Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 26.12.2013

"СОҒЛОМ ІАЁТ - СОҒЛОМ КЕЛАЖАК!"

Ушбу саҳифа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси хузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Аҳолининг экологик ва тиббий саводхонлигини, маданиятини юксалтириш - соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг муҳим омили" номли лойиҳа доирасида тайёрланди.

ВИЛОЯТИМИЗ СУВ МАНБААЛАРИ

ТЕНТАКСОЙ ВА МАЙЛИСОЙ ДАРЁЛАРИ

Тентаксой ва Майлисой дарёлари қўшни Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг тоғликларидан бошланади. Ушбу дарёларнинг суви қўшилиб, Избоскан тумани ҳудудидан Қорадарёга қуйилади.

Тентаксойнинг умумий узунлиги 126 км. бўлиб, шундан 112 км. қисми Қирғизистон Республикаси ҳудудидан, 14 км. қисми Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан оқиб ўтади. Тентаксойни жалолободликлар Қора-Унгур деб атайдилар. Тентаксойга Қирғизистон ҳудудида Шайдансай ва Ғовасойларнинг суви қуйилади. Сув ўтказиш қобилияти секундига 200 кубометргача етади, дарё сувининг бундай миқдори, асосан, баҳор ойларида ёғингарчилик даврига тўғри келади, ёзнинг иккинчи ярмига келиб, дарёда деярли сув қолмайди.

Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон тумани ҳудудида Тентаксойдан сув олувчи Бозорқўрғон сув омбори жойлашган бўлиб, ушбу сув омбори 1962 йилда ишга туширилган, унинг сув ҳажми 30 млн. кубометрни ташкил қилади.

Тентаксойга суғориладиган минг гектар атрофида майдон боғланган бўлиб, ушбу ҳудудда сув танқислиги деярли билинмайди. Лекин Тентаксой баҳор ойларида сув тошиш хавфи билан ҳаммани таҳликага солиб туради. Айниқса, 1998 ва 2010 йиллари сув сойнинг дамбасидан тошиб чиқиб, бир қатор аҳоли яшаш пунктларига хавф солган. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича хукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, юртбошимизнинг махсус қарорига асосан, 2013 йилда Тентаксойнинг Пахтаобод ва Избоскан туманларидаги дамбаларини мустаҳкамлаш учун 2.73 млрд. сўм маблағ ажратилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Майлисой дарёсининг ҳам бошланғич қисми Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган бўлиб, жами узунлиги 87 км.ни, жумладан, вилоятимиз ҳудудидан ўтган қисми 23 км.ни ташкил қилади. Майлисой дарёсининг суви ҳам баҳор ойларида серсув ҳисобланади, ёзнинг иккинчи ярмидан эса деярли дарёда сув бўлмайди. Ушбу манбага бириктирилган суғориладиган 8 минг гектардан зиёд майдонда ёз ойларида сув танқислиги сезилиб туради. Ушбу вазиятни юмшатиш учун Норин дарёсидан сув олувчи "Дўстлик" насос станцияси ҳамда Катта Фарғона каналидан сув олувчи "Мустақиллик 8 йиллиги" насос станцияси, Пахтаобод каналидан сув олувчи "Гулистон", "Андижон" ва "Янги ҳаёт" насос станциялари қурилган бўлиб, булардан "Дўстлик" ҳамда "Мустақилликнинг 8 йиллиги" насос станциялари Қирғизистон ҳудудида қолиб кетганлиги туфайли сув таъминоти борасида қатор муаммолар юзага келмоқда. Майлисой дарёси суви ҳам апрель, май ва июнь ойларида ўта серсув бўлганлиги сабабли унинг республикамиз ҳудудидаги қисмида тошқинларнинг олдини олиш тадбирлари амалга оширилади.

Шуҳратбек ЭРГАШЕВ,

Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.

МУТАХАССИС МИНБАРИ

ЭКОЛОГИК МУСАФФОЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БАРЧАНИНГ БУРЧИ

Ҳозирги даврга келиб инсоният олдида қатор глобал муаммолар юзага келган. Улардан бири

экологик муаммодир, чунки у инсон ҳаёти ва яшаш тарзига боғлиқ муҳим масалалардан бири

саналади.

Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, инсон, инсоният келажаги нормал экологик муҳитсиз мавжуд бўлаолмайди.

Шунинг учун ҳам ушбу масалага Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2000 йилда дунёдаги 189 та мамлакат раҳбарлари иштирокида ер юзида ҳаётни қандай қилиб яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги глобал ва муҳим муаммоларни муҳокамасига бағишланган Минг йиллик Саммити ўтказилган.

Таъкидлаш жоизки, кейинги ўн йилликлар давомида атроф-муҳит инсониятнинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида кескин даражада ифлосланмоқда. Техника ва технологиянинг ривожланиши эса бу жараённи янада тезлашишига сабаб бўлмоқда.

Айниқса, инсонларнинг кундалик ҳаёти натижасида юзага келаётган чиқиндилар табиат, атроф-муҳит ифлосланишида муҳим омил бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, одамлар юзага келтираётган чиқинди бир кунда 6 млн. тоннани ташкил этади. Бу эса инсон ҳаётини, она табиат мусаффолигини жиддий хавф остига қўяди. Ана шулардан келиб чиқиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг 1992 йилги Глобал экологик маълумотида қуйидагиларни энг жиддий масала деб қайд этади:

1.Чучук сув етишмаслиги (қишлоқ хўжалигида 63 фоиз, саноатда 23 фоиз, турмушда 8 фоиз).

2. Дунё океанларининг ифлосланиши;

3. Орол денгизининг қуриши;

4. Ҳавонинг ифлосланиши (айниқса, катта шаҳарларда);

5. Ўрмонларнинг камайиши (бир йилда 16,8 млн.гектар ўрмонлар кесилмоқда);

6. Тупроқ эрозияси (дунёдаги ана шундай 15 фоиз ерни қайта тиклаб бўлмайди);

7. Табиий офатлар (сув тошқини, зилзила, қурғоқчилик)

Инсон экологик нуқтаи назардан ўз цивилизациясини модернизациялаши лозим, атроф-муҳитни тоза сақлаш учун ҳаракат қилиши керак. Бунинг учун ер юзидаги барча давлатлар биргалашиб ҳаракат қилишлари, бирлашишлари ва зарур тадбирларни амалга оширишлари муҳимдир. Муаммоларни комплекс равишда ҳал этиш, умуман, бу борадаги ишлар тизимли, илмий ва кетма-кетлик билан олиб борилсагина, ижобий самара келтириши мумкин.

Мазкур йўналишда юртимизда ҳам муайян ишлар олиб борилаётганлиги эътиборга молик. Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожлантириш бўйича давлат сиёсати ишлаб чиқилган ва у тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ташкил этилиши ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган. Ҳаракат давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, табиатни муҳофаза қилиш, инсон саломатлигини сақлаш мақсадида фаоллик кўрсатаётганларни бирлаштиради.

Экологик маданиятни юксалтириш борасида инсон ва табиат ўртасидаги мувозанатни сақлашга, табиий бойликларни келажак авлодлар учун асрашга интилувчи аҳоли қатламига ва тарихий анъана ва қадриятларга суяниш керак. Маданий меросимиздан ўринли ва унумли фойдаланиш ҳам муҳим ҳисобланади.

1996 йилда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Бутунжаҳон маданий ва табиий ёдгорликларни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилган. Шу асосда қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг "Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунлари, табиатни муҳофаза қилиш бўйича беш йиллик ҳаракат дастури қабул қилинган.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш фуқаролар бурчи эканлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам қатъий белгилаб қўйилган. Бир сўз билан айтганда, юртимизда атроф-муҳитни - мухофаза қилиш, экологик ҳолат барқарорлигини таъминлаш масалаларига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилади. Шундай бўлса-да, хали олдимизда қилиниши керак бўлган вазифалар ҳам жуда кўп. Энг муҳими, юртимиз равнақи ва келажак авлодларимизнинг чиройли ҳаёт кечиришлари учун атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишига ҳар биримиз муносиб ҳисса қўшайлик.

Мавлуда ЮСУПОВА,

Ўзбекистон экологик ҳаракати Андижон вилояти бўлими фаоли.

ШИФОКОР МАСЛАҲАТИ

"ҚИЗИЛЧА" ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Қизилча(рубелла) - бу кенг тарқалган ўткир вирусли инфекциядир. Ўтган асрнинг 40-йилларида бу касаллик ҳомиланинг ўлик туғилиши ва чақалоқларнинг мажруҳ бўлиб дунёга келишига сабаб бўлган.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили сайёрамиздаги 300 мингга яқин бола қизилча касаллиги туфайли майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда.

Ушбу касаллик билан асосан, 2-5 ёшгача бўлган болалар касалланади. Бироқ сўнгги йилларда бу касалликка чалинганлар орасида ўсмир ва катта ёшлиларнинг ҳам ортиб бораётганлиги кузатилмоқда.

Қизилча инфекция эпидемия-си одатда ҳар йили апрель-июнь ойларида авж олади. Бу касаллик хасталанган кишилардан ҳаво томчи йўли орқали бошқаларга ҳам юқиши мумкин. Шунингдек, унинг вируси ҳомиладор онадан ҳомилага плансента (киндик) орқали ҳам ўтиши мумкин.

Касалликнинг биринчи белгиларида, аввал, юз терисида, сўнг бутун танага тошма тошиши кузатилади. Гардандаги лимфа тугунлари бироз шишиб қолади. Ҳарорати ҳам кўтарилади. 30-50 фоиз ҳолларда қизилча ҳеч қандай белгиларсиз кечиши мумкин, бироқ бемор атрофидагилар учун инфекция манбаи бўлиб юраверади.

Қизилча болаларда енгил кечади, асоратлари камдан-кам ҳолларда учрайди. Лекин, ўсмирлар ва катталарда оғир ўтади. Уларда безгак, интоксикация ҳолатлари (қувватсизланиш, ҳолсизланиш), кўзнинг зарарланиши (кон юнктивит) каби ҳолатлар кўпроқ учрайди. Аёлларда эса кўпроқ майда ва йирик бўғимлар зарарланади.

Ҳомиладор аёл "қизилча" билан касалланса, инфекция ҳомилага ҳам ўтади. Касаллик ҳомиладорликнинг қайси даврида юқишига қараб, ҳомиланинг ривожланишида турли хил нуқсонлар вужудга келади. "Қизилча" туфайли, асосан, ҳомиланинг кўзи (катаракта, глаукома, шохпарданинг хиралашиши), қулоғи (карлик), юраги (туғма юрак хасталиги), бош суяги ва бош мияси (миянинг ўсмай қолиши, ақлий заифлик), суяклари, ички органлари (сариқ касаллиги, жигарнинг шишиши, миокардит) зарарланади.

Бугунги кунда болаларни ва айниқса, келгусида ҳомиладорлик пайтида қизилча касаллигига чалинмасликлари учун ўсмир қизларни ушбу хасталикка қарши эмлаш тавсия этилади. Аёлларга эса эмлатишни ҳомиладорликдан 2-3 ой аввал амалга оширишларини маслаҳат берамиз.

Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш яхши. Шунинг учун ҳар бир инсон вақти-вақти билан шифокор назоратидан ўтиб турса, ҳар қандай касалликнинг олди олинади.

Барно ШОКИРОВА,

Андижон шаҳар болалар

шифохонаси шифокори.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди