Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 31.10.2013

БИЗНИНГ СУҲБАТ

ОИЛАМНИ ҲАММА НАРСАДАН УСТУН ҚЎЯМАН

Бугун юртдошларимиз орасида Райҳон Уласенова деган номни эшитмаган, бу актриса ижросида бирор фильм томоша қилмаган инсон топилмаса керак. Дастлаб "Олтин тож" болалар кўрсатувида бошловчилик қилиб юрган жажжи қиз орадан йиллар ўтиб, профессионал актриса бўлиб етишди. Халқ кўз олдида улғайган, ҳозирда "Илҳом" театрида фаолият юритаётган бу ёқимтой актриса билан бўлиб ўтган суҳбатни Сиз азиз муштарийлар эътиборига ҳавола этамиз.

- Нимагадир кейинги пайтларда театр саҳнасида янги ролларингизни кўрмаяпмиз.

- Тўғри. Чиндан ҳам айни пайтда театр саҳнасида янги роллар ўйнаганим йўқ. Аммо бу янги асарлар саҳналаштирилмаяпти дегани эмас. Театиримизда ҳар доим янги-янги спектакллар томошабинлар ҳукмига ҳавола этилмоқда. Аммо мен оилавий шароитим туфайли уларда ўйнашдан ўзимни четлатиб турибман. Ҳозир кўпроқ вақтимни бошланғич синфда ўқиётган ўғлимга бағишлаганман. Шу билан бирга, бўш вақтларимда ўз устимда ишлайман. Қолаверса, бир неча кинофильм-ларда суратга тушиш учун тайёргарлик ишларида қатнашяпман. Шу сабаб театрда янги роль ўйнашга имконим чекланган.

- "Алданган аёл" фильмидаги ролингиз кўпчиликка маъқул бўлди. Шунинг учун ҳам мухлислар орасида катта обрў қозона олдингиз.

- Ушбу фильм томошабинлар томонидан яхши кутиб олинди. Ишонасизми, ўшанда сценарийни биринчи марта қўлга олганимда, бутун вужудимни қўрқув эгаллаганди. Кейин ўқиб кўрсам даҳшатнинг ўзгинаси. Негадир юрагим орқага тортиб кетган. Чунки сценарий ҳаётда чиндан ҳам содир бўлган воқеага асосан ёзилган. Ҳаётда ҳақиқатдан ҳам шундай аёллар борлигига ишонгим келмаган. Биз актёрлар сценарийдаги воқеани дилдан ҳис этиб, уни томошабинларга етказиб бериш учун ўз қаҳрамонимиз тоифасидаги инсонлар билан мулоқотда бўлишимиз ва уларнинг кечмишини ўрганишимизга тўғри келади. Шу сабаб, суратга олиш жараёнида ана шундай аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг афсус-надоматларини, дилдан ҳис этдим. Балки, шу боис ўйнаган ролим ишонарли чиққандир.

- Ана шу фильмни тасвирга олишда партнёрингиз Хилол Насимов сизни чинакамига дўппослаган экан-а?

- Ҳа, чиндан ҳам шунақа бўлган. Ўша кадрда ортимда турган рус қиз оёғимдан тойдириб, тиз чўкдириши, ундан кейин Хилол ака мени дўппослаши керак эди. Лекин суратга олинаётган пайтда ўша қиз Хилол ака ва менинг тортишув саҳнамга ҳайрон бўлиб, "туртиш" ҳаракатини унутиб қўяди. Шунинг учун ҳам бу вазифа Хилол аканинг зиммасига тушди . Ўшанда кутилмаган калтак зарбидан эсанкираб, ерга йиқилганман.

Фильмнинг премъераси бўлиб ўтганидан сўнг, ўғлим айнан шу саҳна учун Хилол акани қидириб роса шовқин солган. Дадасига ҳам: "Қаёққа қараяпсиз? Онамни урган ўша одамни топиб берасизлар", деб роса хархаша қилганди.

- Бугун кўплаб актёр ва актрисалар сценарийдаги сўзлар қолиб, аллақандай сўзлар, ҳаракатлар билан томошабиннинг ғашига тегишади. Ана шундай ҳолатларни сиз қандай изоҳлайсиз?

- Мен ҳар бир асар адабий тилда ижро этилиши керак деб ҳисоблайман. Чунки шевани ҳамма ҳам тушунавермайди. Ҳар бир актёр ўзига берилган сценарийдаги воқеалар ёқмаса, уни рад этиши, қўлидан келмас экан, бачканаликка йўл қўймаслик учун ҳам шундай қилиши керак. Қолаверса, режиссёрларимиз ҳам роль тақсимлашда ҳар бир актёрнинг истеъдод ва имкониятини, қайси ролни қайси актёрга беришни яхши билиши лозим. Актёрларнинг қирраларини очиш ҳам режиссёрларнинг маҳоратига боқлиқ. Масалан, мен "Алданган аёл" фильмида синовдан ўтган бўлсам-да, кўпчилик мени ўйнолмайди деб ишончсизлик билан қарашган. Аммо Хилол ака Насимов менга ишонч билдирган. Ишонч туфайли яхши ўйнашга ҳаракат қилдим. Менимча, фильм муваффақиятли чиқди.

- Киноларда кам суратга тушишингизни кўриб, Райҳон Уласеновага таклифлар кўп бўлмаса керак, деган фикр туғилади.

- Аксинча, менга жуда кўп таклифлар бўлмоқда. Аммо аксар сценарийларни ўқиб чиқсам, Тошкентдан ташқарида суратга олинадиган бўлади. Мен эса дарҳол уларни рад этаман. Чунки бу менинг оилавий шароитимга унчалик мос тушмайди. Қолаверса, ҳеч қачон суратга олиш майдончаларига оила аъзоларимсиз чиқмайман.

- Нега суратга олиш майдончаларига айнан оила аъзоларингиз билан чиқишни маъқул кўрасиз?

- Сабаби, оиламни қадрлайман, уни ҳамма нарсадан устун қўяман. Қайнона-қайнотам бор, бир ўғил, бир қизим менинг жону жаҳоним. Шу боис, мен ҳақимда турли гап-сўзлар тарқалишидан қўрқаман. Шу ўринда менга кинода ўйнаш учун имконият бераётганликлари учун улардан чексиз миннатдорман.

- Мухлисларингизга, газетамиз мухлисларига тилакларингиз.

- Мухлисларим бор экан, мен ижод қиламан, бор истеъдодимни, санъатимни уларга бағишлайман. Уларга, қолаверса, газетхонларга ҳаётда қандай эзгу мақсадлари бўлса, ана шу мақсадларига етишишларини тилайман. Оилавий бахт, тинчлик-хотиржамлик уларни ҳеч қачон тарк этмасин.

Суҳбатдош

Феруза ИҚБОЛ.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди