Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№33 дан: 15.08.2013

ОРАМИЗДАГИ АЁЛЛАР

БАХТГА ҲАМ, ДАРДГА ҲАМ ШУКР

Ҳаётда шундай аёллар борки, уларнинг сабридан тоғ, феълидан гўзал боғ, сўзидан шакару бол яратса кам. Улар нолимайдилар, дард тортиб турса ҳам, кўнгил деган меҳроби нураб, тўкилиб турса ҳам беғараз табассумдан куч оладилар. Ана шундай аёллардан бири оддийгина аёл, садоқатли рафиқа, меҳрибон она, бағрикенг буви, рисоладаги келин ва тиришқоқ устоз Муяссархон Умурзоқовадир.

Дастлаб бу дилкаш аёлни учратган, илк бор гаплашган инсон унда на бир дард, на бир ғам, на бир ташвиш борлигини сира сезмайди. Ваҳоланки, ҳали у ёш бўлишига қарамай, анчагина залвор билан яшайди. Талабалик давридаёқ хасталик отасини дунёдан олиб кетгач, онасининг суянчига айланди. Ҳам ўқиди, ҳам ишлади, озгина бўлса-да, оиланинг ягона боқувчиси - онасига ёрдам беришга, мадад бўлишга уринарди... Бу орада оила қурди, фарзандлар...

Йиллар тўфонида қайнаган турмуш Муяссархон опани тез улғайтирди. Қайнона-қайнотанинг, эрнинг, фарзандларининг уддасидан чиқибгина қолмай, эрта вафот этган қайнопанинг уч ўғлига ҳам бирдай меҳр бера олди. Ҳали жуда ёш "жиян"ларни ўз дилбандидай оқ ювиб, оқ таради, тарбиялади. Ишини ҳам ташламади, 1993 йилдан Андижон шаҳридаги 34 умумтаълим мактабида, 1996 йилдан 22 умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Аммо маълум муддат ишдан ажралиб, ўзини оиласига бағишлади.

Ҳаёт бу жонсарак аёлга кутилмаган синовларни берди. Бундан икки йил муқаддам Муяссархон опа турмушдаги суянчи, кўнглининг ягона эгаси ҳаётидаги тиргаги турмуш ўртоғи Исмоил акадан айрилди. Аммо... у яшаши керак эди: ҳам ота, ҳам она бўлиб! У ҳаётга қайта нигоҳларини тикаётган бир вақтда, ҳали турмуш ўртоғининг қабри совумай, тақдир уни яна имтиҳон қилди: бир умр далда бўлгани - нуридийдаси онаси мияга қон қуйилиш дардига учради. Юриб турган волидасининг бир кунда, бир неча сониялардаёқ тўшакка михланиши аёлга яна бир қаттиқ зарба бўлди. У ғам дарёсига бутунлай чўкиб кетди, гўё. Бироқ, келажакка, эртанги кунга умид уни ташвишларга қасдма-қасд яшашга ундади.

Бугун Муяссархон опа ҳам оилада, ҳам жамоат ишида бахтли аёл. Ўғли Мухторжоннинг бўй-бастига, санъатдаги истеъдодига, тиришқоқлигига қувонади, қизининг турмушидан кўнгли кўтарилади. "Жиян" - фарзандлари "она" дея йўқлаганларида, Яратганга шукр айтади. Набиралари кулгусидан яшашга куч олса, онасининг касалликни тобора енгиб бораётганидан кўнгли кўтарилади.

Андижон иқтисодиёт коллежида психолог-руҳшунос бўлиб юритаётган фаолиятида ҳам ёрқин чизгилар бор. Ҳамкасбларининг юксак эътирофи, ширин мақтовлари, тириш-қоқлиги ҳақидаги фикрлари уни янада кучлироқ бўлишга ундайди. Муяссархон опанинг ижодга, адабиётга бўлган иштиёқи, уни қоғоз қоралашга ундайверади. Ёзганларида дарднинг кураш билан тўқнашуви, ғамнинг табассум билан енгилиши манзаралари, қалб туғёнлари, аёл оламининг нозикликлари уфуриб туради.

Инсон меҳр берсагина, меҳр топа олади. Кўнглида ғубор бўлмасагина дўстлар, яқинлар дийдори нафасида туради. Муяссархон опа ана шу мезонларга суянади. Ҳар битта кундан яхшилик топишга, бахт яратишга ҳаракат қилади. У ўзи ёзганидек:

Мен бахтли аёлман,

изламанг дардни,

Кўзларим кулгуси

ғамим яширар.

Шукр-ла юваман ҳар

қандай гардни,

Раҳмат-ла оламан дард берса агар...

Зилола РАҲМОНОВА


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди