ТУРМУШ ЧОРРАҲАЛАРИДА
ОТА
Отанинг қўли қадоқ, қадди камон. Умр бўйи меҳнат қилди, ёлғиз фарзандини ўқитиб, эл қаторига қўшди.
- Ота, шу сигарета заҳри-қотилни чекмасангиз нима қилади?
Раҳбарлик лавозимида ишлаётган ўғлининг гапи отанинг юрагига наштардай санчилди.
- Мен кўча-кўйда уяляпман, - дея гапини давом эттирди ўғил. - Сиз сигаретанинг тутунини паравоз қилиб, автобусларда юрсангиз. Қачон ташлайсиз бундай беъмани одатларингизни? Бирор жойга борадиган бўлсангиз айтинг, хизмат машинамни жўнатаман...
Амалдор ўғил ота ўтирган уйнинг эшигини қарсиллатиб, ёпиб, чиқиб кетди. Эшикнинг зарби отанинг қулоқлари тагида акс-садо берди. У ўтирган жойида ўйга толиб қолди:
- Боласи тушмагур, қачон мен шунчалик кўп папирос чекдим экан. Ўзи ёмон кўраман, тамаки тутуни унча ёқмайди. Аммо, онасининг ўлимидан кейин ўтган икки йил мен учун икки асрдек туюлди. Шу папирос ўлгурни ҳам ўшандан кейин бошладим. Мен кўча-кўйга ўзимни овутгани чиқаман. Уйда келиннинг қош-қовоғига қараб ўтиргандан кўра, ошна-оғайнилар билан гурунглашгани, кўнгилни ёзгани чиқаман.
Ёлғизлик нақадар оғир. Жаҳаннам эканлигини сен билмайсан, илоҳим, билмагин, болам. Мен ёлғиз эдим, сен ҳам ёлғиз бўлдинг. Худога қилган нолаларим етиб, ўзингдан кўпайдинг, набираларим бор, Оллоҳга шукр! Худо хоҳласа, невараларинг, чевараларинг яна ҳам кўп бўлади.
Оллоҳим, шу ёлғиз ўғлимнинг умрини узоқ қилгин! Билиб-билмай қилган гуноҳларини ўзинг кечиргин!
|