Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№52 дан: 26.12.2013

ҲИКОЯ

ИҚРОР

Ёшим қирқ бешга етган бўлса-да, ҳаётнинг аччиқ-чучугини эндигина тўла англаб етганимга иқрор бўлдим. Кўнглимдан кечаётган туйғулар гирдобида қолгандим. Тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди, лекин йиғлолмасдим. Шу топда ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Мени виждон азоби қийнарди.

Онажоним энди фарзандлари роҳатини кўрай деганда, эллик беш ёшида қазо қилдилар. Оилада кенжа қиз эдим. Ҳаммага гапимни ўтказа олардим. Онамнинг бехос ўлими мени осмону фалакдан тубсиз жарга қулатди. Қанотлари синган қушга ўхшардим. Яхшиямки, бахтимга жигарларим, турмуш ўртоғим, фарзандларим бор экан.

Қўшни маҳаллага келин бўлиб тушганимда эндигина ўн саккиз ёшда эдим. Онамдан ҳеч ажралмаганим учун ўзга хонадонга кўникишим жуда қийин бўлган. Биринчи фарзандим туғулгунга қадар зўрға бир ҳафтани ўтказиб олардим. Онамни кўргим келса, қанча ҳаракат қилмай "дув" этиб кўзимга ёш келарди. Қайнонам жуда яхши аёл эдилар.

"Боринг, қизим, ота-онангизни кўриб келинг, сизни бекорга яқинга узатишмаган, тез-тез кўришиб турамиз, дейишган-да", дея ҳар жума куни рухсат берардилар.

Онаизорим ҳам мени келиб қолади, деб у-бу илиниб ўтирарди. Онам билан ярим кунни яйраб ўтказиб, тугун-бўғин қилиб яна қайтардим. Уйимга келгач, оёғимдан ўт чақнаб хизматларни бажарардим. Бу ҳолат фақат етти кунгагина етарди.

Ўзим она бўлиб, бола боқиш азобини ҳам, лаззатини ҳам тотиб кўрдим. Яхшиям, бахтимга қайнонам бор экан: болани бешикка белашдан тортиб чўмилтиришга қадар ўргатдилар. Учинчи боламни туғишда қийналдим. Ўшанда онажоним менга икки ой қарадилар. Ўша кунлари: "Онажон, болалигимда қараганингиз етмай, яна сизга гўдак бўлдим. Олдингиздаги фарзандлик қарзимни қачон узаман, сиз бўлмаганингизда нима қилар эдим?" - деб йиғладим.

"Қизим, мен оналик бурчимни бажаряпман. Аллоҳ ёмон кунларингни кўрсатмасин, орқамда қолинглар", - дея дуо қилдилар раҳматли онажоним.

Бир кун бизникига ҳам бориб набиралари даврасида бирор кеча тунаб келишларини айтсам, "оз қолди, қизим, Нозанинингни куёвга бўлсак, ҳафталаб туриб қудам билан кўрпа-тўшагини қиламиз", - дегандилар. Қиз бўлиб онамга мен нима қилиб беролдим-а?!

* * *

Қиш кунлари эди. Отам ҳолидан хабар олгани келсам, аммаларим нималарнидир маслаҳатлашиб ўтиришган экан. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Орага узоқ сукунат чўкди. Кейин катта аммам:

- Жон болам, онанг қандай яхши аёл эди. Бирор марта қовоқ-тумшуқ қилганини кўрмабмиз. Ҳамиша бағрини очиб кутиб оларди, дастурхонга борини тўкиб-соларди. Овқати қандай пишганини билмай қолардик. Жаннати аёл эди. Отангнинг юзига бирор марта тик қараганини билмаймиз. Аллоҳ онангга жаннат боғларидан жой ато этган бўлса не ажаб. Энди қизим Худонинг иродасига тан бермай иложи йўқ. Отангни кўриб туриб, эзилиб кетяпмиз. Онангнинг қазосига ҳам уч йил бўляпти. Отангни йўлга солиб уйлаб қўйсак, бизнинг ҳам кўнглимиз тинчирди. Опанг, акаларинг рози бўлишди. Сенинг ҳам олдингдан ўтайлик, деб ўтирибмиз, - деса бўладими?!

Бошимдан қайноқ сув қуйилгандек бўлиб кетди. Отамнинг бошқа аёлга уйланишини хаёлимга ҳам келтирмабман. Додлаб юбордим. Дилимда ва тилимда битта сўз айланарди, "Онамнинг ўрнини бошқа аёл эгалласа, бу ҳовлига қандоқ келаман?".

... Олтмиш тўрт ёшида отам қирқ уч ёшли аёлга уйландилар. Ўша куни онажонимни қайта йўқотгандек бўлдим. Ёниб кетдим, дунё кўзимга бешавқат бўлиб кўринди. Болалигимнинг шоҳиди бўлган ҳовли энди менга бегонадек туюлди.

Бир куни хонадонимизга отам кириб келдилар. Худди гуноҳкордек кўзимга тик қаролмасдилар. Кўнглини олишга ҳаракат қиляпману, аммо бу юрагимдан чиқмасди.

"Қизим, болаларингни жўнатгин, бориб туринглар", - дедилар. - Анжирлар пишган, қушлардан қўрияпмиз. Онанг раҳматли олдини сенинг болаларингга илинарди.

Бормасликнинг иложи йўқ, тўрт-беш кун ўтказиб, фарзанд-ларимни етаклаб отамникига бордим. Ҳовли саранжом-саришта. Иш билан куймаланиб юрган ўрта бўйли, истараликкина аёл бизни кўриб шошиб қолди. У биз томонга ошиқди. Бир зум жойимда қимирламай туриб қолдим, оёқларим ўзимга итоат қилмасди. Мендаги ҳолат Робия опада ҳам кечганига шубҳа йўқ, албатта. У мен билан йиғлаб ҳол-аҳвол сўрашди, қимтиниб турган болаларимни ҳам бағрига босиб кўришди. Бир зумда дастурхон тузашга тушиб кетди. Бир-бир юриб онамнинг чок тикиб ўтирадиган уйларига кириб чиқдим. Тўрида отам билан тушган сурати осиғлиқ турибди. Девордаги илгакда доим яхши кўриб киядиган ҳаворанг крепдешин кўйлаги, оппоқ ёпинчиғи бежирим илинган. Онамнинг уст-бошларини бағримга босиб, тўйиб-тўйиб ҳидладим. Шу зайлда орадан ўн йил ўтиб кетибди. Меҳр кўзда экан. Робия опа покизалиги, саранжом-саришталиги, хушмуомалалиги билан онамни эслатарди. Қизимни чиқаришда худди онам ваъда қилганларидек игна чокларини қайнонам билан бирга қилишди. Шунда ҳам сир бой бергим келмасди. Ич-ичимдан англардимки, кўп заҳмат чеккан бу аёл ҳаммасини меҳнати билан енгарди.

Қиш-қировли кунлари дадам йиқилиб, оёғи синиб қолди. Бутун қиш отамга унинг ўзи қаради. Акаларим: "навбатлашиб, ҳеч бўлмаса, кечалари келиб қарайлик", - дейишса ҳам кўнмадилар. "Отангизга шундай кунда асқотмасам, қандай одам бўлдим?" - дедилар. Шу зайлда отамизни оқ ювиб, оқ тараб оёққа турғаздилар.

Бир куни ҳаммамиз жам бўлиб "Оталар сўзи - ақлнинг кўзи" кўрсатувини томоша қилиб ўтирардик. Унда бир бефарзанд аёлнинг аянчли тақдири ҳикоя қилинаётганди. Робия опани уйимизга келгандан буён бундай ҳолатда кўрмагандим. Кўз ёшларини яширишга ожизлик қилиб, секингина ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Юракларим алланечук бўлди. Бироздан сўнг орқасидан чиқдим. Ҳовлимиз тўридаги ёнғоқ тагида юм-юм йиғлаб ўтирарди. Уни юпатишга сўз тополмасдим. Секингина олдига бориб, елкасидан қучдим. "Садоқатхон қизим, пешонам қурсин, мен ўзи бу дунёда нима деб, кимни деб яшаяпман? Тобутим устида она деб йиғлайдиганим бўлмаса?" Юрагим тўлиб, кейинги сўзларини эшитолмадим. Аёлнинг қўлларидан тутдим. Меҳнатдан қадоқ бўлган қўллари титрарди. Беихтиёр қандайдир ички кучми, онамнинг руҳими, менга мадад бўлди:

"Йиғламанг, онажон, ахир биз сизга фарзанд бўлмай киммиз?" - дедим.

Аёл шашқатор ёш тўла нигоҳларини менга қадаб, бағрини очди. Унинг кўксига бош қўйиб, онамнинг тафтини туйгандек бўлдим. Меҳр тошни эритади, деб шунга айтсалар керак-да.

Ўктамхон СОЛИЕВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди