Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№51 дан: 19.12.2013

МУЛОҲАЗА

КИТОБ - КЕЛИНЛАР СЕПИГА КЎРК БЎЛСИН

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан "Ҳар бир келин сарпосида китоб бўлишига эришайлик" деган ташаббуснинг илгари сурилганлиги кўпчиликнинг дилидаги иш бўлди.

Ота уйимда чинакам кутубхона бор, десам хато бўлмайди. Болалик чоғларимда дадамнинг нима сабабдан бу қадар кўп китоб йиғишини ва нима учун бўш вақтларини мутолаага сарфлашини яхши тушунмасам-да, бироқ бунинг "яхши иш" эканини ҳис этардим. Йиллар ўтиб, ҳаётни англаш жараёнида бунинг замирида буюк қудрат борлигини англадим.

Жуда ёш вақтимизданоқ китоб мутолаасига ўргандик. Дадамнинг "қайси китобни ўқидингиз, қизим?" дея сўраб, ўша асар мазмунига қизиқишлари тобора мени китоб оламига ошуфта этарди. Катта-катта асарларни тушуна бошлаганимда эса аллақачон "китобнинг ашаддий мухлиси"га айланиб бўлгандим.Турмушга чиққач эса, табиийки, ўз китоб жавонимни ташкил қилдим.

Бу хотиралар, умуман, китоб нафақат менинг, балки ҳар бир киши ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини англаб, қани энди ҳар биримиз, айниқса, қиз бола китобга дўст бўлса, деб кўп ўйлардим.

Келин сарпосига китоб қўшиш ҳақидаги ташаббусни эшитиб, очиғи жуда қувониб кетдим. Бу ташаббусни, албатта, кенг ёйиш ва уни тезроқ ҳаётимизга татбиқ этишимиз лозим. Чунки китоб инсон ақл-тафаккурини, маънавиятини юксалтиради. Аёлларимизнинг келажагимиз эгалари бўлган ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва ролини ҳисобга оладиган бўлсак, уларнинг тафаккури, маънавияти қай даражада юксак бўлиши миллатимизнинг эртасини белгилаши шубҳасиз.

Китобнинг инсон заковатида, таълим-тарбиясида, одоб-ахлоқида нечоғли катта ўрин тутиши асрлар давомида англанилган ҳақиқатдир. Хўш, бугун ёшларимиз, айниқса, қизларимиз ана шу ҳақиқатни қай даражада тушуниб етмоқда? Улар китоб ўқияптиларми?

Ҳозирги кунда тўртта аёл бир бўлса, албатта, келинлар сепидан, олинаётган қимматбаҳо мебеллар, данғиллама тўйлар ҳақида гап кетади. Минг афсуски, келин маънавияти, унинг китоб ўқиш, ўқимаслиги ҳақида гапирилмайди.

Маҳалламизда довруғи узоқларга ёйилгудай тўй бўлди. Қизнинг сепу-сарпоси ҳамманинг оғзида. Бахтни пул, бойлик билан ўлчовчи ота-она, қуда-анда маънавий бойлик тўғрисида ақалли ўйлаб ҳам қўйганлари йўқ. Мулоҳазали ўқитувчи бир қўшнисининг "сеп-сидирғага 3-4 та турмушда керакли китобларни ҳам қўшиб қўймабсизлар-да", дея айтган гапи тўй эгаларининг масхараомуз кулгусига сабаб бўлди. Оғиздан оғизга ўтиб маҳаллага ёйилган бу гапга кимдир қўшилди, айримлар "Сепда китоб нима қилади?" деб ҳайрон бўлди.

Аслида, китоб яхши устоз, энг яхши сирдош, энг яхши ҳамроҳ эканини ҳатто англамаймиз ҳам. Ўқиган, уққан қиз одоб-аҳлоқдан ҳам хабардор бўлади. Шундан келиб чиқиб, қизларни турмушга узатишда уларнинг сепига, албатта, китоб қўшиш лозим ва бу масалага ҳар бир юртдошимиз муҳим жиҳат деб қарашга ўрганиши керак.

- Келиннинг сепида пазандалик сирлари, ораста уй тутиш, эру-хотин муносабатлари, қайнона-қайнота ҳурмати ҳақидаги китоблар бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади, - дейди Пахтаобод туман тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси раиси Мавлудахон Араббоева. - Қолаверса, ўзбек қизларининг шарму ҳаёсига яққол мисол "Ўтган кунлар", "Меҳробдан чаён" каби нодир китоблар қизларимизга келинлик уйида жуда асқотиши муқаррар. Баъзан қизларимиз келин бўлгач, турмуш ўртоқлари ёки қайноналарининг кўнглини ололмай қийналадилар. Уларга бу борада қилинган насиҳатлар гоҳида малол келади. Шунда китоб деган улуғ устоз ёрдамга келиши мумкин. Айниқса, севимли шоирамиз Турсуной Содиқованинг "Қизим, сенга айтаман...", "Келин бўлиш илми" сингари рисолалари, ишонаманки, уларга ўша тушунмовчиликлардан қутилишига ёрдам беради.

Дарҳақиқат, китоб ҳаёт, рўзғор икир-чикирлари ҳақида тўғри хулоса чиқаришда катта ёрдам беради. Аммо бу борада, энг аввало, китобни ўқиш ва уқиш ҳам жуда муҳимдир. Ўқиган билан ундаги мақсадни англамаса бу... даҳшат! Қизларимиз, келинларимиз ҳам сепларига қўшиб берилган китобдаги фикрларнинг мағзини чақсаларгина турмушда қоқилмайдилар. Айниқса, фарзанд тарбияси, уни соғлом қилиб ўстириш ҳақидаги рисолалар ҳам бўлажак она ва фарзанд улғайтираётган келинларимиз учун жуда кераклидир.

Айрим китоблар борки, уларда халқимизнинг миллий қадриятлари, шарқона одоб, хаё мужассам. Улардан баҳраманд бўлган киши ҳеч қачон ўзлигини унутмайди. Хусусан, Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар"идаги бир лавҳа орқали келиннинг қайнотага бўлган чексиз ҳурматини яққол кўриш мумкин. Жон бераётган Кумушбиби ётган хонага қайнотаси кириб келганида, келин оғир дард исканжасида бўлса-да, минг бир истиҳола билан ўрнидан туришга интилади. Бу манзарадан беихтиёр тўлқинланиб кетасиз, бу - дунёдаги бирор миллатда учрамайдиган одоб кўринишидир. Ўзбек келинининг ҳаёси акс этган ушбу лавҳа бўлажак келинлар учун ҳар қанча ибрат бўлса арзийди. Ана шундай олий қадриятларимиз акс этган асарлар ҳам қизларимизга ҳаётни, оилавий муносабатларни ўрганишлари учун катта мактаб бўла олади.

Молу давлат, сепу сидирғанинг қиймати аслида келиннинг одоб-ахлоқи, чаққонлиги, қолаверса, бизга яхши устоз бўлгувчи китоб берадиган билимлар олдида арзимасдир. Шундай экан, келинг, бўлажак келинчакларимизга йиғаётган сарполар ёнига зарур китобларни ҳам қўшиб қўяйлик. Фарзандлари сепини турли латтаю матолар билан тўлдираётган ота-оналар шу ҳақда ўйлаб кўрсалар, яхши бўлар эди.

Эзгуликка йўғрилган ушбу ташаббус, ишонаманки, барча опа-сингилларимиз, айниқса, кўпни кўрган онахонларимиз томонидан, шубҳасиз, қўллаб-қувватланади ва жамиятимизда оммавий тус олади.

Зилола РАҲМОНОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди