Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№38 дан: 19.09.2013

БУГУННИНГ ГАПИ

ИЛМУ АМАЛ - РАЗОЛАТГА ЙЎЛДИР

Инсоният яралибдики, тўғрилик ва эгрилик, ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги зиддиятли тўқнашувлар ичида сарсон. Умрнинг ўтаётган ҳар дақиқасида яхшиликлар яшагани каби минглаб хатолар ҳам мужассам.

Гоҳида билиб-билмай кимгадир ҳасад қиламизу, аммо кўнгилнинг меҳробида турган ҳавас шаршараси бу иллат гардларини ювиб кетаверади. Сабаби, рўпарангизда турган имон, эътиқод сизни ёмон йўлдан қайтаради. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим имони суст, идроки кемтик, эътиқоди мустаҳкам бўлмаган кимсалар ўз хатолари гирдобида яшамоқдалар. Улар учун бугунги завқнинг ўзи кифоя. Охират, гуноҳ ва савоб амаллар уларни асло ташвишлантирмаётгани кишини таажжублантиради.

Илму амал қилинган, "ўқитилган" деган иборалар, истайсизми-йўқми, кундалик ҳаётимизда кўп учрайди. Фолбинлар, "парихон" дея аталувчи инсонлар ҳақида барчамиз кўп бор эшитганмиз. Хўш, улар аслида ким? Улар қилаётган амаллар гуноҳми ёки савоб? Уларнинг "иши"дан "фойда" кўраётганлар басирликдан қачон қутуладилар?

Инсоннинг қаршисида ҳамиша икки йўл муқаррар: бири - яқин ва осон манзил, аммо охири дўзах. Иккинчиси оғир ва сермашаққат манзил, бироқ охири - жаннат. Ким қайси йўлни танлаши ҳар кимнинг имони суст ёҳуд мустаҳкамлигига боғлиқ.

Бир маҳалладаги икки қўшнинг муносабатларига ҳамма ҳавас қиларди. Улар жуда аҳил эдилар. Бу иноқликни қудачилик билан яна-да мустаҳкамламоқчи бўлдилар. Аммо куёв бўлмиш буни рад этди. Қизнинг эса қўшни йигитда кўнгли борлиги юз-кўзидан маълум. Муносабатлар "қўшничилик" билангина чекланди. Бироқ қўшни аёл ва қизи рад этилган тўйнинг алам аччиғида ёна бошлайдилар. Қўшниси бошқа жойдан келин олгач, бу олов яна ҳам авж олади. Тўйдан 3-4 кун ўтгач, қўшни аёл келинчакка йўқлов, устига амал қилинган тухум босилган ош олиб чиқади. Ошни еган келин-куёв турмуш қурганига уч ой бўлиб-бўлмай ажрашиб кетди. Кейинроқ маълум бўлишича, ўша йўқлов олиб чиққан куни қўшни аёл келинчакка билдирмай амал қилинган қабристон тупроғи ва бир бўлак илон пўстини янги оиланинг гилами остига беркитиб чиқиб кетади. Амал ўз кучини кўрсатиб, келинчак куёвнинг кўзига совуқ кўринадиган, кўп ухлайдиган ва бепарво бўлиб қолади. Уларни яраштириш ҳеч кимнинг қўлидан келмагач, келиннинг юкини олиб кетадилар. Уй бўшагач, қайнонанинг кўзи "топилма"ларга тушади...

Яна бир воқеа. Она ўғлини ўзи топган қизга уйланишга кўндиролмайди. Ўғил севган қизи билан турмуш қуради. Қайнона илк кунларданоқ ўғлини келиндан кўнглини совутишга ошкора ҳаракат бошлайди. Аввалига бунга табиий ҳол, дея қараган келинчак ҳомиладорликда асабийлаша бошлайди. Иккиси икки томонда нималаргадир "иссиқ-совуқ" қилиб, турли домла, фолбинларга куёв болани "ўқита бошлайди"лар. Онанинг ўғлини келиндан, келинчакнинг эрини онасидан "совутиб", ўзларига "иситиш" мақсадида қилган амаллари "натижа" бериб, йигит бечора хаёлпараст инсонга айланади.

Ҳаётдан бундай мисолларни кўп келтириш мумкин. Юқоридаги каби воқеалар катта гуноҳ, Аллоҳга ширк келтириш эканлиги ҳақида қанча гапирилса ҳам, айрим одамлар (эҳтимол, улар кўпчиликдир) илму амал, "иссиқ-совуқ"ларга "ихлос" қилиб, охиратни унутиб, разолат ботқоғига ботмоқдалар.

***

Чугунчалар, тугунчалар ёки амал ўқилган нарсалар ҳақида эшитганмиз, ўзимиз ҳам бундай воқеаларга гувоҳ бўлганмиз. Кўпни кўрган момоларимиз, отинойиларимиз бу ишнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри экани ҳақида гапиришади. Баъзи маҳаллаларда "фаолият" юритаётган парихону фолбинлар ҳақида билиб туриб ҳам ўша маҳалла етакчилари, фаоллари оилаларга, одамларга зарар келтирувчи амаллар билан шуғулланаётган бундай кимсаларга нисбатан ҳеч бир чора кўрмайдилар. Уларнинг бу каби ҳолатлардан кўз юматаётганликлари таажжублидир.

Минг афсус, айрим одамларнинг бу "касб" эгалари "фаолияти" ҳақидаги илиқ фикрлари энсамизни қотиради. Бир савдогар танишимиз парихонга жуда ихлос қилади. Ҳар гал хориждан товар олиб келадию, ўзига таниш опахонини чақириб, барча молларига (тезроқ сотилиши учун эмиш!) "дам солдиради". Кўп ўтмай, яна сафарга отланади. Сабаби, ихлос билан "ўқитгани" учун товарлари харидоргир эмиш. Қизиқ, аслида ихлос Яратганнинг наздидаги яхшиликларга, савоб бўларли юмушларга нисбатан бўлиши керак эмасми?! Ўткинчи дунёдаги бир лаҳзалик кўнгил ороми учун Аллоҳ маън этган ишларга, гуноҳларга қўл уриш шартмикин?

- Фолбину сеҳргарларга ишониш Аллоҳга ширк келтиришдир, - дейди Андижон туманидаги "Орол" МФЙ отинойиси Ойтожихон опа Ниёзова. - Фолбиннинг илму амалига ишонувчи кишилар охиратда қилган амаллари учун, албатта, жавоб берадилар. Мол-дунёга, турли орзу-ҳавасларга етишамиз, деб ана шундай қабиҳ ишлар билан шуғулланиб, ҳидоят йўлидан чалғимайлик.

Ҳа, кўпни кўрган онахоннинг ибратли фикрлари барчани сергакликка чорлаши лозим:

- Дин, илм инсонга эзгу мақсадлар учун берилган неъматдир. Ундан ўз нафси йўлида фойдаланиш кибрдир. Кибр эса энг ёмон иллатлардан бири ҳисобланади. Илму амал қилувчиларнинг диний мезонлардан нотўғри фойдаланиб, чугунча ва тугунчалар қилувчиларнинг охирати куйиб кетиши ҳақида ҳадиси шарифларда баён этилган. Биз масаланинг ана шу томонлари ҳақида маҳалла аҳли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришимиз лозим.

Гувоҳи бўляпмизки, бу "фаолият"ни кимдир қоралайди, кимдир кўр-кўрона оқлайверади. Аллоҳ томонидан ҳар бир инсонга идрок берилган. Охиратни мудом ёдида тутган банда борки, шайтоний алдовдан қочади, гуноҳдан ўзини тортади. Яна кимдир бугун илму амал билан бирон нарсага етишиб, ўзига "бахт" топар, лекин фоний дунё чорловида қандай жавоб бераркин?

Бу ҳақда муқаддас динимиз, муқаддас Қуръони Каримда жуда кўп гапирилган.

- Фолбинлик ёлғончиликнинг бир кўриниши бўлиб, у билан шуғулланган киши ғайбни билишини тилида даъво қилмаса-да, қилаётган иши буни тасдиқлайди, - дейди Олтинкўл тумани бош имоми Муҳаммадюсуф Тўрақулов. - Шунинг учун фолбинлик қилиш ва уларга ишониш шариатимизда қатъий ҳаром қилинган бўлиб, ундай кимсаларнинг имонида шубҳа борлиги, ибодати қабул бўлмаслиги таъкидланади. Пайғамбаримиз (с.а.в) дан шундай ҳадис бор: "Кимки фолбин ҳузурига бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, қирқ кунгача ўша одам учун тавба эшиги ёпилади. Агар коҳиннинг айтган сўзига ишонса, кофир бўлади" (Имом Муслим ривояти). Ҳадисларнинг бирида ана шундай кабира гуноҳларнинг бир нечтасини санаб ўтилади. Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в) "Ҳалокатга элтувчи еттита гуноҳдан сақланинглар!", - дедилар. Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?" - деб сўрашди. У зот: "... сеҳр-жоду билан шуғулланиш", - деб жавоб бердилар".

Мана, илму-амал, фолбину парихонларга ишониш қандай эканлиги ҳақида фикрларни баён этдик. Хулоса чиқариш эса ўзингиздан. Сизларга ана шундай ишлар билан шуғулланиб, ўзингизни гуноҳга қўйманг, деб маслаҳат берган бўлардик.

Зилола РАҲМОНОВА,

Муаттар МАҲКАМОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди