Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 08.08.2013

2013 ЙИЛ - "ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИ"

АНДИЖОНДА КАТТА ТАНТАНА

Истиқлол шарофати билан юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижон шаҳрида ҳам кенг кўламли қурилиш вабунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бугун Андижонда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги ўн йил ичида шаҳарнинг аввалги кўриниши бутунлай ўзгариб кетди. Кўплаб янги-янги корхоналар, турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди, кенг ва равон йўллар, таълим, тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, боғ ва хиёбонлар бунёд этилиб, шаҳар қиёфасига ўзгача кўрк бағишламоқда.

Айтиш жоизки, кундан-кунга Андижон шаҳрининг қиёфаси гўзал, ўзига хос кўринишга эга бўлмоқда. Шаҳарда қад ростлаган бир-биридан чиройли бинолар, кенг ва обод кўчалар кўзни қувонтиради. Андижоннинг бугунги жамоли, кўркига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Айни кунда Андижон шаҳрининг А. Навоий шоҳкўчаси, Ўзбекистон, Бобуршоҳ кўчалари, умуман, шаҳардаги 14 та кўчада қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Шаҳарнинг бош кўчаси Навоий шоҳкўчасида 16 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилда 6 та ана шундай уй-жой фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Миллий тикланиш ҳамда Истиқлол кўчаларида эса бунёдкорлик ишлари якунига етди. Халқимизда "Тўйга тўёна билан борилади" деган нақл бор. Шу маънода мамлакатимиз Мустақиллигининг 22 йиллик тўйи арафасида Андижон шаҳридаги ана шу кўчаларининг очилишига бағишланган тадбирлар халқ сайлига айланиб кетди.

Ушбу икки кўчадаги 94 та объектда қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. "Инфин банк", "Ипак йўли" банклари вилоят бўлимларининг янги бинолари қурилди, "Ипотека" ва "Агробанк" банклари вилоят бўлимларининг бинолари, шунингдек, меҳмонхона, 3 та уйнинг фасад қисмлари таъмирланди. Бундан ташқари, "Олтин водий" ресторани, "Андижон", "Дилноз", "Шарқ" каби тантаналар саройи, умуман, шу каби 80 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қисқа муддат ичида ана шу икки кўчада умумий қиймати 126 миллиард сўмлик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Шаҳарнинг бош режасига асосан "Бродвей", яъни сайлгоҳ бўладиган 750 метрли Истиқлол кўчасида 60 дан ортиқ бино барпо этилди. Мазкур кўчада қад ростлаётган ҳар бир бино ўзига хос меъморчилик лойиҳаси асосида қурилаётганлиги эътиборга молик. Айниқса, турли кўринишдаги катта-кичик фавворалар кўзни қувонтиради.

Мазкур кўча асфальтига чизилган турли хил кўринишдаги расмлар ҳар қандай кишини маҳлиё этади. Йўлнинг икки четига кўркам арча, каштан сингари манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, газонли майдонлар, гулзорлар барпо этилмоқда. Кўм-кўк майсалар орасига ўрнатилган турли ҳайкалчалар, кўзачалар, улкан гул туваклар, нақшинкор ёритгичлар ва ўриндиқлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради.

Пойтахтимиздан тадбирда иштирок этиш учун ташриф буюрган таниқли санъаткорлар, қўшиқчилар иштирокида "Камолот" ёшлар боғида бўлиб ўтган учрашув ва концерт дастури андижонликларда катта таассурот қолдирди. Юртимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, руҳиятини кўтариш мақсадида олиб борилаётган бу каби ишлар, яратилаётган кенг имконият ва қулайликлардан барча андижонликлар беҳад мамнун.

Истиқлолимизнинг 22 йиллик тўйи арафасида бўлиб ўтган ушбу тантанада иштирок этган қайси бир юртдошимиз билан суҳбатлашмайлик, у тадбиркор бўладими ёки бошқа соҳа кишисими, уларнинг қалбида шижоат, улуғвор ишларга камарбасталик, озод ва обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигини англаш мумкин.

Кўчаларнинг очилишига бағишланган тантаналарда Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдураҳмонов иштирок этди.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди