Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 31.10.2013

АЛЛОҲ ИСРОФ ҚИЛУВЧИЛАРНИ СЕВМАЙДИ

Тангри инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтаради ва ўзининг муқаддас китобларида исрофнинг ёмон оқибатларини баён этган. Бунга кўплаб оят ва ҳадисларни мисол қилиб келтириш мумкин. Жумладан, "Енглар ва ичинглар, лекин исрофгарчиликка йўл қўйманглар. Аллоҳ исроф қилувчиларни севмайди". (Аъроф сураси, 31-оят).

Бундан маълум бўладики, ейиш, ичиш ва кийинишда ҳам исрофга йўл қўймаслик керак, чунки исрофгарлар Аллоҳ муҳаббатидан маҳрумдирлар. Жуда кўп ҳадисларда исрофгарчиликдан сақланиш ҳамда тежамкорлик яхши фазилат эканлиги келтирилади.

"Аллоҳнинг нозу-неъматларидан баҳраманд бўлинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб-ясанинглар, аммо исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар!" Яна бир ҳадисда: "Ҳар бир исроф харомдур", дея таъкидланади.

Ислом дини ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, тўй, маърака ўтказишда ҳам мўътадил бўлиш талаб этилади.

Халқимизда тўй ва турли шодиёналар кўп. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ана шу тўй ва маросимларни меъёрида, ортиқча дабдабасиз ўтказишга ҳаракат қилишимиз лозим. Минг афсуски, айни пайтда ўтказилаётган турли маросим ва маъракалардаги исрофгарчиликларга эътиборсизлигимиз ташвишлидир. Ортиб қолаётган таомлар ташлаб юборилмоқда.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди", дейилади. Исрофнинг энг оғир гуноҳларнинг бири эканини ҳис этайлик. Айниқса, бугун тўйдан кейинги дабдабабозликлар авжига чиқмоқда. Қиз чиқарган хонадондан "маъзар" ташиш одати, нафақат, инсонийликка, балки ислом дини кўрсатмаларига ҳам тўғри келмайди. Куёв келинни қабул қилар экан, уй-жой, емоқ-ичмоқ билан таъминлашни ўз зиммасига олади. Янги келиннинг уйидан ҳафтада бир ёки икки марта таом олиб борган ҳолда хабар олиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада хушёр бўлайлик, арзимаган "қилди-қилмади" деган гап- сўзлар билан ёш оилани барбод бўлишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Арзимаган неъмат, мол-дунё учун оилани бузиш эса катта гуноҳдир.

Саҳобалардан бири Абдураҳмон Ибн Авф (р.а) уйланишини эшитган Расулуллоҳ (с.а.в.) тўйни қандай ўтказиш ҳақида кўрсатма берган: "Битта қўй сўйиб, тўй қилсанг, бас" - деганлар. Ваҳоланки, ул зот минглаб қўйлар сўйишга, бир неча кун зиёфат беришга қодир эди.

Расулуллоҳ (с.а.в) қизлари Фотимани турмушга бераётганларида теридан бўлган ёпқич, ичига хурмо фатийласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборганларини ҳар бир инсон мулоҳаза қилса, сеп-сидирға қилишда ҳаддан ошмаслик кераклигини англаб етган бўларди.

Шариатимизда никоҳ ва ақиқа тўйларини қариндош ва яқин қўшнилар билан дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш белгиланган. Ахир никоҳ тўйидан мақсад янги оила қурилаётганлигини барчага эълон қилиш бўлса, ақиқадан мурод жонли сўйиб бир қисмини муҳтожларга тарқатишдир. Суннат ва мучал тўйлари ўтказишлик шариатимизда буюрилмаган.

Катта харажатлар сарфлаб "худойи" ва маъракалар ўтказиш ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун муҳтож оилаларга, меҳрибонлик уйларига ёки ободончилик ишларига моддий ёрдам кўрсатилса, нур устига аъло нур бўлади. Бундан ташқари, тўйларда сарфланаётган ортиқча маблағлар ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур ишларга сарфлангани маъқулдир.

Шундай экан, ҳар бир мўмин мусулмон ҳаёти мобайнида турли хил исрофларга йўл қўймасдан, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам машаққат келтирмаслиги, юқорида зикр қилинган оят ва ҳадисларга амал қилиши лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизга ана шундай бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб айласин.

О. РАҲИМОВ,

Андижон шаҳридаги

"Ат-Термизий" жомеъ

масжиди имоми.

А. ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги "Ал Бухорий" жомеъ масжиди имоми.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди