Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№44 дан: 31.10.2013

ЯХШИЛИК

БИР АЁЛНИНГ САХОВАТИ

Инсонлар ҳамиша бир-бирига суянч бўладилар. Кишиларнинг бир-бирларига қилган ёрдамлари туфайли одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталари мустаҳкамланиб боради.

... Саломат опанинг бешинчи фарзанди ҳам кўкрак сути йўқлиги боис нобуд бўлди. Эри Ҳомид аканинг дарди оламни бузгудек: "Наҳот, беш ўғилдан бирортаси турмаса?!"

Умид олтинчи фарзанддан... Саломат опа яна ўғил кўрди. Чақалоқ соғлом. Ҳомид ака гўдагини ўзганлик Фозил Махсум домлага олиб бориб, Абдулбоқий дея исм қўйдириб келди. Сўнгра қўшни кампир - Адолат момонинг маслаҳати ва ёрдами билан янги туққан аёлни излашга тушдилар. Яхшики, маҳаллада янги кўчиб келган оилада қиз фарзанд дунёга келган экан. Икки ўғилдан сўнг туғилган қизалоқ оилани яна-да бахтли қилганди. Избоскандан (урушдан аввалги йиллар) қишлоққа кўчиб келган Шамсиддин уста, хотини Саодатхон қайрағочариқликлар билан тез орада яқинлашиб кетдилар. Адолат момо айнан шу оилани танлади. Саломат опа ва Ҳомид акалар жон деб рози бўлдилар: "Кўкрак сути билан яшаб кетса, катта бўлиб қолса бўлди!".

Адолат момо Саодатхоннинг қизчасини йўқлов баҳонасида муддаога кўчди. Саодатхон жон-дили билан рози бўлди. Уста Шамсиддиндан истихола қилган момони эрига ўзи тушунтиришни айтиб тинчлантирди.

Шундай қилиб, Адолат момонинг ёрдами билан икки аёл чақалоқни катта қила бошладилар. Улар опа-сингил, турмуш ўртоқлари ака-ука бўлдилар. Ўғилчаси икки ёшга тўлганида, суннат тўйи қилдилар.

Болалар беш ёшга тўлганида эса, машъум 2-жаҳон уруши юртимизга соя солди. Уста Шамсиддин биринчилардан бўлиб фронтга кетди. Бир йилдан сўнг Ҳомидбек акани ҳам "ишчи баталъон"га олдилар. Саодатхон Саломатхоннинг уйига кўчиб ўтди. Улар борини бўлиб еб, йўғига қаноат қилиб яшадилар. 1943 йилнинг баҳори эди. Бир куни Саодатхоннинг акаси йўқлаб келди (уни оқсоқ бўлгани боис, урушга олишмаганди). Синглисини олиб кетмоқчилигини айтганида, Саломат опа кўзига ёш олди:

- Агар буларни олиб кетсангиз, болам акаларига ичикиб кетади. Аранг шу ёшга етказдик. Отаси келса, кўрсатай!..

Саодатхоннинг акаси узоқ ўйланиб, бир қарорга келди. Улар Абдулбоқийга шерик бўлсин учун Саодатхоннинг кичик ўғли Иброҳимжонни қолдириб кетадиган бўлдилар. Ўша куни Абдусаттор ака синглиси Саодатхонни икки фарзанди - Сирожиддин ва Қундузхонлар билан Олтинкўлнинг Уйшин қишлоғига олиб кетди.

* * *

Иброҳимжон мактабда ўқиш билан бирга далага чиқди: отбош етаклади, ғўза қатор ораларини юмшатди, яхши ўқигани боис, таъбелчига ёрдамчи бўлди. Шу йиллар давомида Саломат опанинг эски уйини янгилаб - икки хонали қилиб қурди. Суйганига уйланиш арафасида армия сафига чақирилди. Украинадаги ҳарбий қисмларнинг бирида уч йиллик хизматни адо этган йигит юртга қайтишда дастлаб Уйшин қишлоғига - ўз ота-онасини ҳузурига боради. Сўнгра ҳаммалари биргаликда Қайрағочариққа - Саломат опаникига келишади. Зиёфат бу хонадонда давом этади, аммо Иброҳимжон эшитган нохуш хабар, севганининг вафоти туфайли шодиёна татимаётгандек эди.

Зиёфатдан сўнг, Шамсиддин ака Иброҳимжонни Уйшинда уйлаш ниятида эканини айтди. Саломат опанинг қаршилигини босиқлик билан енгди:

- ... Сизни уйлай олмайди, демайман. Аммо биз туриб сиз тўй қилсангиз, бизга иснод бўлади, синглим. Тўйдан сўнг келин-куёв бу ерда ҳам яшайверади. Тўйга ўзингиз бош бўласиз...

Тўйдан сўнг Иброҳимжон Саломат холадан доимий хабар олиб турди. Укаси Абдулбоқийни ҳам ўзи уйлади, оталик қилди. Бугун Абдулбоқий ҳам саксон ёшга етмоқда, Қайрағочариқ қишлоғининг ҳурматли кишиларидан бири. Тез-тез Уйшинга бориб, акасининг фарзандларидан хабар олиб туради.

Яхшилик ҳамиша оилаларни мустаҳкамлаб, инсонлардаги меҳр-оқибат илдизларини чуқурлашишига хизмат қилаверади. Зеро, саҳоват, эзгулик бор экан, одамлар орасида диёнат, оқибат юксалаверади.

Олимжон РАҲИМОВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди