Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№49 дан: 05.12.2013

МУЛОҲАЗА

ЭПЛИ ҚИЗДАН ҚОЛМА…

Аёл гўзаллик тимсоли, унингдек гўзал хилқат йўқ табиатда. Шарқ аёли эса азалдан нафақат, зоҳирий гўзаллик, балки ботиний гўзалликнинг ҳам тимсоли бўлиб келган. Ўзбек аёлларику ибо пардаларига ўралиб, шарм-ҳаё ила зийнатланиб дунёга келади гўё. Бироқ кейинги вақтларда аёлларимизга, қизларимизга хос бўлган, тилларда достон бўлурлик ўша ибо-ҳаё пардалари бироз кўтарилаётгандек назаримда. Бу ачинарли ҳол, албатта.

Аёллар табиатан зебу-зийнатга, чиройли либосларга ўч бўлишади. Бунинг ҳеч бир ёмон томони йўқ аслида. Фақат бунинг ортида янада гўзал бўлиш, яқин инсони кўз ўнгида янада латофатли кўриниш истаги ётади. Аммо бу истак ҳеч қачон орият, ҳаё ҳисобига бўлмаслиги лозим. Қолаверса, гўзаллик аёл кишининг ягона фазилати эмас.

Ишдан қайтаётиб йўл-йўлакай бир суҳбатнинг гувоҳи бўлдим ва ҳайратдан ёқамни ушладим. 17-18 ёшлар чамасидаги икки қиз мендан олдинда сўзлашиб борарди. Назаримда, коллеж ўқувчи қизлари эди. Улардан бири "энг замонавий урф"да кийинган, дугонасига мақтаняпти: "Кеча уйимизга совчилар келишувди, ойимга айтдим: агар чет элнинг мебелидан олиб бермасангиз, ўша топган куёвингизга тегмайман, дедим".

Қиз атрофдагилардан ҳеч бир истиҳола қилмаяпти, аксинча, мағрурланиб, овозини баралла қўйиб гапиряпти. Ваҳоланки, оналаримиз, момоларимиз ёшлик чоғларида, ота-оналарига бундай гапни айтишдан тортинишган, ҳаё қилишган, ота-оналари сеп қилиб нима олиб беришса, шунга рози бўлиб, турмушга чиқишган. Унаштирилган, тўйи бўлиш арафасидаги қизлар оталари, акаларининг юзига боқишдан уялишган. Ҳомиладор келинчаклар ҳам оғироёқ эканликларини атрофдагиларга кўз-кўзлашмаган. Ўзларини сипо тутишган. Чунки бу уят ҳисобланган. Ҳатто пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам қизлари Биби Фотимани куёвга бераётганларида битта кичикроқ кўрпа, битта кўзача ҳадя қилган эканлар. Шундай бўлса-да, улар бахтли яшашган. Бир-бирларини иззат-ҳурматларини жойига қўйишган.

Юқорида келтирганимиз эндигина 17-18 ёшга тўлиб-тўлмаган қизда бундай тушунча қаердан пайдо бўлди? Табиийки, оиладан. Демак, ўша оилада қимматбаҳо мебеллару, тилла тақинчоқлар тўғрисида кўп гапирилади. Қиз мол-дунё барча нарсадан устун, деган муҳитда тарбия топган кўринади.

Қиз болани гулзордаги энг гўзал, нозик гулга қиёс этишади. Табиийки, бу гул чамандек очилиб ўзидан хушбўй ифорлар таратиши, кишиларнинг кўзию қалбини қувонтириши учун алоҳида парвариш, эътибор, тарбия олиши зарур. Афсуски, аксарият ҳолларда қиз бола тарбиясидек нозик ҳисобланган масалага жиддий қаралмаяпти. Маълумки, қиз бола кўпроқ онасидан тарбия олади, унинг изидан кетади. Баъзан оналаримизнинг ўзлари қизларига намуна бўлмаяптилар. Ёш қизларни-ку қўя турайлик. Улар хали ғўр, балоғат ёшида. Мустақил ҳаётга энди қадам қўйиб келишмоқда. Бироқ хонадонларимиз бекалари бўлмиш оналар ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган, турмушнинг баланд-пастини кўришган. Наҳотки, фарзанд-ларнинг бахти фақат шу 3-4матонинг қийматию чет элнинг мебелларига бориб тақалса? Халқимизда "қизингни бешикка солу, сепини сандиққа" деган нақл бор. Биз орзу-ҳавасли халқмиз. Фарзандларга атаб келинлик либослари, куёвлик сарполари олишнинг ўзи ҳам ота-онага қанчалар қувонч бағишлайди. Бу бизнинг азалий удумларимиз. Бироқ бутун ҳаракатларимизни ана шу сарполарга қаратсак, ўзимиз билмаган ҳолда фарзандларимиз бахтига, келажагига рахна солиб қўямиз. Баъзан "қиз бола ўқиб, олим бўлармиди?" дея айрим ота-оналаримиз қизларини, ҳатто, коллежни тамомламасиданоқ турмушга узатиб юборишаётгани фарзандлари тақдирига, бахтли оила қуришга бефарқ қарашдир.

Яқинда қўшни маҳаллада яшовчи танишларимиздан бири қизини узатди. Тўй куни таниш-билишларнинг баъзилари "қизи ўқишини тугатиб олса бўларди, ҳали ёш эди," дея куйиниб гапириб қолди. Кейин билсам, қиз коллежда ўқир экан. У аёлнинг гапига яна бир аёл қўшилди. "Тенги чиқса, текин бер, деган айланай, яхши жойдан чиқиб қолгани учун ҳам рози бўлиб, тўйни бошлашди-да".

Бу гапларни эшитиб, ҳайронлигим ошди. Турмуш қуришга, қайнона, қайнотанинг хизматини қилишга,турмуш ўртоғининг барча инжиқликларини кўтаришга тайёрми? Физиологик жиҳатдан она бўлишга-чи? Буни ёши катта онахонларимиз ўйлаб кўрсалар навниҳол қизларига бунчалар жабр кўрсатмасдилар. Нима учун жабр деяпман, чунки ана шундай эрта узатилган қизларимизнинг баъзилари кўп ўтмай рўзғорга уқувсизлиги орқасидан гап эшитиб, ота уйларига йиғлаб кириб, келмоқдалар. Ёҳуд бир, икки йил ўтиб-ўтмай фарзандли бўлишмади, дея кўч-кўронини ортиб, турмуши бузилмоқда. Буни қандай изоҳлаш мумкин?

Дугоналари айни ўйнаб-кулиб коллеж, олийгоҳларда ўқиётганини кўрган бу қизларнинг кўнглидан афсус, надоматлар ўтмайди, ота-оналарига таъна, дашном қилмайди, деб ким айта олади? Уларга ота-оналари томонидан қилиб берилган сеп-сидирғалар, ўша баъзи қизларимиз хоҳлаган чет эл жиҳозлари, орқасидан ойлаб юбориб турилаётган маъзарлар эпсиз қизимизга бахт бера оладими?

Ундан кўра "Қиз бола бировнинг хасми" деб борган жойида тиниб-тинчиб кетиши, учун бирор-бир ҳунарнинг бошини тутишга ёҳуд ўқиб бир дипломнинг эгаси бўлишига хайрихоҳ бўлсак, бу билан қизларимизнинг келажагининг мустаҳкам бўлишига замин яратган бўламиз-ку. Ота-она қилиб берган сеп-сидирғалар вақтинчалик, кейинчалик ҳам ҳаётда қоқилмаслиги, қийналмай яшаши учун уларнинг орзу-ҳавасларига тўсқинлик қилмайлик. Қизларимиз вақтида болалиги ўсмирлиги, қолаверса, ўз вақтида келинлик даврини сурсин. Уларни эрта турмушга бериб, ўзимиз ҳам минг хижолатда қолмайлик. Биз катталар, яъни ота-оналар фарзандларимиз бахти йўлида шундай иш тутайликки, турмушга узатган қизларимиздан кўнглимиз тўқ бўлсин. Бунинг учун рўзғорга ҳам, мустақил ҳаётга ҳам қизларимизни тайёрлаб борайлик. Шундагина қизларимиз биз ўйлаган бахтнинг эгаси бўлишади.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди