Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№51 дан: 19.12.2013

МУНОСАБАТ

АЁЛЛАРНИ АСРАЙЛИК

Ўқувчилик давримизда тарих фанидан қулдорлик тузуми ҳақида ўқиб, бу жирканчликлар мозийда қолиб кетган, деб тасаввур ҳосил қилган эдик. Аммо бугунга келиб ўша разолат ҳамон давом этаётгандек. Аслида қулдорликка қарши биринчи бўлиб Ислом дини кураш олиб борган. Қул озод қилишлик билан улкан ажрларга эришилган.

Ҳатто, баъзи гуноҳларнинг каффорати учун ҳам қул озод қилишлик шарт қилинганки, булар ҳаммаси инсоннинг улуғ ва мукаррамлигидан нишона.

У пайтларда-ку, уруш ва жангларда асир тушган инсонлар мажбурий тарзда қул қилингандир. Бироқ бугун инсонлар ихтиёрий тарзда мўмай даромад илинжида ўзларини қулликка маҳкум этаётганликлари жуда аянчлидир.

БМТнинг маълумотларига кўра, ер юзида ҳар йили дунё бўйича 2 миллион 800 минг нафардан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланади. Шунингдек, ҳар йили 600- 800 минг нафар аёл ва бола алдов йўли билан сотиб юборилмоқда. Бу рақам жабрланувчиларнинг 80 фоизини ташкил этади.

Бу муаммо бугунги кунда бутун жаҳон оммасининг ташвишига айлангани сир эмас. Республикамизда одам савдосига қарши қатор тадбирлар ўтказилмоқда, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари, кенг жамоатчилик ҳамкорлигида самарали фаолият олиб бормоқда.

Аммо орамиздаги баъзи ориятсиз кимсалар ўз аёллари ва қизларининг сотилиб кетишлигидан ҳам ор қилмай, улардан келадиган даромад иштиёқида ўзлари уйда қолиб, уларни ноқонуний йўллар билан хорижга жўнатиб юборишмоқда. Бу ҳол миллатимиз, юртимиз учун улкан иснод эканини англамаяптилар.

...Саркарда Жалолиддин Мангуберди Чингизхон таъзийқи кучаявергач, ўз яқинларини, айниқса, аёллар ва болаларни сувга чўктириб юборади. Зеро, жасур ҳукмдор душман қўлидаги хўрлик ва хорликдан кўра ўлимни афзал билган. Бугун одам савдоси қурбонлари орасида аёлларнинг борлиги, уларнинг четда хорликда ўтган кунлари ҳақида эшитаётганларимиз ҳар қандай кишини қайғуга солади.

Эндигина 24 ёшни қаршилаган бир аёлнинг қуйидаги сўзлари қалбимизни жунбушга келтиради:

- Юртимга қайтишим билан ҳамма кўрган қийинчиликларим ортда қолади, деб ўйлардим. То самолёт жойидан қўзғалмагунча юрагим ҳудди қафасдаги қушдек типирчиларди. Гўёки яна кимдир мени олиб кетиб, ўша ботқоққа ташлаётгандек. Ҳозир ўша ҳолатимни сизга тасвирлаб бера олмайман... (Кўзига ёш келди). Мени ресторанда ишлайсан, деб олиб кетишганди. У ерда ҳаммаси бошқача эканлигини билдим. Олти ой давомида кўрмаган азобим қолмади. Сизлардан илтимос, мени алдаганларни жазога тортинг. Мен уларнинг қўлларида кишан билан турганини бир бора кўрсам бўлди. Бошқа аёлларимиз, қизларимиз алданиб қолмасликларини, менинг ҳаётим улар учун дарс бўлишини хоҳлайман. Ҳамма жойнинг тошу тарозиси бор. Чет элда осон, катта даромад топаман, дейишлик хом хаёл экан.

Бу аёл каби алданган қиз-аёлларнинг пушаймонлари, одамфурушлардан заҳмат кўрган тақдирларнинг надоматлари юракни тилади.

Азизлар, юқоридаги ана шу сингари ҳолатлардан сабоқ олайлик. Яқинларимизни, айниқса, опа-сингилларимизни чет давлатларга юбормайлик. Аёлларимизни асраб-авайлайлик. Ўз қўлимиз билан уларни қуллик исканжасига ташламайлик.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,

Асака тумани.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди