14 ЯНВАРЬ - ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ
ҲАРБИЙЛАР СУЛОЛАСИ ВАКИЛАСИ
Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизонда радиотелефонист вазифасида хизмат қилаётган оддий аскар Кристина Колодяжная асли Марҳамат туманида туғилиб ўсган.
Кристина ҳарбийлар сулоласининг вакиласидир. Бобоси Александр Девяткин узоқ йиллар туман ҳарбий комиссариятида самарали меҳнат қилган. Отаси Владимир Александрович ҳам бутун фаолиятини ҳарбий ишга сарфлаган. Ҳарбийлар оиласида ўсган Кристина болалигиданоқ қиз бола бўлса-да, ҳарбий бўлишни орзу қилган.
К. Колодяжная Марҳамат туманидаги 1-умумтаълим мактабида таҳсил олди, сўнг Марҳамат агросаноат касб-ҳунар коллежининг ҳуқуқшунослик бўлимида ўқиди. Шу билан бирга, "Ватанпарвар" ташкилоти туман бўлими қошидаги алоқачилар тайёрлаш курсида ҳам сабоқ олди. Олган билимлари, айниқса, ҳарбий мутахассислик бўйича олган сабоқлари унинг болаликдаги орзулари ижобат бўлишига йўл очиб берди.
Коллежни тамомлагач, Кристина туман мудофаа ишлари бўлимида йўриқчи бўлиб иш бошлади. Иш фаолияти жараёнида ҳарбий соҳадаги билим, малака ва тажрибаларини янада бойитди.
2012 йилдан эса ҳарбий горнизонга ишга ўтди. Ўшандан буён у ўзининг тиришқоқлиги, интилувчанлиги, касбига бўлган фидойилиги билан хизмат вазифасини намунали адо этиб келмоқда.
Ўша 2012 йил унинг ҳаётида унутилмас йиллардан бири бўлди. Чунки у ўз бахтини ҳарбийлар орасидан топди. Ҳарбий йигитга турмушга чиқди.
Ҳарбий либоси ўзига ярашган Гўзал Кристинанинг соф ўзбек тилида эркин гапириши ҳар қандай кишида унга нисбатан ҳурматни янада оширди.
- Мен жуда бахтлиман, - дейди Кристина. - Болаликда орзу қилган, ота-онам истагандай ҳарбий бўлдим. Мени тушунадиган, ҳарбийлар ҳаётини яхши биладиган инсон билан яшаяпман. Турмуш ўртоғим ҳам намунали хизмат қилаётган зобитлардан биридир. Унинг кўмаги, маслаҳатлари менга ҳамиша куч бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, мен барча ҳарбийларни, юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни билан табриклайман. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Фахриддин
ИБАЙДУЛЛАЕВ.
Суратда:
Кристина Колодяжная.
|