Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№50 дан: 12.12.2013

"СОҒЛОМ ҲАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

ТИББИЙ КЎРИК - САЛОМАТЛИК ГАРОВИ

ОИЛА ПОЙДЕВОРИ МУСТАҲКАМ БЎЛСА, МУАМММОЛАР БЎЛМАЙДИ.

Халқимиз азал-азалдан оилани муқаддас қўрғон деб билган. Унинг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилган. Оила, никоҳ, қон-қардошлик муносабатлари ўзаро ахлоқий, ҳуқуқий масъулият билан боғланган.

Оиласиз жамият бўлмаганидек, оиланинг барқарорлигисиз мустаҳкам жамият бўлиши ҳам мумкин эмас. Оиланинг энг асосий мезони эса соғлом ва баркамол наслни давом эттириш, тарбияли фарзандларни вояга етказиш билан белгиланади. Рамзий маънода айтадиган бўлсак, оила ҳам ўзига хос кичик бир "ватан"дир. Унинг ҳар бир аъзосининг сиҳат-саломатлиги кўп жиҳатдан бу ердаги соғлом турмуш тарзига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги "Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида"ги қарори асосида олиб борилаётган ишлар соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ туғма касалликлар ва ногирон болалар туғилишининг олдини олиш, умуман, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оила мустаҳкамлигини таъминлашга соя солаётган қатор муаммоларни ҳал этишда муҳим роль ўйнамоқда.

Таъкидлаш жоизки, янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшларни никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказиш орқали турли касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш, оила пойдеворини мустаҳкамлашга ҳамда соғлом фарзанд дунёга келишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

- Бир куни ҳузуримга никоҳдан ўтиш учун ариза бергани келин-куёв кириб келишди, - дейди Асака тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Муборакхон Саидова. - Уларга никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш шарт эканлигини тушунтирдим. Бир ҳафтадан кейин қудалар биргаликда келишди. Кўрик хулосасини ўқисам... йигитда наслий касаллик борлиги аниқланган. Никоҳдан ўтказмасликка ҳаққим йўқ эди. Аввалига келин-куёвни секин ёнимга чақирдим-да, вазиятни обдон тушунтирдим. Сездим, ўшанда куёв тараф мендан хафа ҳам бўлди. Кейин аҳволни тушунишгач, менинг тўғри қарорга келганимни англаб етишди. Шу орада бир йил ўтиб, шифокорлар ўз вақтида чора кўришгач, йигит саломатлигини тиклаб, ўша қизга уйланди. Ҳозир бир нафар фарзанди бор, бахтли яшашяпти.

Ўзим гувоҳ бўлган яна бир воқеа: "Бизларни расмий никоҳдан ўтказиб қўйсангиз", деб бир эр-хотин кириб келишди. Келин ҳомиладор эди. Аввалига ҳайрон бўлдим. Тўйларингиз бўлганми ўзи? - деб сўрадим. Улар тўйимиз бўлган, шаърий никоҳдан ўтганмиз. Нега ўша пайтда мурожаат этмадинглар? - десам, "ота-оналаримиз домла ўқиди-ку, етади шу, кейин ҳужжат олаверамиз," дейишган эди..."

Дарров уларга тиббий кўрикдан ўтишлари учун йўлланма бердим. Вақт ўтиб, улар яна ҳузуримга келишди. Кўрик хулосасини ўқидим-у, юрагим алланечук бўлиб кетди. Унда куёв орттирилган иммунитет танқислиги касаллигига чалинган эди. Суриштирсам куёв узоқ муддат хорижда ишлаб келганлиги маълум бўлди. Вазият жиддий эди. Ҳомила саккиз ойлик. Уларни розилиги билан никоҳлари қайд этилди. Бола туғилди, бироқ уч кун яшаб, нобуд бўлди.

Тиббий кўрикдан ўтмасдан фақат шаърий никоҳдан ўтиш билангина чекланиб, оила қуриш мана шундай кўплаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Қонуний оила қуришнинг, тиббий кўрикнинг афзаллик томони ҳам шунда, - дейди ФҲДЁ мудираси. Шунинг учун келин-куёв тиббий кўрикдан ўтмагунларича никоҳлари қайд этилмайди.

Никоҳланувчилар психик, наркологик, таносил, сил касалликлари ва ОИВғғ ОИТС бўйича тиббий кўрикдан ўтишлари қатъий белгилаб қўйилган.. Тиббий кўрик ҳар икки ёшнинг саломатлиги, турмушида ҳар хил нохуш ҳолатлар рўй беришининг олдини олибгина қолмасдан, балки эртанги соғлом авлоднинг соғ-саломат туғилишига ҳам замин яратади.

Ҳа, оила муқаддас қўрғон. Юртбошимиз "Оила қуриш фақат икки ёш ўртасидаги иш эмас, бутун жамият ҳаётига алоқадор масала. Зеро, соғлом фарзанд соғлом оиладагина дунёга келади. Шунинг учун ёшлар ўртасида соғлом оила тушунчасини тарғиб этиш, улар саломатлиги, бир-бирига руҳий ва жисмоний жиҳатдан мослигини ўрганиш катта аҳамият касб этади,"- деган эдилар. Шу боис ҳам кириб келаётган янги йил "Соғлом бола" йили деб номланди. Демакки, соғлом оилани шакллантириш, соғлом зурриёдлар дунёга келиши учун масъулият янада ортди.

Шундай экан, оилаларимиз мустаҳкам бўлишида тиббий кўрикнинг аҳамияти беқиёс. Ёшлар, айниқса, ота-оналар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари керак.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

ВИЛОЯТИМИЗ СУВ ТАРМОҚЛАРИ

НОРИН ДАРЁСИ

Норин дарёси Фарғона водийсидаги йирик дарёлардан биридир. Дарё Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган. Аввал айтиб ўтганимиздек, Норин ва Қорадарёнинг қўшилиши билан Сирдарё ҳосил бўлади.

Норин дарёси Қирғизистон Республикасининг жанубий-шарқий қисмидан бошланади. Унинг асосий манбаасини тоғлардаги қорларнинг эришидан юзага келган сувлар ташкил этади. Тоғлардан оқиб тушувчи Кичик Норин, Жаак-таш, Барскоун, Тарағай, Оттук ва Ат-баш каби кичик сойлар Норин дарёсининг ирмоқларидир. Норин дарёси текисликка тушганидан сўнг қуйи қисмида унга оқим бўйича чап томондан Ала-буқа, Қил-дуо, Калдама каби сойлар қўшилади. Кейинчалик Жумггол-Сусамир ҳамда Узун Аҳмад сойлар қўшилиб, Нориннинг суви янада кўпая боради. Нориннинг текисликдаги қисми асосан, деҳқончилик қилинадиган ҳудуд ҳисобланади.

Норин дарёси сувидан унумли фойдаланиш, сувни тежаш мақсадида дарё ўзанига бир неча йирик гидротехник иншоотлар қурилган.

Норин дарёсига қурилган энг йирик иншоотлардан бири бу Токтогул сув омбори ҳисобланади. Мазкур сув омбори қўшни Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти ҳудудида жойлашган. Сув омборини қуришдан асосий мақсад, қиш мавсумида фойдаланилмай оқиб кетадиган сувларни тўплаб, вегетация мавсумида ушбу сувлардан деҳқончиликда фойдаланиш кўзда тутилган. Афсуски, кейинги йилларда қўшниларимиз омбордан ирригацион мақсадларда эмас, балки электр энергияси олиш мақсадида фодаланмоқдалар. Яъни, сувга талаб юқори бўлган ёз даврида омборга сув тўпланмоқда, қишда эса электр энергиясига бўлган талаб ортиши ҳисобга олиниб, уни ишлаб чиқариш учун омбор суви дарёга оқизиб юборилмоқда. Сувдан бундай фойдаланиш дарёнинг қуйи қисмида жойлашган давлатларда, хусусан, мамлакатимизда сув билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, қўшниларимиз, фақат ўз манфаатларини кўзлаб сувдан фойдаланиш борасидаги халқаро меъёрларни бузмоқда.

Қўшни республика ҳудудида Норин дарёсидан оқим бўйича ўнг тарафидан Катта Наманган канали, чап тарафидан эса Чап қирғоқ каналлари сув олади. Дарё Ўзбекистон ҳудудига ўтганидан сўнг мавжуд йирик гидроиншоотлардан бири Учқўрғон гидроузели ҳисобланади. Ушбу сув тақсимлаш иншооти орқали Шимолий Фарғона канали, Катта Фарғона канали ва Катта Андижон каналларига сув берилади.

Мамлакатимиз ҳудудида Норин дарёси ва ундан сув олувчи канал ҳамда сойлар қирғоқларининг емирилиши, сувдан самарали фойдаланиш ва исроф бўлишининг олдини олиш учун зарур ишлар бажарилган. Барча канал ва сойларнинг асосий қисми бетонлаштирилган.

Шуҳратбек ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ирригация тизимлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

ОНА ТАБИАТНИ АСРАШ

ЎЗИМИЗГА БОҒЛИҚ

Инсон... Табиат. Экология. Саломатлик.

Булар замирида ҳали инсоният ўрганиб бўлмаган сир-синоатлар, жумбоқлар бисёр. Инсон яралибдики, унинг ҳаёти давомидаги барча жараёнлар табиат билан узвий боғлиқлиги барчамизга маълум. Илм-фан, техниканинг жадал ривожланиши туфайли инсониятни табиатга таъсири натижасида экология бузилмоқда, қолаверса, ушбу жараён инсон саломатлигига салбий таъсир этаётгани барчани бирдек ташвишга солади.

Айниқса, озон қатламининг емирилиши табиат муҳофазаси ва инсон саломатлигига жиддий хавф солаётган глобал экологик муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, она заминни қуёшнинг улътрабинафша нурлари таъсиридан асровчи озоннинг табиатдаги миқдори атмосферанинг юқори қатламларида 3 млрд. тоннани ташкил қилади. Бу эса умумий атмосфера ҳавоси ҳажмининг миллиондан уч фоизи демакдир.

Шу ўринда айтиш жоизки, мамлакатимизда ушбу масалага, яъни, озон қатламини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимиз И. Каримовнинг "Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида: хавфсизликка тахдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари" асарида таъкидланганидек, "Халқаро ҳамжамият инсоннинг нафақат яшаш ҳуқуқи, балки тўлақонли ва соғлом турмуш кечириши учун зарур мўътадил атроф-муҳит шароитларига ҳам бўлган ҳуқуқларининг муқаддас ва дахлсизлиги"ни алоҳида қайд этиб ўтган.

Экологик хавфсизлик кишилик жамиятининг бугуни ва эртасини белгиловчи муҳим муаммолар жумласига киради.

Дарҳақиқат, экологик муаммолар умуминсониятга тегишли муаммолар нуқтаи назаридан ҳам нисбатан кўпроқ эътибор талаб этилиши лозим бўлган масаладир. Шу ўринда таъкидлаш керакки, учинчи минг йилликнинг бошланиши муҳим икки тамойил билан характерланади. Биринчидан, ҳозирги тамаддун глобал экологик муаммолар (иқлим ўзгариши, озон қатламининг емирилиши, ичимлик сувининг танқислиги, био хилма-хилликнинг қисқариши, чиқиндиларни зарарсизлантириш ва бошқалар) билан тўқнаш келди. Иккинчидан, дунё кескин суръатларда ўзгариб бормоқда, яъни кечаги мезонлар билан эртанги истиқболни белгилаш у ёқда турсин, ҳатто бугунги ҳодисаларни ҳам баҳолаш мумкин эмас.

Ушбу муаммоларни бартараф этиш борасида жаҳон миқиёсида кенг кўламли, айниқса тарғибот ишлари кўлами ортиб бормоқда.

1987 йил 16 сентябрда озон қатламини емирувчи моддалар бўйича халқаро Монреаль протоколи ишлаб чиқилган бўлиб, бугун дунёнинг 200 га яқин мамлакатида мазкур халқаро ҳужжатнинг ижроси таъминланмоқда. Ўзбекистон ҳам ушбу протоколни 1993 йилда ратификатция қилган бўлиб, айни пайтда мазкур халқаро меъёрий ҳужжат асосида ишлаб чиқилган миллий дастур доирасида озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бунинг замирида она табиатни арсаб-авайлаш, инсонлар соғлигини мустаҳкамлаш, экология мусаффолигини таъминлаш, юзага келаётган салбий ҳолатларнинг олдини олиш каби эзгу мақсадлар ётади.

Ана шу мақсадларга эришиш энг аввало, ўзимизга боғлиқ. Шу боис, она табиатни асрашга ҳаракат қилайлик.

Хосият СИДДИҚОВА тайёрлади.

ФИКР

УЙИМИЗНИ, КЎЧАМИЗНИ

ПОКИЗА САҚЛАЙЛИК

Бир куни дарвозахонамиз шифтига ин солиб олган мусичанинг хатти-ҳаракатларини кузатиб, у ўз инидан кераксиз чўп-хашакларни, лойларни олиб чиқиб ташқарига ташлаётганига кўзим тушди.

Беозоргина мусичанинг ўз гўшасини покиза сақлашга уринишлари мени ҳайратлантирди. Наҳотки, қушлар ҳам ўз яшаётган жойларини тоза ва озода тутишса? Шу воқеа сабаб кўп ўйландим. Биз инсонларчи? Ўз уйимизни, ён-атрофимизни қай даражада покиза сақлаяпмиз?

Йўлда кетиб борар эканман, гўзал ва кўркам кўчаларимизнинг ҳуснига қора ҳолдек доғ солаётган чиқиндиларга кўзим тушади. Одамлар "бакалашка"лар, қоғоз уюмлари, сигарет қолдиқлари, писта пўчоқларини озода кўча ва хиёбонларга ҳеч бир андишасиз ташлаб кетишаётганининг гувоҳи бўлиб, ён-атрофимизни покиза сақлашга шунчалик эътиборсиз эканлигимиздан таажжубландим. Ахир шу кўчаларда ўзимиз юрамиз, ана шу манзиллардан ўтиб ўқишга, ишга борамиз. Нима учун чиқиндиларни ўша ерларга ташлашга уялмаяпмиз.

Кўчаларимиз ҳамиша озода турса, кўнгиллари-ку! Энг ёмони, аксарият кишилар бир қадам нарига чиқинди ташлайдиган махсус идишлар ўрнатилган бўлса-да, унга олиб бориб ташлагани эринибми, хоҳламайми йўл бўйларига турли чиқиндиларни ташлаб кетишаётгани ачинарли ҳолдир.

Бу маданиятсизлигимиз, ён-атрофни тоза, покиза сақлашга эътиборсизлигимизни кўрсатади.

Азиз дўстлар, келинг бу каби ҳолатларга барҳам берайлик. Она табиатимизни, кўчаларимизни озода сақлайлик. Шундагина қишлоқ ва шаҳарларимизнинг покиза ва чиройли бўлишига эришамиз. Турли юқумли касалликлар келиб чиқишининг олдини олган бўламиз.

Наҳотки, қуш ўз уйни тоза сақлашга интилсаю, биз интилмасак. Бу инсонийлигимизга тўғри келадими? Бундан биз уялишимиз, қалбимиз оғриши керак.

Сожида САИДОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди