Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 08.08.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

"ТЎЙ ТЎЙДЕК БЎЛСИН..."

ЁХУД ЯНА БИР БОР БУГУНГИ ТЎЙЛАРИМИЗ, ҚИЗ УЗАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ МУАММОЛАР ХУСУСИДА

Айни кунларда ўғил уйлаб, қиз чиқариш тараддудида юрган юртдошларимиз талайгина. Муборак ой тугаши билан одамлар тилида айтганда "тўй сезони" бошланади. Тўй қилиш яхши албатта, лекин тўйларимизнинг ҳашами йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, янги-янги русумлар пайдо бўлаётгани, бу эса оддий одамларни мушкул аҳволга солиб қўяётганлиги кўпларни ташвишга солмоқда. Шу боис қуйида тўй ва у билан боғлиқ муаммолар хусусида яна бир бор фикр юртишни лозим топдик.

Тўй ҳақида сўз борганида, негадир ҳар гал "Маҳаллада дув-дув гап" фильми ёдимга тушаверади. Ўша фильмдаги Пошшахоннинг "тўй - тўйдек бўлсин, маҳаллада дув-дув гап бўлсин, дейман-да", деган сўзлари кўпчилик учун таниш эканлигига шубҳа йўқ. Гарчанд бу киноасар тасвирга туширилганидан буён ярим асрдан зиёд вақт ўтган бўлса-да, ҳамон ким ўзарга тўй қилиш, дабдабабозлик каби иллатлар кучайиб борса боряптики, асло камаймаяпти. Айниқса, вояга етган қизини узатаётганлар ҳақида сўз борганида битта янги автомашинанинг пули кетаётганидан ҳеч ким ажабланмай қўйди. Очиғи, бу борада кўплаб қиз узатган онахонлар ва отахонлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тингладим. Маълум бўлдики, улар қанчалар қийналмасин, фарзандлари бахту камоли йўлида ҳар қандай юкни бажаришга тайёр эканлар.

- Қизим ўн саккиздан ўтиб, ўн тўққизга қадам қўйди. Коллежни тамомлаб эндигина ишга жойлашди, - дейди Маҳбуба исмли аёл.- Икки ўғлим бор. Улар ҳали мактаб ёшида. Тиббиёт бирлашмасида ҳамшира бўлиб ишлайман. Болаларимнинг отаси қўли гул уста. Туманимиздаги бир фирмада ишлаётган эди. Аммо ишлаб топаётган маоши қизимнинг сеп-сидирғаларига етишига ақли етмай, "Россияда ишлаб келмасам бўлмайди", деб кетиб қолди. Мана икки ойдан ортиқ вақт ўтди. Кетганидан буён бор йўғи 200 доллар пул юборди...

Суҳбатдошимнинг ҳасрат қутиси анчайин тўлиб қолган экан. Узоқ тингладим. Айтиши бўйича қизини сўраб келаётган совчиларга нима дейишни билмаётганини, ҳали бахмал кўрпа-тўшакларию "элита" парда, гиламларию мебелига сарф қилинадиган маблағда етишмовчилиги кўп экан. "Биргина катта гиламу "элита" парданинг ўзига камида уч миллион сўм керак" дейди Маҳбуба опа...

- Ўша каттароқ эмас, бундайроқ гилам, "элита" бўлмасаям, оддийроқ пардаси бўлса, мебелини кейинроқ келин-куёв биргаликда сотиб олишса бўлмайдими?

Саволимга жавоб берар экан, Маҳбуба опа узоқларга кўз тикди. Чуқур хўрсинди.

- Қизимнинг сеплари бундайроқ бўлса, келин бўлиб борган жойида тили қисилади, дугоналари олдида мулзам бўлади-да...

Маҳбуба опа ҳам бошқа кўплаб оналар сингари "бошқалардан кам бўлмасин", дея фикрлаётганига аллақачон кўникиб бўлганмиз. Файласуфлардан бири "Оила табиатнинг шоҳ асарларидан бири" деб атаганида, эру хотиннинг биргаликдаги турмуши фақат севги-муҳаббат асосида қурилиши лозимлигини айтган эди. Аммо бу туйғу бойлик ва сеп-сидирға йиғиш билан машғуллик асносида кўпчилигимизнинг тафаккуримизни ғовлатиб юборгани хаёлимизга келмайди. Зотан, ҳар бир оиланинг бахтли турмушида фақат бойлик ва ўша "элита" пардалар асосий ўрин тутмаганида эди, бугун не-не ёш оилалар пароканда бўлмас ва албатта, икки ўртада дунёга келган болалар тирик етимга айланмас эдилар..

"Қизимнинг тили қисилмасин", деган хотинининг гапини ор билиб, совуқ юртларга ишлагани кетган, оиласининг иссиқ бағри тафтидан бенасиб ишлаётган отанинг мусофирчиликдаги ҳаётини тасаввур қилишнинг ўзи оғир. Зеро, бир неча йил ўз уйидан узоқда ишлаб пул топаётган отанинг фарзандларини тарбиялашдек масъулиятли вазифасидан четланиб қолишдек бўшлиқларни тўлдириб бўлса қанийди. Қўл кучларини ўзга юртларда сарфлаб, қувватини, соғлигини йўқотаётган оталарнинг меҳр-оқибатдек қадриятлардан ҳам йироқлашиб бораётганини айтишнинг ўзи оғир. Ахир отасини йиллаб кўрмай бўйи чўзилаётган фарзандларнинг ўз падарларидан оладиган тарбияларидаги танаффусни пул билан тўлдириб бўлармикин?..

Аслида ортиқча ҳою ҳавас, дабдабали тўйларсиз ҳам икки ёшнинг бахтли бўлишлари мумкинлигини кўпчилигимиз унутганмиз гўё. "Фалончининг қизига ота-онаси энг зўр мебел қилибди. Ўнта гилами фалон фирманики экан, спальний гарнитури ҳам супер, готовий кийимларини санасам нақд ўттизта-я", - деган гапларга ҳуши кетган бошқалар ҳам ўша кимўзарга "янгилик" ўйлаб топаётган опахонларнинг беъмани "кашфиёт"ларига қулоқ тутмоқдалар. Бундай оилаларда ўсиб-улғаётган, оила ҳақидаги тасаввурлари фақат ўша дабдабали сеп-сидирғалар қуршовида яшаш, деб билган қизлар тўйларидан кейин эпсизликлари ёки турмушга тайёр эмасликлари оқибатида келинлик уйини тарк этаётгани борасида мулоҳаза қилишга ҳамманинг ҳам тафаккури етмаётгани жуда ачинарлидир.

***

- Акамнинг тўртта қизи бор, - дейди олтинкўллик Манзурахон .- Учта қизини узатиш учун бир неча йил Россияда ишлаб келди. Энди тўртинчисининг тўйи учун яна ишлагани кетди. Акам шўрлик нима қилсин, чираниб юриб ишлаяпти...

- Қиз боланинг сепини қилиш осон эмас, - дейди Мавлудахон исмли аёл. - йигирмата тўшак, ўнта кўрпа, тўртта чойшаб тўшак, йигирмата ёстиқ, мебель, сандиқ. Буларнинг ҳаммаси рўйхатда бор. Ҳатто, хонтахта ҳам бу қатордан ўрин олган. Бахмал кўрпанинг ўзига бир миллион сўм, стенкасига камида икки миллион сўмни тахлаб қўяверинг. Қиз базмига кетадиган ҳаражатлар билан ҳисобласак, битта инсоннинг бунча маблағни ишлаб топиши учун камида бир неча йил керак бўлади. Ахир бу ёқда рўзғор ҳам қараб турмайди-ку?..

- Икки ўғлимни уйлантирдим, - дейди Мунаввархон исмли яна бир онахон. -Тўйларни ўтказиш, икки келинни тушириш унчалик оғир бўлмади. Аммо учинчи фарзандим - қизимни чиқариш учун икки ўғлим, мен ва умр йўлдошим бўлиб топганларимиз ҳам етмаяпти. Ҳали қизимнинг сепини тўлдиришга анча ишлашимиз керакка ўхшайди.

- Тўйдан кейинги уч-тўрт маҳал мазар юбориш одат тусига кириб қолгани ачинарли, -дейди Андижон шаҳридаги "Хўтанариқ" МФЙ маслаҳатчиси Маъмурахон Арзиқулова. - Бундай қилиш урф-одатимизга хилоф эканлиги ҳар қанча айтилмасин, фойдаси бўлмаяпти.

- Бир ҳамкасбим қиз узатган эди, - дейди муаллима Зулхуморхон.-" Ҳафтасига салкам бир миллион сўм ҳаражат қилиб, мазар юбориб ҳам қудамни рози қилолмаганимдан хафаман", - деди. Ҳафта давомида турли тансиқ таомларни бетиним юборибди. Барибир қилган ҳаражатлари ўртамиёна эмиш. Қиз узатган касбдошимга ичим оғриди...

"Қиз чиқарганга қирқ йил тегма" деган халқ мақолини қачон ва ким айтгани маълум эмас. Аниғи шуки, мазкур мақол айнан бугунги кунларда қиз узатган, шунга тараддуд кўраётган оилаларга нисбатан ўйлаб топилгандек...

***

Тўйларни камчиқим, ортиқча ҳашамларсиз ўтказиш тўғрисида ҳукуматимизнинг махсус фармони чиққанига қарийб ўн беш йил бўлиб қолди. Ўша 1998 йили туғилган қизалоқ ўн бешга қадам қўйди. Ўсмир ёшидаги қизлари учун оналар ўша йиллардагидан ҳам кўпроқ сепни сандиққа йиғадиган бўлишди. Тўйларнинг чиқимлари ҳам ортгандан ортиб бормоқдаки, буни ҳудди юқумли касаллик авж пардасига кўтарилиб бораётганига қиёслаш мумкин.

- Қизимни узатганимга икки йил бўлди, - дейди Салимахон исмли аёл.- Қизим хомиладор пайтида куёвим Россияга ишлагани кетган эди. Набирам бир ёшга етганида куёвим уйга қайтиб келди. Набирам бир ярим ёшга тўлганида ишлаб келмасам бўлмайди, деб яна Россияга кетди. Ўшанда куёвим ўғлини бағрига босганда, кўзига ёш келди. "Келгунимча ишқилиб мени танимай қолмасмикин", дейди нуқул...

- Ўз юртимизда куёв болага иш топилмадими? - дея савол бердим.

- Эҳ, нимасини айтай? Қизим тушган оилада қайнота негадир ишламайди. Катта ўғлининг ишини тайини йўқ. Биттагина синглиси эса ўн саккизга кирган. Унга сеп қилиш, тўй ҳаражатларига пул ишлаб топиш қизимнинг куёви зиммасида.

Салима опа ҳам бошқа юртдошларимиз каби моддиятни ўйлаб, кўнглини хотиржам қилаётганлар каби фикрлаётганидан ажабланмадим. Чунки биз эрнинг хотинидан ойлаб-йиллаб узоқларда ишлашидан, боласининг илк кулгусини, тунда йиғлаб онаси кўксига интилаётган боласини кунма-кун улғаяётганини ҳис қилмай, фақат пул топишни ўйлаётган оталарнинг оз эмаслигига кўникканимизга анча бўлган. Боланинг тарбиясида учинчи даражали шахс бўлиб улгурган отанинг кейинчалик ўз мавқеини эгаллаши эса бу охирги мавзу бўлиб қолаётгани ҳам бизни қизиқтирмайди. Муҳими - тўйларни дабдабали, қизларни сепли қилсак, шунинг ўзи кифоя!...

***

Мазкур мақолани тайёрлаш мобайнида аниқладимки, қизни узатиш учун қилинадиган сарф-ҳаражатлар, юқорида айтганимиздек камида 10-15 млн. пул фақат тўй кунигача сарфланмоқда. Яъни, қиз узатар куни машинани тўлдирадиган мебеллару кўрпа тўшаклар, "қиз базми" учун, тўйхона ижараси, санъаткорлар хизматига ҳам анчагина пул сарфланаётганлиги бор гап. Чиқим дафтари рўйхатида тўй кунги келин либоси учун келинчак атиги икки соатга оппоқ либосда ял-ял ёниб туриши учун 200 минг сўмдан 1 милн. сўмгача бўлган ҳаражат ҳам қаторни тўлдиради, албатта. Ҳар қадамда уч-тўртта ижарачи дўконларнинг мавжудлигини ҳисобга олсак, уларнинг бозори чаққон эканлигига шубҳа қолмайди. Ачинарлиси, неча асрлар ичра шаклланган миллий қадриятларимизда қизларнинг келинлик либослари ҳам борлигини унутганимизга кўп йиллар бўлди. Ҳолбуки, адрасу атласдан тикилган келинлик либоси буюртма бериб тиктирилганида, сарфлананадиган ҳаражат икки юз минг сўмга ҳам бормайди. Энг асосийси, бундай миллий либос ҳар бир қизнинг ўзиники бўлиб қолиши мумкинлигини айни пайтда келинлик остонасидаги қизлар хаёлларига ҳам келтиришмайди!

"Қиз боланинг бахти унинг тўкис сепида эмас, эпида" деб келган момоларимизнинг пурмаъно ўгитлари унутилган бугунги кунда яна бир муҳим гап назаримиздан четда қолгани ачинарли. У ҳам бўлса, тахлам-тахлам кўрпа ёстиқлар тўйдан кейин тахмонда ишлатилмай чанг босиб ётишини, бозордан фалон сўмга олинган "готовий" либослар бир йилдан кейин "модадан" қолиши ёки келиннинг ўзгарган қоматига мос келмай, кийим жавонини тўлдириб туриши мумкинлигини тасаввур қилмаймиз...

Не-не машаққатлар билан ишлаб топилган бир неча миллион сўм маблағ фойдасиз латта-путталарга сарф этилса, бунинг ҳисобини ким қилади? Нега кўпни кўрган отахонлар жим? Оилавий бахт тотувликда, деб билган онахонларимиз қачон бу кўргуликларнинг олдини оладилар?.. Умр йўлдошини мусофирликка юбориб, ўзи уйда сериалларни сериалларга улаб кўриб ўтирган айрим аёлларнинг хотиржамлигидан тилим лол. Ана шу мантиқсизлик эвазига ўғиллар отасидан мардлик, тантилик хислатларини ўзлаштиролмаётгани, қизлар эса онасининг вақти йўқлигидан ҳаё, ибо, андиша каби халқимизга хос тарбияни етарли даражада ололмаётгани учун оммавий маданият таъсирига тушиб қолаётгани ҳам ачинарли. Зеро, бир гуруҳ қизларимизнинг ўзбекона бичимдаги либосларни эгниларига олмай қўйганига кўп йиллар бўлди. Бугун кўчаларни тўлдириб юрган қизлар орасидан миллий либосдаги қизларни жуда кам учратамиз. Чунки бунинг ташвишини қиладиган оналарнинг хаёллари бозорларни кезиб, қимматбаҳо матоҳлардан сеп қилиб, сандиқ тўлдириш билан банд бўлса, оталар фақат тўй ўтказиш учун йиллаб тер тўкиш билан ўтаётганлигидан таассуф қилиш мумкин...

***

Аслида бизнинг миллий қадриятларимиздек бой маънавият дунёнинг ҳеч бир юртида учрамайди. Қиз боланинг ҳаёли ва андишали қилиб тарбиялаш,чимилдиққа покиза қалб билан кириб боришдек анъананинг мавжудлигини ҳеч қандай бойлик мезони билан ўлчаб бўлмайди. Янги оила тузган келин-куёвнинг бахтли турмуши учун энг биринчи галда соғлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик кифоя қилади. Бунинг учун кўпни кўрган отахонларимиз ўзига хос "янгиликлар" ўйлаб топаётган, юқорида келтирганимиз кинофильмдаги Пошшахон сингари аёлларни инсофга чақиришлари, аниқроғи, тўйларни тўйдек ўтказишда ташаббусни уларнинг қўлларидан олиб, ўз зиммаларидаги вазифа деб билсалар, балки ҳамма муаммолар барҳам топса ажаб эмас. Зеро, тўй - бизнинг қадриятимиз. Унга хиёнат қилиш, ўзининг маиший эҳтиёжини ўйлаб, зўрма-зўраки бидъатларни ўйлаб топишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Феруза

МИРЗАОЛИМОВА,

журналист.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди