ВАТАН ҲИМОЯЧИСИ БЎЛИШ ОЛИЙ БАХТ
- Ҳаётда энг катта бахт нима эканлигини биласизми? Фикримча, инсонларга керак, жудаям кераклигингни ҳис қилиш, Она Ватан ҳимоячиси бўлиш бахти, дейди майор, Андижон шаҳридаги ҳарбий горнизон топография хизмати бошлиғи Шокиржон Куйиков.
- Мен шу бахтни ҳар куни ҳар қадамда ҳис қилиб, кўнглимда ғурур туяман. Бухоро кўчаларида ўтган болалик, ёшлик, мустақил ҳаёт, олов касб ҳақидаги орзуларимни рўёбга айлантирди. Болаликдаги болаларча ҳарбий бўлиб ўйнаганларим, аскарларга тақлид қилиб хаёл ортида чопганларим бугун ҳақиқатга айланди. Ҳар тонг ватаним, юртдошларим ҳимоясига бўлган соғинч билан уйғонаман. Бу соғинчга она ватан меҳри, касбга содиқлик, элимнинг тинчлигига бўлган масъулият қўшилиб, улкан ишончни яратади. Бу, аввало, ўзимга, халқимга бўлган юксак ишончдир.
Шокиржон Куйиков Ўзбекистон миллий университетини тамомлаган. Мана яқин ўн йилдан буён ҳарбий хизматда. Дастлаб Тошкентда яшади. Уч йилдирки, хизматни Андижонда давом эттиряпти. Оиласи ҳамиша ёнида. Турмуш ўртоғи Гулзодахон Андижон политехника касб-ҳунар коллежида ўқитувчи. Икки нафар қизлари Дурдона ва Маржонанинг бири мактаб ўқувчиси бўлса, яна бири мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси.
- Ҳарбийларга ва уларнинг оилаларига яратилган шарт- шароитлардан ниҳоятда мамнунмиз, -дейди Гулзодахон. - Айниқса, Андижоннинг гўзаллиги, янгича қиёфаси кўрган кўзни қувнатади. Бу юртда яшашнинг ўзи бахт. Чунки бу ўлкада самимият бор, кўнгил яқинлик бор. Одамлари меҳмондўст, бир-бирига ака-ука, опа-сингилдай қадрдон. Бу эътирофлар шунчаки мақтов эмас, аксинча, оиламизнинг иқрори.
- Бугун биз ҳарбийларга кўрсатилаётган эътибордан осмон қадар фахр туямиз. Юртбошимиз биз ҳарбийлардан қанчалик ғурурланиб сўзласа, бу эътирофлари бизга янада катта масъулият, бурчга садоқат, мустаҳкам куч беради, - дейди Шокиржон ҳам фахр ва ифтихор билан.
Шокиржон ва Гулзодахоннинг оиласига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди горнизоннинг харбий хизматчилар оила аъзолари билан ишлаш бўлинмаси бошлиғи Замирахон Раҳимбердиева. - Оиладаги тинчлик-хотиржамлик туфайли ҳам ҳар иккалалари ўз соҳаларида самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Жамиятимизда кўпларга ибрат бўладиган ана шундай оилалар, айниқса, ҳарбийларнинг оилалари кўпаяверсин. Ўз навбатида биз ҳам 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни билан барча ҳарбийларни муборакбод этамиз.
ЗУМРАДХОН.
Суратда Ш.Куйиков оила аъзолари билан.
|