Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№38 дан: 19.09.2013

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ

ЁР-ЁР АЙТИНГ, ДУГОНАЛАР

Шаҳарга, қариндошимизникига тўйга боргандим. Тўйхонада тумонат одам. Мезбонлар югуриб-елиб меҳмонларни кузатмоқда. Кун тушдан оғгач, каттаю кичик келин келишини интизорлик билан кута бошлади.

Ниҳоят, дид билан безатилган машинада келин келди. Ҳамма унга пешвоз чиқишга шошилган, катта гулхан ёқилган. Янга ва дугоналар келинни тўйхона томон бошлашди. Келин ўзга уйга қадам қўйяптию юракларни ўртагувчи, миллийлигимизни тараннум этувчи ёр-ёрдан дарак йўқ. Ҳайронлигим ошиб у ёқ бу ёққа аланглайман. Ҳар бир ўзбек хонадонига келин билан бирга кириб келгувчи ёр-ёр унутилгандек. Ахир момоларимиз қиз узатганда, чилдирмалар чалиб, ўлан айтишган- ку. Наҳот, бу удумларимиз унут бўлаётган бўлса?

Келин даврага олиб чиқилаётганда янграган "Ёр-ёр" куйини эшитиб кўнглимда яна умид учқунлари чақнади: Хайрият, келин салом айтилар экан! Бироқ янглишган эканман, келин ўртада узоқ туриб қолди. Афтидан, унинг бирон дугонаси ҳам, ортидан келган қариндошлари ҳам "келин салом"ни билмасди...

Бу ҳол кўпчиликнинг энсасини қотирди чоғи, тоқати тоқ бўлган куёвнинг қариндошлари кекса бир онахонни даврага олиб чиқишди. Етмишларни қоралаб қолган онахон доирани қарсиллатиб чалиб, келин саломни бошлаб юборди.

Салом тугагач, келин-куёв тўрдан жой олишди. Икки ёшга эзгу тилаклар билдирилди. Базм авжига чиқди. Четдан қараган кишига бу тўй ўзбек хонадонида эмас, балки бошқа бир миллатга мансуб инсонларнинг уйида бўлаётгандек эди. Даврада янграётган ғарб услубига хос қўшиқлар, сочларини малла рангга бўяган, европача кийинган қизларнинг антиқа рақслари ана шундай таассурот қолдиради.

Энг ажабланарлиси, ўзбек қизлари бўла туриб, четдан кириб келган, ўзлари ҳам тушунмайдиган қўшиққа рақсни қойиллатишадию миллий қадриятимиз, маънавиятимиз сарчашмалари бўлган қўшиқларимизни айтиша олмайди. Нега шундай, асло тушунмайман? Қаёққа қараб кетяпмиз ўзи? Наҳотки, қизларимиз ғарб ҳаётига , маданиятига эргашишнинг охири нима билан тугашини англаб етишмаса?

Ёр-ёр, келин салом миллий қадрият бўлибгина қолмай, унинг тарбиявий аҳамияти ҳам катта. У мустақил ҳаёт остонасида турган ёшлар учун насиҳатдир. Агар унга қулоқ солсангиз, онанинг ўз фарзандига бўлган муҳаббати, тилаклари, ўзга уйга учирма бўлаётган қизнинг ички кечинмаларини ифода этади:

Оқ кўйлагим енгини

сўтдим, она,

Оқ сутингга рози бўл,

кетдим, она...

Истардимки, ҳар бир она ўз қизига ёр ёру ўланлар, аллаларимизни ҳам ўргатса. Уларни ўрганиб ўсган қизларнинг қалбида миллий қадриятларимиз, қадим анъаналаримизга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, ота-онага, яқинларига меҳр оқибатли бўлиш каби инсоний туйғулар куртак ёзиши, шубҳасиз.

Ҳуснида БОБОЕВА,

Балиқчи тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди