ИҚРОР
ҲАСАД ЎТИ
Мактабнинг биринчи чораги якунланиш кунлари Сабина синфнинг ёзув тахтасига масала ёзаётган эди. Бирдан синф раҳбари Комила опа кириб келди ва ўқувчиларга хушхабар борлигини айтди:
- Болалар тез кунда мактаблар ўртасида "Биз-буюк юрт фарзандларимиз" деб номланган кўрик-танлов бўлиб ўтади. Бунда ҳар бир мактабдан биттадан ўқувчи қатнашади. Танловда иштирок этаётган ўқувчи билимдон, иқтидорли ва интилувчан бўлиши керак.
Синф раҳбари шундай дедию, хонадан чиқиб кетди.
Сабина кечаси билан ушбу танловда қатнашишни ўйлаб, уйқуси қочди. Ниҳоят, тонг отди. Сабина шошиб-пишиб кийина бошлади. Нонушта ҳам қилмасдан мактаб томон отланди. Комила опа синфга кириб, танловда қатнашиш учун энг яхши ўқувчи танлаб қўйганини ва бу Гулмира эканлигини барчага маълум қилди. Гулмира ҳайрон бўлди. Бутун синф ичида уни танлашлари хаёлига келмаганди.
Сабинанинг ғайирлиги келди. Синфдаги барча ўқувчилар Гулмирани қўллаб-қувватлашса, Сабина бу пайти унга ҳасад қилди. Гулмира унинг гапларига эътибор бермади. Аксинча, тинмай тайёргарлик кўриб, кўпроқ китоб ўқиш билан овора бўлди.
Мана орзиқиб кутилган кун келди. Гулмира учун танлов шартлари бироз қийинчилик туғдирган бўлса-да, уларга аниқ жавоб берди. Тадбир якунида Гулмирани ғолиб деб эълон қилишди. Мактаби шаънини ҳимоя қилган Гулмирани мураббийлар ва синфдошлари табриклашди.
Ўша куни Сабина онасининг сўзларини эслади: "Қизим, ҳасад билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди, ҳавас ва чин юракдан ҳаракат қилсанг муродингга етасан". У ушбу сўзлар маъносини бугун тўлалигича англаб етди. Хато қилганини ўйлаб, Гулмирадан узр сўради. Сўнгра улар яна дўст бўлиб қолишди.
Гўзалой АБДУЛЛАЕВА.
|