккани афзал эмасми?!

Демак, ҳар бир бошлаётган ишимизнинг оқибатини обдон ўйлаб кўриб, сўнг қадам босайлик.

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА,

жамоатчи мухбир.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди