Янгиликлар
    Сиёсат ва хаёт
    Аёл ва жамият
    Кадриятларимиз
    Хар тугрида
    Бекалик сирлари
    Адабиёт
    Хидоят нури

 ҚИДИРИШ

 ОВОЗ БЕРИШ
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
 Ха
 Йук
 Менга фарки йук
Овоз бериш натижалари

 РЕКЛАМА


 ҲАМКОРЛАРИМИЗ


Ўзб ¤ Рус ¤ Eng  
№1 дан: 02.01.2014

БИЗНИНГ СУҲБАТ

Бахринисо ҲАМРОҚУЛОВА:

ОНАМНИНГ ОРЗУЛАРИМНИ ҚАДРЛАШИ МЕНИ САНЪАТКОР ҚИЛДИ

Андижонимизни санъаткорлар юрти десак, асло муболаға бўлмайди. Чунки Андижон заминидан не-не улуғ ва буюк санъаткорлар етишиб чиққан. Бугун ана шу улуғ санъаткорлар йўлини тутиб, ижод қилаётган қатор санъаткору қўшиқчиларимиз борки, улар ўз ижоди билан халқимиз қалбидан чуқур жой олмоқда.

Ана шундай ёш, истеъдодли, ўз услуб ва овозига эга қўшиқчиларимиздан бири Бахринисо Ҳамроқуловадир. У ижод борасидаги тинимсиз меҳнати, серқирра ижоди ва интилиши туфайли ҳам юртдошларимиз қалбидан чуқур ўрин олган.

Қуйида истеъдодли қўшиқчимизнинг ижод йўли, ўй-фикрлари, янги йилдаги режалари ҳақида у билан бўлган суҳбатни сизнинг эътиборингизга тақдим этамиз.

* * *

- Бугун халққа танилган, санъатда ўз ўрнини топа олган ижодкорсиз. Санъатга илк қадам ташлашингиз қандай кечган? Устозларингиз кимлар?

- Болалигимда машҳур қўшиқчиларнинг, айниқса, ҳушовоз хонанда Юлдуз Усмонованинг қўшиқларини севиб тинглардим. Уларга ҳавас қилиб қўшиқларини хиргойи қилиб юрардим. Қўшиқчиликка бўлган қизиқишим, ёшим улғайган сари муҳим ҳаётий мақсадимга айланди. Бу йўлдан юриш учун эса, аввало, илм олиш зарурлигини яхши англардим. Шунинг учун мусиқа билим юртига ўқишга кирдим, устозларимдан пухта билим олишга ҳаракат қилдим. Билим юртининг мақом йўналишини аъло баҳоларга тамомлаб, мақсадларимга эришиш учун астойдил интилдим.

Менда санъатга, қўшиқчиликка илк қизиқиш уйғотган инсон онам бўладилар. Бу йўлда илк қадамларимни ҳам онам ёрдамида қўйганман. Онамнинг санъатга бўлган ҳурмати ва менинг орзуларимни қадрлаши санъаткор бўлишимга сабаб бўлган, десам янглишмайман. Шу билан бирга, бу йўлда менга илм берган, мусиқа сирларидан воқиф этган устозларим жуда кўп. Уларнинг барчасидан, айниқса, устозим Бобуржон Йўлдошевдан чексиз миннатдорман.

- Сиз учун энг юксак унвон нима? Санъат йўлидан юриб, топганларингиз нима бўлди ва нималарни йўқотдингиз?

- Санъаткор учун энг юксак унвон уни халқ севиб тинглашидир. Минг шукрки, бугун мени тинглайдиган мухлисларим бор. Турли тантаналар, юртдошларимизнинг яхши кунларида уларга хизмат қилаётганлигимдан беҳад мамнунман. Бу ижод йўлида мен эришган юксак унвон, катта ютуқдир. Чунки эл эътирофига сазовор бўлиш барча санъаткорларга ҳам насиб этавермайди. Қолаверса, санъатим орқали элга танилдим, одамлар ҳурматига сазовор бўлдим.

Санъат йўлини танлаганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Чунки бу йўлда ачинадиган даражада ҳеч нарса йўқотмадим, ютқизмадим. Балки бу яқинларимнинг кўмаги, тинимсиз меҳнатларим самарасидир.

- Ҳар қайси касб эгаси ўз фаолиятини янада юксалтириш учун изланади, ўқиб, ўрганади. Сиз ҳам бўш вақтларингизда китоб ўқийсизми? Умуман, китоб ўқиш зарур деб ҳисоблайсизми?

- Ҳа, албатта. Ҳар бир соҳа вакили ўз фаолиятини юксалтириш учун изланиши керак. Ҳаётда ўрганишдан тўхтаган инсон, ўша жойда қотиб қолади. Айниқса, санъаткорлар замон билан ҳамнафас яшаши даркор. Бунинг учун эса ўқиб, ўрганишдан тўхтамаслик керак. Ўқувчилик, талабалик пайтларимда кўп китоб ўқиганман, ҳозир эса китоб мутолаа қилишга у қадар вақт ажратолмайман. Лекин имкон борича янги китоблар билан танишишга, газета ва журналларни ўқиб боришга ҳаракат қиламан. Шу ўринда айтишим керакки, интернет тобора ҳаётимизга чуқурроқ кириб келмоқда. Тўғри, ундан жуда кўп маълумотлар олиш мумкин. Аммо у китобдан олинадиган таассуротни, маънавий руҳни бера олмайди. Китобда киши маънавиятини юксалтира оладиган ўзгача сеҳр бор. Шу боис ҳам китобнинг ўрнини ҳеч бир восита боса олмаса керак.

Китоб ўқиган инсоннинг қалбига меҳр, яхшилик, эзгулик туйғулари муҳрланади. Шунинг учун ҳам ундан ҳеч қачон воз кечмаслигимиз лозим.

- Нафақат қўшиқларингизда, балки клипларингиз ва кийинишда ҳам миллийлик акс этиб туради. Бу мухлисларнинг сизга бўлган ҳурматини оширади. Миллийликка алоҳида эътибор қаратишингиз боиси борми?

- Ҳар бир ишимизда миллийлик кўриниб туриши керак, деб ҳисоблайман. Чунки ана шу жиҳат ўзлигимизни унутишга йўл қўймайди. Қолаверса, умрбоқий миллий қўшиқларимиз менга руҳ бағишлайди, улар дилимга шу қадар яқинки, буни сўз билан таърифлай олмайман. Шу боис, ижодимда миллийликка алоҳида эътибор бераман.

Миллий либос эса, шубҳасиз, ҳар бир аёлни янада гўзал ва жозибали кўрсатади. Атласу адраслардан замонавий кўринишдаги миллий либос кийиб юрадиган опа-сингилларимизга ҳар қандай инсон ҳавас ва ўзгача ҳурмат билан қараши аниқ. Уларга масхараомуз қарайдиган айрим кишилар, айниқса, ёшларда миллий руҳ, миллий қадриятларимизга ҳурмат етишмайди. Касбидан қатъи назар ҳар бир киши, айниқса, санъаткорлар ўзларининг шахсий намуналари билан уларда ана шу фазилатни тарбиялашга ҳаракат қилиши керак. Шунинг учун ҳам кўпроқ миллий либосларда саҳнага чиқишга ҳаракат қиламан.

- Юртимизга кириб келаётган янги йил "Соғлом бола йили" деб номланди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Дарҳақиқат, муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси билан янги йил "Соғлом бола" йили деб номланди. Бу юртимизда келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга, уларнинг соғлом ва баркамол униб-ўсишларига кўрсатилаётган эътиборнинг ёрқин намунасидир. Якунланган "Обод турмуш" йилида бўлгани каби бу йилда ҳам юртимизда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилишига асло шубҳа йўқ.

Фарзандларнинг соғлом бўлиши, энг аввало, оналарга боғлиқ. Шу боис, қайси касбда бўлмасин, аёллар миллат давомчилари, ҳаётимиз кўрки ва мазмуни бўлган фарзандлар соғлиги ва тарбиясига масъул эканини унутмасин. Аёлнинг биринчи вазифаси ана шу бўлиши керак. Шахсан мен ҳам турмуш ўртоғим билан фарзандимиз Фирдавснинг соғлигига, тарбиясига алоҳида эътибор қаратамиз. Ишонаманки, "Соғлом бола" йилида дилбандларимиз камоли учун жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилади.

- Янги йилдаги режаларингиз, мухлисларга, юртдошларимизга янги йил тилакларингиз...

- Янги йилда ўз олдимга катта режалар қўйганман. Халқимизга манзур бўладиган янги-янги қўшиқлар куйлаб, ижодда янги марраларни забт этишга ҳаракат қиламан.

Умуман, кириб келган йил барчамиз учун хайрли йил бўлиб қолсин, барчага янги омадлар, улкан бахтлар олиб келсин. Хонадонлардан файзу барака аримасин. Фарзандлар камолини, бахтини кўриш барчага насиб этсин. Аёлларимизни эса ҳеч қачон севимли бўлиш бахти тарк этмасин. Юртимиз тинч, фаровон ва осуда бўлиб, байраму тўйлар кўпаяверсин.

Суҳбатдош

Моҳимбону СОБИРОВА.


« орқага


 МАЪЛУМОТЛАР
Нашр ҳақида
Мулоқот
Обуна
Архив
Фонд лойиҳаси

 РЕКЛАМА


 ОБ-ҲАВО


 ВАЛЮТА КУРСИ
Подробнее на www.nbu.com -->

 РЕЙТИНГ

Hosting by UZINFOCOM




Copyright © 2006 — 2024 IQBOL
Сайт Ўзбекистон мустақил босма ОАВни ва
ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш
ва ривожлантириш жамоат фонди кўмагида яратилди.
Дизайн ва дастурлаш SAIPRO компанияси томонидан амалга оширилди