Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№32 дан: 08.08.2013

ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА

УЗИЛГАН РИШТА

Хуршида ўқитувчилар хонасига кириб, энди синф журналини олаётган эди ҳамки, кимдир уни директор опа йўқлаётганини айтди. Хуршида айтилган вақтда директор хонасига кирди. Салом-алик қилди-ю, опанинг ўнг томонига ўтирди.

- Хуршидахон сизни бир масалада чақирдим.

- Эшитаман опа! - деди Хуршида.

- Дадангиз, ўз дадангиз, Нуриддин ҳожи акани биласиз-а? - деди директор ундан кўзини олмай.

- Ҳа, биламан! - деди Хуршида хайрон бўлиб, "Ўз дадангиз" деган сўзга урғу берилгани сабаб титроқ босди.

- Бирор марта кўришиб, суҳбатлашганмисиз?

- Ёшлигимда, 5-синфда ўқиётганимда, бир келган, совғалар бериб кетган. Шунда кўришганман. Университетда ўқиётганимда бир борди. Ётоқхонамга олиб кириб, дугоналаримга таништирганман, меҳмон қилганман. Ундан кейин бир борганда... - Хуршиданинг ранги ўзгарди.

- Энди келманг! Мени изламанг! Менга сиздақа дада керакмас! - деб юборибман. Шу-шу келмай қўйган.

- Нега ундай қилгансиз?

Бировлар: "Сени ўзига ағдариб олмоқчи. Онангдан ажратиб юборади" деса, мен аҳмоқ қиз, ишонибман, опа! - деди кўзига ёш олиб.

- Хўп, майли! Энди гап бундай: Дадангиз - ҳожи бобо, ҳозир саксондан ошди, биласиз-а? Касал экан. Эрталаб келаётсам, маҳалла оқсоқоллари кўришиб чиқаётган экан, аҳволини сўраб суриштирдим. Анча оғир эмиш. Шунинг учун ҳозир иккаламиз дадангизни кўргани борамиз, - деди унга синчков тикилиб.

- Опа, мени кечиринг, боролмайман, - деди ерга қараб Хуршида.

- Нега энди? Оғир касал ётган отангизни бир марта кўриб қўйишга ярамайсизми?!

- Аямдан балога қоламан, - деди ҳадикда.

- Хуршидахон, гапни тушунинг! Сиз ёш бола эмассиз!.. Ахир олий маълумотли инсонсиз! Қизларингиз бор, яқинда келин оласиз! Битта оиланинг бекасисиз. Аянгиз ҳам инсон! Тушунади! Хуршидахон, дадангизнинг айбини, нима сабабдан онангиз билан ажрашганини биласизми? - деди директор ўзини босиб.

- Йўқ! сабабини сўрасам, онам "Ишинг бўлмасин" дер эди, холос. Шу сабаб сўрамасдим.

- Мен биламан, уларнинг ажралиш сабабини. Мен ўнинчи синфни битираётган йил эди. Аянгиз дадангизнинг камбағаллигидан, уйларининг хароблигию, қари ота-онаси борлигидан безиб чиқиб кетган. Уларни ҳеч ким яраштира олмаган. Дадангиз сизга буларни айтолмаган, айтишга журъат қилолмаган! Шунақа гаплар, синглим!..

- Майли, унда Сиз олиб кирсангиз, кираман! Фақат сингилларим, укаларим, уларнинг онаси нима деркин? - деди сергакланиб, - "шунчадан бери келмаган, энди келдингми?" демасмикин улар?..

- Ҳеч хижолат бўлманг: улар сизни яхши кутиб олишади. Мана, кўрасиз!.. - деди директор хурсанд бўлиб. У олдидаги қора тугмачани босган эди, котиба қиз кирди.

- Ўқитувчилар хонасидан Сабохон опани айтиб келинг. Хуршидахон, сиз чиқиб тайёрланинг! Бир соатдан сўнг борамиз.

Сабохон опа нима гаплигини билмай, директор хонасига кирди. Директор:

- Сабохон опа, битта савоб ишга борамиз: Хуршидахонни дадаси билан кўриштирамиз. У киши касал экан.

- Сабохон опа, ҳушёр бўласиз, алоқа тиклансин, ўрталаридаги адоват ювилсин! Ажаб эмас, Нуриддин ота қизини кўриб соғайиб кетса!..

Улар уч аёл - Мамлакатхон, Сабохон опа, Хуршида касал кўргани Нуриддин ҳожининг хонадонига келишди. Улар дарвозадан киришлари билан Нуриддин ҳожининг қизлари, келинлари, икки ўғли, кампири очиқ чеҳра билан кутиб олишди.

Хуршида юраги тўлиб, ўзини тўхтата олмай йиғлар эди. Бу севинч, шодлик йиғиси эди. Замира меҳмонларни дадаси ётган хонага олиб кирди.

- Ҳожи бобо, қизингиз Хуршидахонни олиб келдик! Секин туриб сўрашасизми? - деди директор опа беморга яқинроқ келиб.

- А!.. Қани? - деб юборди. Титраган қўллари билан кравотнинг қирғоғини ушлаб, биров ёрдам қилмаса ҳам, туриб ўтирди. Ҳамма ҳайрон. Чой олиб кираётган Моҳира қўлида чойнак билан тўхтаб қолди. Кампири Қумри ҳола чўчиб, чоли томонга ўтди. Хуршида энгашиб, икки қўлини дадасининг орқасига ўтказиб, қучоқлаб кўришди. Ўзини йиғидан тўхтатиб:

- Дада, дадажон! Мен келдим! Мени кечиринг! Ёшлик қилиб дилингизни оғритган бўлсам, кечиринг, дадажон! - деди-да, оёқ томонига чўккалади. "Мен" деган сўзни эшитган ота ўзини тўхтата олмай йиғлаб юборди. Ота-боланинг кўришиб йиғлашганига гувоҳ бўлганларнинг ҳам кўзида ёш айланди.

- Сизни, барибир бир кун бўлмаса, бир кун келади, деб умид қилиб юрдим. Мана, ниятим холис экан, Оллоҳ шу кунга етказди!.. Мен сизни эсдан чиқарганим йўқ. Ўтган йили телевидениедан келган мухбирларга "Фарзандим ўнта: бештаси қиз, бештаси ўғил. Катта қизим - олий тоифали ўқитувчи, кичиги врач, иккитаси тарбиячи, ўғилларим инженер, фермер, қурувчи, шофёр, набиралар 29" та деб роса мақтандим.

- Раҳмат, дада! - деди ўй суриб ўтирган Хуршида.

- Мана, укаларингиз билан танишдингиз. Ҳаммаси яхши! Берганига шукур!.. Мендан кейин ҳам "борди-келди"ни узманглар.

- Ҳожи бобо, энди рухсат беринг, турамиз, - деди Мамлакатхон отага қараб.

- Ўтиринглар! Моҳира қизим ошга уста! Ош қилиб беради.

- Раҳмат, ишларимиз кўп. Бошқа келамиз! Энди Хуршидахонни, болаларини бир дуо қилинг! - деди Сабохон опа кулиб. Ҳожи бобо бир энтикиб, икки кафтини очиб, узундан-узоқ дуо қилди. Шу куни Мамлакатхон елкасидан оғир бир юкни туширгандай бўлган бўлса, Хуршида эса қалбидаги бир парча қора доғни ювгандай бўлди.

Хуршиданинг ҳам кўнгли ёришди. Албатта, борди-келди қиламан, - деди у қатъий. Орадан уч-тўрт кун ўтиб, Хуршида эри, болалари билан ҳожи отасини кўргани борди.

Узилган ришта яхши инсонлар кўмагида яна боғланди.

Олимжон РАҲИМОВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди