Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№25 дан: 20.06.2013

ҚУТЛОВ

ИСТЕЪДОДЛИ ҲАЖВЧИ

Ҳажвчи ёзувчилар табиатан қувноқ одамлар бўлишади. Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Саъдулла Сиёев, Тўхташ Ашуровлар нафақат ёзган асарлари, балки ён-атрофдагилар, дўст-ёрлари билан бўлган суҳбатлардаги донолиги, аския, ҳазил-мутойибалари билан ҳам мухлислари, дўстлари даврасида севимли, суҳбати жанон кишилар эди.

Ана шудай устоз ҳажвчиларнинг истеъдодли шогирдларидан бири, бугун ўзининг қутлуғ олтмиш ёшини нишонлаётган андижонлик ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ ҳам кўп қиррали истеъдод соҳибларидандир.

Асли касби мироблик. Ўзи таҳсил олган Андижон қишлоқ хўжалик институтида кўп йиллардан буён меҳнат қилиб келади. Ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бирга, маънавий-маърифий, тарбиявий мавзулардаги мақолалари, жамоат ишларидаги фаоллиги билан ҳам эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топган. Қолаверса, истеъдодли ёзувчи сифатида ҳам шуҳрат қозонган.

Ҳабиб Сиддиқ ўнлаб китоблар, юзлаб ҳажвий ва жиддий ҳикоялар муаллифи. Унинг "Бедаво дарднинг давоси". "Ҳаёт йўлга ўхшайди", "Ким ошди савдоси", "Ғалати нусхалар", "Тўқайга ўт тушса", "Инглизча туш" сингари китоб-лари ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинган.

Истеъдодли ҳажвчи Ҳабиб Сиддиқ ижоди ўзига хослиги, асарлари тилининг содда ва равонлиги билан барчага бирдек манзур бўлади.

Ҳабиб Сиддиқ асосан, ҳажвчи ёзувчи сифатида танилган. У ҳажв орқали ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги нуқсонларни, одамлар феъл-атворидаги камчиликлар, чиройли турмуш кечиришимизга ҳалақит бераётган оғриқ ва муаммоларни ҳажв, баъзан енгил, қувноқ-кулги, баъзан ўйиб, узиб оладиган сатира орқали фош этади, ўқувчиларига қувноқ кулги, хуш кайфият бағишлайди.

Буни ёзувчининг "Мустақил фикр", "Хомий қидиряпман", "Оламушукни каттаси" сингари ҳажвий асарларида яққол кўриш мумкин. Шу каби ҳажвиялар Ҳабиб Сиддиқ бисотида талайгина. Уларни ўқиб, ҳам мириқиб куласиз, ҳам ҳаётдаги ўринсиз, сезмай қолган нуқсонлардан хабар топиб, хушёр тортасиз.

Умуман, Ҳабиб Сиддиқ ижоди унинг турфа асарлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин.

Биз дўстлари, яқинлари севимли ҳажвчи ёзувчига қутлуғ таваллуд айёмида тани сиҳатлик, тинчлик-хотиржамлик, ижодий баркамоллик тилаб, ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

ҲАБИБУЛЛО.

"Иқбол" газетаси таҳририяти ҳам кўп сонли газетхонлар номидан ҳажвчи ёзувчи Ҳабиб Сиддиқни қутлуғ 60 ёши билан муборакбод этиб, унинг янги китобига киритилган ижод намуналаридан эътиборингизга ҳавола этади.

ОДАМЛАР ҲАР ХИЛ

- Одамлар ҳам ҳар хил-да.

Ўртабўй, қорачадан келган, тўлароқ гавдали маҳалладош йигитнинг қўққисдан шунақа дейиши ғалати туюлди. Одамларнинг ҳар хиллиги ажабланадиган гап эмас. Лекин унинг кутилмаганда шундай дейишининг бирор сабаби бўлса керак.

- Нега унақа деяпсиз? - деб сўрадим ва жавоб кутиб унинг оғзига тикилдим.

У бошини маънодор силкиб, яна жиндай ўйланиб турди-да, ҳикоясини бошлади.

- Рустамжон синфдошим бўлади, биласиз. Отаси Собиржон муаллим - устозимиз. Мактабда бизни ўқитган. Бир куни Рустам ишхонамга келди. Нафақалар миқдори ўзгараётганини эшитганлигини, имкони бўлса отасининг пенсиясини ҳам қайта ҳисоблаганда бир қараб қўйишимни сўради. Унинг назарида нафақанинг чўғи озроқ эмиш.

Ижтимоий таъминот бўлимида ишлайман. Бунақа ишлар ҳам бўп туради. Қонун доирасидан чиқмаган ҳолда устозимизга, яна дўстимизга нафим тегса, деган умидда ҳужжатларини ўргандим. Чиндан ҳам, домланинг нафақасини ҳисоблаганда сал хатоликка йўл қўйилган экан. Аниқроғи, унинг қўшни мактабда ўриндошлик асосида ишлаб олган иш ҳақлари унутилиб қолдирилибди. Қайта ҳисоблаб кўргандим, домланинг нафақаси сал кўпроқ чиқадиган бўлди. Дарров Рустамга қўнғироқ қилдим. У менга қайта-қайта раҳмат айтиб, "Биздан нима хизмат", деб сўради. Мен ҳеч қандай "хизмат-пизмат", йўқлигини, мен ўзимнинг вазифамни бажарганлигимни, фақат хатони тузатганлигимни, қолаверса, хато ҳам ўзимизники эканлигини айтиб, домлага узримизни етказиб қўйишини сўрадим.

- Гўшакни қўйиб энди ишга киришганимда яна бир ҳамқишлоғимиз кириб келди, -деб гапини давом эттирди суҳбатдошим. - у кишиниям яхши танийсиз. Келинг, айтмай қўя қолай. Топиш-тутиши ёмон эмас. Илгари анча йиллар нуфузли ташкилотларда ишлаган. Ўғил-қизларни ҳам жойлаб бўлган ҳисоб. Уч - тўрт йил илгари бир ходимнинг бошини айлантириб онасига каттагина нафақа тайинлатиб олган экан. Ўтган йили тафтишда "миси" чиқиб қолиб, бир неча йиллик нафақасини қайтариб тўлади.

Бу одам яна нима юмуш билан келди экан, деб ўйланиб турганимда, бошлиғимизни сўради. У киши хизмат сафарида эканлигини айтдим.

- Сиз ҳам ўзимизники, -деди кейин аста. - Шу кампирни нафақасини сал кўпайтиришнинг иложини қилсак, деб.

- Ахир ўтган йили...

- Ҳа, энди орадан анча вақт ўтди. У ишлар босилиб кетди. Яна қайтадан...

Мен бунақа номаъқул ишга аралашмаслигимни айтдим. Сал ранжигандай бўлиб чиқиб кетди.

- Шунинг учун одамлар ҳар хил, деяётган экансиз-да.

- Йўқ гапим ҳали тугагани йўқ. Бу ёғини эшитинг. Анови нотавоннинг қилиғидан ранжиб ишдан қайтдим. Манзилга етиб "Дамас"дан тушиб кўчамизга бурилсам, ҳалиги домламиз кутиб турибди. Дарров салом бериб кўришдим.

- Ўтган куни ошнанг бир гап топиб келди. Нафақамни қайта ҳисоблаганмишсизлар?...

- Ҳа, домла. Илгари бироз хатога йўл қўйилган экан, шуни тўғриладик. Энди пенсиянгиз кўпроқ чиқади.

Устоз жилмайди.

- Буни эшитдим. Лекин мен бир нарсани аниқлаштириб олай деб сени кутиб турувдим. Фақат, ростини айт, болам. Ростдан ҳам меники нотўғри хисобланган-у, сизлар тузатдингларми?.. ёки ошнангнинг юзидан ўтолмай, бир балолар қилиб пенсиямни кўпайтирдиларингми?

Мен кулиб юбордим. Ҳаммаси рисоладагидай эканлиги, қилган ишимиздан ҳеч ким айб тополмаслигини айтдим.

- Гап биров айб топишида эмас, -деди домла вазминлик билан. - Қирқ йилдан ортиқ муаллимлик қилдим. Ўқувчиларимга ҳалолликдан, тўғриликдан ваз айтдим. Узоқ йиллар пешона тери билан йиғиб терганим орқасидан улуғ ҳаж сафарини адо этдим. Фарзандлар ҳам оёққа туриб қолишган. Хонадонимиз тинч, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Пенсияга жа-а қараб қолганимиз ҳам йўқ. Шунчаки, ҳамкасбларимникига қараганда сал чўғи камроқдек туюлувди, бир суриштирб кўргин, девдим-да. Амал-тақал қилиб кўпайтириб ке, деганим йўқ. Агар, ўшанақа қилиб кўпайтирган бўлсаларинг, ростини айтавер. Шунча йил ҳалқумимни пок сақлаб келдим, эндиям оғизга ҳаром луқма олиб ўтирмай...

- Нималар деяпсиз, устоз. Ҳаммаси ҳалол-пок меҳнатингиз учун оладиганингиз. Мен сиз ўйлагандай ишга қўл уролмайман, биласиз-ку. Ахир, сиздан тарбия олганман.

Гапимни далиллаш учун онасининг пенсиясини оширилишини сўраб келган киши билан бўлган воқеани айтиб бердим.

- Бай-бай-бай, шунақа одамлар ҳам бор, дегин. Жуда тўғри йўл тутибсан. Ҳеч қачон унақа ишларга аралашма... Демак, сенга ишонсам бўлади-а?

- Ишонинг, устоз.

- Баракалла, деб устоз елкамга қоқиб қўйди. Сўнг дуога қўл очди...

Ҳабиб СИДДИҚ


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди