Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 20.06.2013

СПОРТИМИЗ ЮЛДУЗЛАРИ

ЧЕМПИОН ТАЛАБАЛАР

Газетамизнинг ўтган сонида "Универсиада - 2013" мусобақасида вилоятимиз талаба ёшлари муваффақиятли иштирок этганлиги ҳақида хабар берган эдик.

Қуйида ана шу муваффақиятга муносиб ҳисса қўшган спортимиз юлдузлари ҳақида ҳикоя қиламиз. Универсиаданинг стол тенниси мусобақаларида вакилларимиз Гулнора Акбарова ҳамда Одинахон Ортиқовалар умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринга сазовор бўлган бўлса, жуфтлик ўйинларида барча рақибаларидан устун келиб, ўзларининг тенгсиз эканликларини кўрсатдилар.

Гулнора Акбарова асли пахтаободлик. 1993 йилда таваллуд топган. Ўн ёшидан стол тенниси билан шуғулланади. "Универсиада - 2013" мусобақаси ғолиблигига қадар кўплаб республика ва халқаро миқиёсдаги турнирларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритган. Бугун унинг кўксини олтин, кумуш, бронза медаллари безаб турибди. У ёш бўлса-да, Германия, Латвия, Швеция, Молдавия, Эрон, Хитой сингари давлатларда ўтказилган турнирларда, жаҳон чемпионати ўйинларида қатнашиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди, қолаверса, устозлари ишончини оқлай билди.

Эришган натижалари, хусусан, 2011 йили Ўзбекистон чемпионатида ғолиб чиққанлиги учун олий ўқув юртига имтиёзли равишда кириш йўлланмасига сазовор бўлди. Ҳозирда Андижон давлат университети жисмоний маданият факультетида таҳсил олмоқда. Гулноранинг эришган ютуқларида узтозлари қатори ота-онасининг ҳам ҳиссаси катта. Чунки улар қизларининг спорт билан шуғулланишлари учун барча шароитларни яратиб берган.

- Ота-онам мени ҳамиша қўллаб-қувватлашган, - дейди Гулнора биз билан суҳбатда. Айниқса, дадам ютуқларимдан ниҳоятда хурсанд бўлади. "Чемпион қизим" дея эркалатади. Асосийси, улар мен билан фахрланишади. Бу албатта, менга шижоат ва куч бағишлайди.

Биринчи мураббийим Рафиқ Шириев нафақат тенниснинг сир-асрорларини ўргатди, балки интизомли бўлишимизга, аъло ўқишимиз учун ҳам зарур маслаҳатларини аямаган.

Ҳозирда у кишининг ўғли Альберт Шириев бизларга устозлик қилмоқда.

Айни пайтда шу ойнинг охирида Жанубий Кореяда бошланадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраяпман. Насиб этса ана шу мусобақада ҳам ғолиб бўлишга ҳаракат қиламан.

* * *

Одинахон Ортиқова эса Андижон тумани Ҳакан қишлоғида туғилиб ўсган. Андижон шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Спорт билан 9 ёшидан шуғуллана бошлаган. Ўзининг моҳир ва чаққонлиги, интилувчанлиги билан стол теннисининг сир-асрорларини пухта ўрганди.

Одинахон кўплаб республика миқиёсдаги турнирларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Истиқлол йилларида юртимизда ёш авлоднинг ўз истеъдод ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун барча шароитлар яратиб берилди. Ундан унумли фодаланаётган ёшларимиз улкан натижаларга эришаётгани айни ҳақиқат. Одинахон ана шундай фаол ёшларимиздан бири. У "Умид ниҳоллари - 2009" , "Баркамол авлод - 2011" беллашувларида ғолиб бўлган. Энди эса "Универсиада - 2013" мусобақасида ҳам ғолиблар қаторидан ўрин олди. Асосийси, у 2012 йилда мамлакат чемпионлигини қўлга киритиб, олий ўқув юртига имтиёзли равишда қабул қилинган. Айни кунда Андижон давлат университети жисмоний маданият факультетида таҳсил олмоқда.

- Мақсадим, келгусида жаҳон чемпионати, олимпиада ўйинларида ғолиб чиқиш, юртимиз спорт шарафини янада юксакларга кўтариш, - дейди Одинахон Ортиқова. - Ана шу эзгу ниятларимга эришиш, Ўзбекистонимизга муносиб фарзанд бўлишга, қолаверса, ютуқларим билан мени ҳамиша қўллаб келган ота-онамни, яқинларим ва устозларимни ишончини оқлашга интиламан.

Ҳа, халқимизда "Яхши ният - ярим давлат" деган ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган, Интилганга албатта, толе ёр бўлади. Одина ҳамда Гулнора сингари ёш ва умидли спортчиларимизда интилиш, шижоат, қалбларида она юртга муҳаббат, эртанги кунга умид туйғулари жўш урар экан, уларнинг ниятлари шубҳасиз, ижобат бўлади.

Биз ҳам ўзларининг спортдаги ютуқлари билан нафақат Андижонимиз, балки юртимиз довруғини дунёга ёйишга аҳд қилган ана шу ёшларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларида эса омадлар тилаб қоламиз

Хосият СИДДИҚОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди