Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№33 дан: 15.08.2013

ДЕПУТАТ БИЛАН СУҲБАТ

"ХАЛҚҚА ҲИЁНАТ ҚИЛМА"

Тарихга назар солсак ҳеч бир давр йўқки, унинг ижтимоий сиёсий ва маънавий ҳаётида аёллар из қолдирмаган бўлса. Зеро, ҳеч бир тарихий воқеа аёл иштирокисиз ўтмаган. Чунки аёл бу - она, сингил, суюкли ёр. Аёл - раҳбар, аёл - жамоатчи, аёл - депутат. Аёлларнинг ана шу фидойилиги, жонсараклиги сабаб қанча-қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Суҳбатдошимиз - Жалақудуқ туманидаги 2-умумтаълим мактабининг директори, ҳам депутатлари туман кенгашининг депутати Раҳбарой Соипова ҳам ана шундай фидойи аёлларнинг биридир.

- Раҳбарой, бугунги депутат, айниқса, аёл депутат қандай бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

- Истиқлол туфайли биз аёллар юксак мавқега эга бўлдик, чинакам эркни қўлга киритдик. Бизларнинг иш фаолиятимизда, ҳаракат ва интилишларимизда, шахсий ҳаётимизда ҳам бу ўз аксини топмоқда.

Бугунги аёл депутат замонавий ва ҳуқуқий билимларга эга, маънавиятли, энг муҳими, халқнинг кўнглига йўл топиб, ишончини оқлай оладиган даражада бўлиши керак.

- Ўзингиз-чи, халқнинг ишончини оқлай оляпсизми?

- "Ўроқчитепа" маҳалласида 2,5 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Шу ерда жойлашган 23-сайлов округидан мени халқ депутатлари туман Кенгашига депутат қилиб сайлашди. Ўтган 3 йилдан зиёд вақт мобайнида маҳаллада кўп йиллардан буён муаммо бўлиб келаётган ичимлик суви таъминотини яхшилаш масаласи хал қилинди. Ҳозирда ҳар бир хонадонда ичимлик суви бор. Шунингдек, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш учун тадбиркор ва фермерлар билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз натижасида кўплаб ёшлар ишга жойлаштирилмоқда.

Мен бу билан сайловчиларимнинг ишончини оқладим, деб айта олмайман. Насиб этса, маҳалладошларим учун ҳали кўп ишлар қилиш ниятим бор.

Маҳалладаги ҳар бир хонадон менга таниш. Чунки ўзим шу маҳаллада туғилиб, ўсганман. Уларнинг қувончи-ташвишлари борми, бирор тадбирлари борми, доимо ёнларида бўламан. Айниқса, аёлларимизнинг тинч, хотиржам яшашлари, фарзанд тарбиялашлари, бирор касб-кор билан шуғулланишларида, муаммоларини ҳал этишда имкон борича ёрдам бераман. Ахир ўзим ҳам аёлман, онаман, уларнинг дардини яхши тушунаман.

- Тўғри айтдингиз, сизнинг депутатликдан ташқари қанча-қанча юмушларингиз, аёллик, оналик бурчларингиз бор. Ҳаммасига улгуриб, уддалай оляпсизми?

- Мен раҳбарлик қилаётган мактабда 300 нафарга яқин ўқувчи билим олади. Уларнинг пухта билим олишлари учун барча зарур шароитлар яратилган. Компьютер синфи, фан хоналари, замонавий жиҳозлар бари ёшлар ихтиёрида. 38 нафар мураббийларимиз ўз касбининг фидоийлари бўлган, изланувчан, замон билан ҳамнафас тажрибали ўқитувчилардир.

- Сизнингча, замонавий ўқитувчи ва бугунги кун ўқувчиси қандай бўлиши керак?

- Давримиз шиддаткор - ахборот асри. Бугунги ўқитувчи замонавий билимларга, кенг дунёқарашга, ўз фани бўйича катта тажриба ва кўникмага эга бўлиши зарур. Негаки, бугунги ёшларнинг талаби, қизиқишлари, эҳтиёжлари бошқача.

Яна бир гап: мен ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам қаттиққўлман. Ишингни ҳалоллик билан сидқидилдан бажар, мактабга, ўқувчиларга хиёнат қилма, дейман. Отам раҳматлик кўп уқтирарди: "Бобонг сени элга бош бўлиб, раҳбарлик қилиб юрсин, дея исмингни Раҳбарой қўйган. Қаерда ишласанг ҳам ҳеч қачон халққа хиёнат қилмагин".

Ёшлик ғўрлик экан-да. Бир сафар отамга ўзимча таъна қилибман.

- Агар мен сизга ўхшаб раҳбар бўлганимда эди, аллақачон эшикларимизни асфалът қилиб, баланд уйлар қурардим.

Отам кулиб, бош чайқаганча шундай деганди:

- Агар халқнинг назаридан қолмай, узоқ йиллар ишлайман, десанг ҳамиша ҳалоллик билан иш юрит. Ҳалолликда гап кўп, қизим.

- Отамнинг бу гапларининг мағзини кейин чақдим: У умрининг охиригача, ҳатто сўнгги йўлга кузатишаётганида ҳам одамларнинг эътибори, эъзозида бўлди.

Мен ўқувчиларимизга ҳам кўп уқтираман:

- Инсон умрида ўқувчилик даври ҳам бир мартагина бўлади. Вақтлар келганда пушаймон қилмаслик учун ҳозир пухта билим олишга, кўп нарса ўрганишга интилинглар. Кейин кеч бўлади.

Шу ўринда таъкидлашим керакки, ҳали қиладиган ишларимиз, айниқса, таълимнинг сифати ва самарадорлигини ошириш борасида қиладиган юмушларимиз кўп.

- Раҳбар ва депутат Раҳбаройнинг оилавий ҳаёти ҳақида ҳам билишни истардик.

- Умр йўлдошим автоҳалокат туфайли оламдан ўтганида ўғлим 5 ёшда эди. Қизим 3-синфда ўқирди, ўзим эса ҳали 30 ёшга кирмагандим. Ёлғизлик, қийинчиликлар аламини ишдан олдим. Аввал мактабда ўқитувчи, туман халқ таълими бўлимида кимё, биология фани бўйича йўриқчи, сўнгра мактабда директор... Мана бир неча йилдан буён шу вазифада ишлаб келяпман.

Ўғлим тадбиркор. Қизим менинг касбимни танлаган. 2 нафар набирам бор. Гоҳида ўтган умримга назар ташлаб, кўнглим равшан тортади: отамнинг ўгитларига амал қилиб кам бўлмадим. Истардимки, биз таълим ва тарбия берган ёшлар мустақиллигимизни мутаҳкамлаш, истиқлолнинг истиқболини таъминлашда фаол бўлсинлар.

Суҳбатдош

Раҳима АБДУРАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди