Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№27 дан: 04.07.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

МУҲАББАТИМ - МУҲАББАТДА

Келинликнинг завқли онларини сураётган Муҳаббат оиладагиларнинг меҳрини қозониш учун хизмат қилиб чарчамайди.

Эри Анварнинг: "Нега мунча тиниб-тинчимайсиз, бўлди-да, дамингизни олинг", - дейишига қарамай Муҳаббат рўзғор юмушлари билан банд бўларди.

"Келиним қўлли-оёқлигина чиқди", - дея қайнона мақтанса, "яхши оиланинг фарзанди-да", деб тасдиқларди қайнота. Муҳаббат ўзининг хушмуомалалиги билан қўни-қўшниларнинг ҳам ҳурматини қозонди. Бу бахтли оилани кўплар ҳавас қиларди. Бироқ уларнинг ҳаётида инсон умрининг олмоси - фарзанд етишмаслиги бахтига раҳна солиб турарди. Қайнона беш йил деганда ниҳоят тил ёрди:

- Қизим Муҳаббатхон, ўзингиз шифокорсиз. Докторларга роса қаратдингиз, бўлмади. Оила бутунлиги фарзанд биланлигини яхши биласиз. Энди эскича ҳам қилиб кўрсак.

- Майли, онажон. Сиз нима десангиз шу-да, - деди тушкун оҳангда Муҳаббат. Келинини қизидай яхши кўрган қайнона унга чин дилдан ачинарди. Овсинлари қатор-қатор фарзанд кўришганда Муҳаббатнинг ўксиётганини сезиб турарди она. Анвар эса Муҳаббатдаги бу тушкунликни енгишга ҳаракат қилиб:

- Муҳаббат, ортиқча ташвишга ҳожат йўқ. Менга сиз бўлсангиз кифоя. Муҳаббатим - сиз Муҳаббатда, - деб қўярди.

Шу орада Анварнинг укаси Баҳодир ташвишли аҳволга тушиб қолди. Яқинда фарзандли бўлган аёли қаттиқ касаликка чалинди. Бутун оила кичик келини Самира билан овора эди. Бешикда ётган икки ойлик чақалоқ йиғисини қўймасди. Шунда қайнона:

- Қизим Муҳаббатхон болага сиз қаранг, - деди. Ёш гўдакка ёпишишига тортиниб турган Муҳаббат қайнонасининг гапи билан Гўзалойни бешикдан ечди. Уни бағрига босиб овутди. Бола тинчиб Муҳаббатнинг қучоғида ухлаб қолди. Самирани касалхонага ётқизадиган бўлишди. Муҳаббат эса қизалоққа меҳр билан астойдил қаради. Таглигини жирканмай тозалайди, вақтида овқатлантиради, вақтида ухлатади. Ҳали унга яхши кийимлар сотиб олади, ҳали ўйинчоқлар олиб беради. Уни ўз қизидай эркалайди. Гўзалой ҳам унга ўргана бошлади, ўз онасига талпингандай Муҳаббатга интилади.

Гўзалойга атаб ширин аллалар айтади:

Юз кўзлари гўзалим,

Ширинлиги асалим.

Битилмаган ғазалим,

Гўзалойим, Гўзалим.

Қучоғимда яйрайсан,

Онам дебон қарайсан.

Менга қачон бергайсан,

Яратганим Худойим...

Алла баҳона Муҳаббат дилидагини аллага қўшиб йиғлаб ҳам оларди. Осмонга ой ярашганидай аёлга фарзанд кўрк бўлар экан. Унинг Гўзалойга парвона бўлаётганини кўрган Анвар зоҳирда қувонса, ботинда ичидан эзиларди. Муҳаббатнинг бу бахтга эришолмаётганидан ўзини айбдордай сезарди. Шундай бўлсада, Муҳаббатнинг кўнглини кўтариб:

- Муҳаббат, сизга она бўлиш жуда ярашаркан. Тез орада она бўлсангиз ҳам ажабмас дерди.

Самира касалхонада йигирма кун ётди. Аммо натижа бўлмади. Уни Тошкентга олиб борадиган бўлишди. Самира қизи ҳақида ўйлайдиган аҳволда эмасди. Баҳодир бор йўғини сарфлаб олти ой деганда хотинини оёққа турғазди. Самирани уйга олиб келишганида унинг биринчи йўқлови қизи бўлди.

- Гўзалой қаерда, дадаси? - сўради Самира.

- Муҳаббат опамда, ҳозир олиб чиқади, - деди эри.

Шу пайт Муҳаббат Гўзалойни кўтариб уйга кириб келди. Қизча анча ўзгариб, тўлишиб қолган эди. Муҳаббат Гўзалойни Самирага тутқазди. Аммо Гўзалой онасидан қочиб Муҳаббатнинг бағрига ёпишди. Шунда Самира алланечук бўлиб кетди. Гўзалойни юпатаётган Муҳаббатга аччиқ қилгандай:

- Беринг қизимни, болани ўзингизга ўргатиб олибсиз-да. Ҳа, мени қайтиб келмайди, деб ўйладингизми? - дея зарда қилди.

Нима қилишини билмай қолган Муҳаббат болани Самиранинг қўлига берди-да, чиқиб кетди. Йўлда унинг қулоғига Самиранинг гаплари эшитилди:

- Шундан бошқа одам топилмадими болага қарашга? Муҳаббат уйига чиқиб тўлиб-тошиб йиғлади. Анвар ва қайнонасининг юпатишлари унга кор қилмади. Онасиникига кетиб қолди. "Юрак қонамагунча кўз ёшланмайди", - деганларидай Муҳаббат онасиникига бориб ҳам қаттиқ хафа бўлганидан юрагига қил сиғмай, боши оғриб, кўнгли айнийверди. Муҳаббат озиб, ўзини олдириб қўйди.

Келин сал ховридан тушгандир, - деб ўйлаган қайнона ўғлини етаклаб қудасиникига келди. Самиранинг юзсизларча айтган гапи учун улар узр сўрашди. Анвар Муҳаббатнинг ичига ботган кўзларига тикилар экан, унга ачинди.

- Бир ҳадисда айтилганидай, "Сабр ва бардош тангридан, шошқалоқлик шайтондандир", - дейилгандай овсининингиз шошқалоқлик қилиб тилига зеб берди. Сиз сабр қилдингиз, сабрнинг мукофотини оллоҳ беради, қизим. Энди уйингизга боринг - деб ялинди қайнона. Анвар эса Муҳаббатни докторга кўрсатиш учун уни уйидан олиб чиқиб кетди. Шифокор уларга янгиликни айтганда иккаласи ҳам қулоқларига ишонишмади.

- Аёлингиз ўша гўдакка қаттиқ меҳр билан қарагани учун ундаги оналик туйғулари уйғонган. Муҳаббатнинг хомиласи бир ойлик бўлибди, - деди доктор. Хушхабар бутун оилани бахтиёр қилди.

- Муҳаббатхон сизнинг хизматингизни гарчи Самира билмаган, менсимаган бўлса-да, сизни Оллоҳнинг ўзи сийлади болам. Умри билан, бахт-иқболи билан берган бўлсин, - дея келинини бағрига босди қайнона. Муҳаббат Оллоҳнинг бу марҳаматидан қувониб, кўзига ёш олиб шукрона келтирарди.

Соҳибахон ХОШИМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди